Мухбиримиз Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман Кенгаши раиси Акрам ҲАМРОЕВ билан Кенгашга берилаётган қўшимча ҳуқуқ ва имтиёзлар ҳусусида суҳбатлашди.
МУХБИР: - Аввало, сиз бошчилик қилаётган Кенгашга аъзолик қандай тартибда амалга оширилиши тўғрисида тушунча бериб ўтсангиз.
А. ҲАМРОЕВ: - Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 апрелдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорида таъкидланганидек, 2018 йил 1 июлдан бошлаб барча фермер ва деҳқон хўжаликларининг Кенгашга аъзолиги мажбурий, томорқа ер эгалари учун эса ихтиёрий қилиб белгиланди. Фермер ва деҳқон хўжаликларининг Кенгашга аъзолиги туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раёсати қарорига мувофиқ тугатилиши ер участкасига эгалик қилиши, ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи ёхуд уни ижарага олиш ҳуқуқи бекор бўлиши учун асос бўлади. Бундан ташқари, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари қишлоқ хўжалигида шартнома мажбуриятларининг бажарилиши юзасидан мониторинг ҳамда жамоат назоратини амалга ошириб боришади.
Қарорга кўра пахта хом ашёси ҳамда донли экинлар етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликлари учун пахта хом ашёси ҳамда доннинг харид нархидан 0,8 фоиз миқдорида, бошқа фермер хўжаликлари учун улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотишдан тушган пул маблағларининг 0,5 фоизи миқдорида ва деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгалари учун Кенгашга аъзолик тўғрисидаги шартномада кўрсатилганидек аъзолик бадаллари амалга оширилиши белгиланган.
М: - Ушбу Қарордан сўнг Кенгашга қандай қўшимча ҳуқуқ ва имтиёзлар берилди?
А. Ҳ: - Кенгаш аъзолари – фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига тегишли ер участкаларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш зарурлиги тўғрисида кўрсатмалар бериш, уйма-уй юриш орқали кўчат ва дарахтлар экиш, ерни тайёрлаш, уруғ қадаш, иссиқхоналар қуриш, чорва ва паррандаларни кўпайтириш ҳолатини назорат қилиб бориш, туман ҳокимларига фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг тегишли ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини ер қонунчилигига мувофиқ тугатиш зарурлиги тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган таклифлар киритиш ҳуқуқи берилган. Шунингдек, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига шартнома асосида зарур моддий ресурслар, шу жумладан, уруғлар, кўчатлар, таралар, техника ва бошқа воситалар етказиб бериш, ерларни рекультивация қилиш ва қишлоқ хўжалиги экинларини экиш, суғориш тизимини яратиш ва яхшилаш, сув насослари ўрнатиш, артезиан қудуқларини қазиш ва томчилатиб суғоришни ташкил этиш ҳамда қишлоқ хўжалик экинларини ички ва ташқи бозорда сотиш, тайёрлаш, сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилишда амалий ёрдам кўрсатишда жорий йил бошида ташкил қилинган “Томорқа хизмати” МЧЖлар хизмат кўрсатишмоқда.
М: - Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши ҳузурида Жамғарма ташкил этилганлиги, унинг маблағлари қайси манбалар ҳисобига шакллантирилиши ва унинг қўшимча йўналишларидан қачон фойдаланиш мумкинлиги тўғрисида ҳам маълумот бериб ўтсангиз.
А.Ҳ: - Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасидан ва Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан тегишлича 350 миллиард сўм ҳамда 150 миллиард сўм миқдорида ажратиладиган бир марталик беғараз молиявий ёрдам; аукцион савдоларида фуқароларга ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини сотишдан тушадиган тушумнинг 10 фоизи; Жамғармага юклатилган вазифаларни бажариш учун жалб қилинадиган халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва бошқа донорларнинг кредитлари (қарзлари) ва грантлари; Жамғарманинг даромадлари, шу жумладан, маблағларни депозит ҳисоб рақамларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар; қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига шакллантирилади.
Жамғарма маблағлари фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига 3 йил муддатга, 1 йилгача имтиёзли давр билан, 2 фоизлик банк маржасини ҳисобга олган ҳолда, йиллик 7 фоиз ставкада кредитлар бериш учун “Микрокредитбанк” АТБ, “Агробанк” АТБ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ банкига ресурслар жойлаштириш; тижорат банклари орқали Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкасида 2 фоиз банк маржасини ҳисобга олган ҳолда, “Томорқа хизмати” МЧЖ, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги бошқа ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, тайёрлаш, таъминлаш, савдо ташкилотлари ҳамда лизинг компанияларига моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалиги техникалари ва транспортларини сотиб олиш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг иссиқхоналарини қуриш учун материаллар ва бутловчи қисмлар харид қилиш, кредитлар бериш; Жамғармани сақлаб туриш ва фаолиятини моддий-техник жиҳатидан таъминлаш; айланма маблағларга муҳтож бўлган “Томорқа хизмати” МЧЖларининг устав фондини 25 фоиздан кам бўлмаган миқдорда шакллантириш; фермер, деҳқон хўжаликларига ва томорқа ерларини ривожлантиришга инвестицияларни жалб қилиш ҳамда инновацион лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа йўналишлар учун фойдаланилади.
М: Деҳқон хўжаликлари ва шахсий томорқасида ишловчи жисмоний шахсларга қандай тартибда меҳнат стажи белгиланади?
А. Ҳ: - Эндиликда, қарорда белгиланганидек, жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб деҳқон хўжалиги ва 4 сотихдан кам бўлмаган томорқа ерида банд бўлган ёки ушбу участкада қорамол ёхуд 50 бошдан кам бўлмаган парранда парваришлаётган жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига йилига энг кам иш ҳақининг бир баробари миқдорида суғурта бадали тўланган тақдирда, суғурта бадали тўланган йил меҳнат стажига киритилади. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов 5 фоиз миқдорида тўланади.
Кенгаш ходимлари ҳозирданоқ туманимиз ҳудудидаги фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари билан семинар-учрашувлар ўтказишиб, ердан унумли ва самарали фойдаланиш, мўл ҳосил олишга эришиш орқали даромад орттириш, шунинг баробарида вақтинчалик иш билан банд бўлмаган фуқароларга ўз шахсий томорқаларида меҳнат қилганликлари учун қонун доирасида иш стажига эга бўлишлиги ҳамда ҳаётга тадбиқ этилаётган қонундаги янги ўзгаришлар ҳақида ҳам тушунтириш ва тарғиботлар ўтказиб келишмоқда.
Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!
Суҳбатдош Тўлқин ШЕРБОЕВ.