ВАТАНПАРВАР – ЮРТ ҲИМОЯЧИСИ
Миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежида туман ҳокимлиги ва Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши ташаббуси билан “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида ёш ватанпарварлар тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда ёш ватанпарварлар билан ҳарбийлар учрашдилар. Учрашув давомида ҳарбий дирижёр, лейтенант Дилмурод Сафарбоев бошчилигида Марказий ҳарбий округи Самарқанд горнизони “Маънавият ва маърифат маркази” ҳарбий оркестри ижросида жанговор куйлар янгради.
Мусиқа садолари остида 13060-ҳарбий қисм разведка батальони аскарлари сержант Илҳом Эшниёзов бошчилигида қўл жанги бўйича кўргазмали машқларни намойиш этдилар.
Тадбирда иштирок этган Марказий ҳарбий округ жамоатчилик кенгаши раиси, заҳирадаги подполковник Ўлмас Шодиев, ҳарбий қисмнинг Ёшлар иттифоқи бўлими бошлиғи капитан Ҳусан Ғозиевлар ёш ватанпарварларни мустақиллигимизнинг 28 йиллиги байрами билан қизғин табрикладилар.
Маърузачилар ёш ватанпарварлар олдида турган долзарб вазифалар ҳақида батафсил тушунча беришиб, ёшларни қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб бердилар.
Тадбир давомида сержант Ўткир Рўзиев ёш ватанпарварларга ўқ отиш қуроли бўлган автоматни очиш ва йиғиш усулларини кўрсатди ва ўргатди.
Раббим ҲОТАМОВ.