Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги Фармони хўжалик субъектлари ва аҳоли даромадларига нисбатан солиқ юкини пасайтириш, солиққа тортиш тизимини соддалаштириш, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш орқали мамлакатимиз иқтисодиётини янада модернизациялаш ва янгилаш учун қулай шарт-шароитлар яратишга йўналтирилган.
Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясида солиққа тортиш тизимини тубдан ислоҳ этиш, шу жумладан, солиқлар ва мажбурий тўловларни қисқартириш, самарасиз солиқ имтиёзларини бекор қилиш кўзда тутилган. Қулай рақобатли муҳит яратиш, солиқ қонунчилиги барқарорлиги ва соддалаштирилишини таъминлаш, солиқ юкламасини камайтириш, республикамизнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш ҳамда солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш концепциянинг асосий мақсадлари ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси доирасида 2019 йил 1 январдан, меҳнатга ҳақ тўлаш фондига солиқ юкламаси, барча жисмоний шахслар даромадларига 12 фоизлик ягона солиқ ставкаси жорий этилиши орқали пасайтирилади, шундан 0,1 фоизи шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобларига йўналтирилади, шунингдек, фуқароларнинг ижтимоий бадаллари бекор қилинади.
Юридик шахслар айланмалари (нақд пул тушуми)дан ундириладиган давлат мақсадли фондларига мажбурий ажратмалар бекор қилинади. Юридик шахслар фойдасига солиқ ставкаси 14 фоиздан 12 фоизгача, тижорат банклари учун эса 22 фоиздан 20 фоизгача пасайтирилади. Қўшимча қийматга солиқ ставкасининг 20 фоизлик ҳозирги миқдори сақлаб қолинади. Бунда солиқ ҳисоби тўлақонли тизими жорий этилади, солиққа тортиш базаси аниқлаштирилади, имтиёзлар сони камайтирилади ва 2019 йил якунлари бўйича ушбу солиқ ставкаси пасайтирилади.
Айтиш ўринлики, Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
иқтисодиётга солиқ юкининг даражасини камайтириш, шунингдек, солиқ солишнинг соддалаштирилган ва умумбелгиланган тизими бўйича солиқларни тўлайдиган хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги солиқ юки даражасидаги номутаносибликларни бартараф этиш;
солиқларни унификация қилиш орқали уларнинг сонини оптималлаштириш, шунингдек, ўхшаш солиқ солиш базасига эга бўлган солиқларни бирлаштириш, солиқ ҳисоботларини қисқартириш ва соддалаштириш, операцион харажатларни минималлаштириш;
макроиқтисодий вазиятнинг барқарорлигини, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва унинг даромадларини шакллантиришнинг мустаҳкамлигини таъминлаш;
солиқ қонунчилигини соддалаштириш, солиқ муносабатлари соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги қарама-қаршиликлар ва зиддиятларни бартараф этиш, инсофли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтириш;
солиқ солиш масалаларини тартибга соладиган ҳаволаки нормалар ва қонун ости ҳужжатларини максимал даражада чеклаган ҳолда, солиқ қонунчилигининг барқарорлигини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси нормаларининг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлаш,
шу жумладан кодексда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ставкаларининг миқдорларини белгилаш;
хорижий инвесторлар ва инвестициялар учун қулай режимни сақлаб қолиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ишончли ҳуқуқий ҳимоялаш;
солиқ назоратининг шакл ва механизмларини, шу жумладан солиқ солиш объектлари ҳамда солиқ тўловчиларни янада тўлиқ қамраб олиш ва ҳисобини таъминлайдиган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ҳисобига такомиллаштириш, трансфер нархларни шакллантириш билан боғлиқ операцияларга солиқ солиш тартибини жорий этиш.
фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадалларини бекор қилиш;
пенсия тизимининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ миқдорда бўлган юридик шахслар, устав жамғармаси (капитали)нинг 50 фоизи ва ундан кўпроқ миқдори давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ бўлган юридик шахсга тегишли юридик шахслар ҳамда уларнинг таркибий тузилмалари учун ягона ижтимоий тўловни 25 фоиз миқдорида белгилаш, шунингдек, бошқа юридик шахслар учун ушбу тўлов ставкасини 15 фоиздан 12 фоизгача пасайтиришдан иборат.
