Эрта тонгдан ҳар ким ўз юмушларига шошади. Ҳар қадамда йўлга отланиб, такси пойлаб, автобус келишини кутиб турган кишиларни кўрасиз. Баъзилар қулайлиги учунми автобусда кетишни танлашади. Албатта, автобус у ўйлаганидек “қулай” бўлса...
Маҳалланинг марказидаги йўлдан ўтувчи автобусга чиқдим. Чамаси, мактаб ёшидаги чиптачи йигит “Орқа эшикдан чиқинг” деди. Кейин билсам аёллар олд эшикдан, эркаклар орқа эшикдан минаётган экан. Йўл-йўлакай автобуснинг юришидан тўхташи кўп бўларкан шекилли, ким қўл кўтарса, бир-бир олиб кетаверди. Йўлимиз давом этаркан йўловчилар сиғими 40-50 нафарга етиб қўйди-ёв. Чиптачи ва ҳайдовчи “Ўртага юринглар, жой бор-ку”, дея йўловчиларнинг қаршилигига унчалик ҳам парво қилмасди. Шу пайт ўриндиқда ўтирган онахонлардан бири “Нафасим қисаяпти, бошим айланаяпти”, деб қолди. Тик оёқда қисилиб кетаётганлардан бири эса электр тармоқлари бўлимига тушушини билдирди. Унгача “Орқа эшикни очинглар”, дея икки-уч баланд овозда мурожаат қилишига тўғри келди. Одам зичлигидан бўлса керак-да, ичкаридаги шовқин-сурондан ҳайдовчига базўр эшитилди чоғи “Эшик, эшик оёғимни қисиб қўйди” деди ҳалиги киши. “Коллежга ҳам тўхтаб кетинг” деётган ўқувчи-қизларнинг бирининг ранги докадай оқариб, автобуснинг очиқ ойнасидан кираётган шамолга юзини тутарди. Автобус туман марказига яқинлашаркан, манзилга тезроқ етиб олишга ошиқаётган баъзи кишилар худди оғир ҳолатдан эсон-омон қутилиб чиққан одам каби “Хайрият, бир амаллаб келиб олдик”, деб қўйишди.
Шунга ўхшаш ҳолатлар тез-тез учраб туради. Ўзи такси ҳайдаш ҳуқуқига эга бўлмасада, айрим “Дамас” ҳайдовчилари туман марказига йўловчи териб, кўчаларни айланиб юраверади. Агар йўловчи сони бир-иккитага кам бўлиб қолгудай бўлса, шу пайтнинг йўлидан шаҳарга кетадиганлар чиқиб қолса, бояги йўловчиларни ярим йўлда қолдириб кетишади ва дарҳол “Самарқанд” деган ёззувни қўйиб олишади. Шу вақт орлиғида эса кимдир ўз юмушига кеч қолаётган бўлади. Сиз бунга нима дейсиз?
Воҳид ЎРОЗАЛИЕВ.