Бундан ташқари, Фармон билан оборот (тушум)дан солиқларни оптималлаштирган ҳолда умумбелгиланган ва соддалаштирилган солиқлар тўловчиларни солиққа тортиш, шунингдек, солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибига ўтиш мезонлари орқали такомиллаштирилади.
Жумладан, давлат мақсадли жамғармаларига юридик шахсларнинг обороти (тушуми)дан ундириладиган мажбурий ажратмаларни бекор қилиш;
мобиль алоқа хизмати кўрсатаётган юридик шахслар (уяли алоқа компаниялари) учун рентабеллик даражасидан келиб чиқиб улар учун қўшимча фойда солиғи ҳисоблаш тартибини бекор қилган ҳолда 14 фоиздан 20 фоизгача ошириш;
дивидендлар ва фоизлар кўринишидаги даромадлар бўйича тўлов манбаидан ушлаб қолинадиган фойда солиғи ставкасини 10 фоиздан 5 фоизгача пасайтириш;
ўтган йил якунлари бўйича йиллик обороти (тушуми) 1 миллиард сўмдан ошган ёки йил давомида белгиланган чегаравий миқдорга етган корхоналарни умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказиш. Бунда, йиллик оборот (тушум)нинг бир миллиард сўм этиб белгиланган чегаравий миқдори уч йилда камида бир марта қайта кўриб чиқилади;
барча тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан обороти (тушуми) бир миллиард сўмгача бўлган юридик шахслар учун юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни жорий этиш;
қўшимча фойда солиғини ҳисоблаш ва тўлаш тартибини, шу жумладан роялти тўлашни жорий этиш орқали такомиллаштириш;
юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкасини, бино ва иншоотлардан, шу жумладан илгари хусусийлаштирилган объектлардан самарасиз фойдаланаётган юридик шахслар учун оширилган ставкада солиқ ҳисоблаш тартибини сақлаб қолган ҳолда, 5 фоиздан 2 фоизга пасайтириш;
йиллик обороти (тушуми) бир миллиард сўмгача бўлган солиқ тўловчилар учун оборотдан (тушумдан) солиқни 4 фоиз миқдордаги базавий ставкадан келиб чиқиб ҳисоблаш ва тўлаш тартибини ҳамда қўшилган қиймат солиғини ихтиёрий равишда тўлаш имкониятини белгилаш;
ягона ер солиғи тўловчилар учун солиқ солиш тартибини сақлаб қолиш;
қўшилган қиймат солиғини тўлиқ ҳисобга олиш тизимини жорий этиш, солиқ солиш базасини аниқлаштириш ва имтиёзлар сонини камайтириш, шунингдек, 2019 йил якуни бўйича мазкур солиқ ставкаси миқдорини пасайтириш орқали қўшилган қиймат солиғининг 20 фоиз миқдордаги амалдаги ставкасини сақлаб қолиш;
ҳозирги вақтда сотиб олинадиган асосий воситалар, қурилиши тугалланмаган объектлар ва номоддий активлар нархига киритиладиган қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олиш суммаларига киритиш ҳуқуқини бериш;
тегишли тадбирларни молиялаштириш учун маблағларни республика бюджетига ўтказган ҳолда, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар учун ҳар бир ишлаб чиқариладиган маҳсулот бирлигига ўрнатилган акциз ва йиғимларни бирлаштириш орқали амалга оширилади.
Фармон билан 2018 йилнинг 1 декабрига қадар Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва бошқа ташкилотлар экспертларини жалб қилган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг асосий йўналишларидан келиб чиқиб, унинг кенг жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш орқали Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланди. Янги Солиқ кодекси тўғридан-тўғри амал қилувчи муҳим ҳужжат ҳисобланиши ва солиқ юклама ва ставкалари аниқ белгиланиши, Кодекс энг оддий ишчи учун ҳам содда ва равон бўлиши кутилмоқда.
Даврон РАВШАНОВ,
вилоят давлат солиқ
бошқармаси бўлим бошлиғи.