СОВҒА -ОГИРОНЛИК АРАВАЧАСИ
Бундан беш йил аввал туманимизнинг “Чангал-1” МФЙ ҳудудидаги Юқори Чангал қишлоғида истиқомат қилаётган Бумайрам Аззамова тўнғич фарзанди Абдулазизжонни қўлларида бир даста гул билан илк бор мактаб даргоҳига олиб борди. Фарзандининг фанларни яхши ўзлаштираётганлиги, аъло баҳолар олиб келаётганлигидан Абдулазизжондан ҳам кўра кўпроқ ота-онаси қувонди. Устозлар ҳам миннатдор эди. Ўғлини суйди, эркалади, шундай фарзанд ўстираётганлигидан фахрланишди. Абдулазизжон учинчи синфга ўтгач, нимадир сабаб бўлди-ю, соғлигидан шикоят қила бошлади. Буни кўргач ота-онаси дарҳол уни шифокорларга кўрсата бошлашди. Дастлаб туман марказидаги шифокорларга, сўнгра вилоятдаги шифокор мутахассисларга, пойтахтдаги клиникадаги профессорларга олиб боришди. Замонавий тиббий ускуналар ёрдамида текширтиришди. Вақт шиддат билан ўтиб борар, вақт ўтган сайин эса Абдулазизжоннинг соғлиги ёмонлашиб борарди. Мутахассис шифокорлар беморга аниқ ташхис қўйишолмасди. Ота-онанинг кечаю-кундуз фикри-хаёли, бор молу-дунёси эвазига бўлса ҳам, суюкли фарзандини даволатиш эди. Шу мақсадда улар ўтган йили тиббиёт соҳаси бўйича профессорлар билан маслаҳатлашиб, Абдулазизжонни Россия давлатига олиб бориб, клиникаларда кўрикдан ўтказишди.
- Буни қарангки, пойтахтимиздаги мутахассис шифокорлар билан Россия давлатидаги шифокорларнинг қўйган ташхислари бир хил бўлиб чиқди, - дейди беморнинг онаси Бумайрам Аззамова. - Пойтахтдаги шифокорларнинг таъкидлашларича, ўғлимдаги дард бундан беш-олти йил муқаддам организмда яширин бошланган экан. Бундан-буён вилоятдаги фақат битта мутахассис шифокор маслаҳати асосида даволатиб боришни тавсия қилишди. Ҳозир ўғлим 1-гуруҳ ногирони. Оёқ-қўллари, бўйин соҳалари ва бўғимлар деярли ишламайди, гапиролмайди. Овқат ҳазм қилиши ҳам меъёрий ҳолатда эмас. Унинг тарбияси билан уйда ўзим шуғулланаяпман.
Яхши ҳамки яхшилар кўп дунёда. Қариндош-уруғ, маҳалла кўй, туман марказий шифохонаси шифокорлари, қолаверса ҳокимликлар ҳам қараб туришгани йўқ. Дори-дармон, транспорт харажатлари, даволаниш учун йўлланмалар билан таъминлашда амалий кўмаклашмоқдалар. Қишлоқ врачлик пункти ҳамшира ва шифокорлари тез-тез беморнинг ҳолидан хабар олиб турибди.
Яқинда туман ЎзХДП туман Кенгаши ташаббуси билан Булунғур сайлов округидан сайланган халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Камолжон Абдуллаев 1-гуруҳ ногирони Абдулазиз Анорбоевнинг хонадонига ташриф буюриб, унга ногиронлик аравачаси тақдим қилди.
ЎзХДП туман Кенгаши туманимиздаги кам таъминланган оилаларга, ногиронлар ва боқувчисини йўқотган оилалар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтожларга ҳомийлар билан ҳамкорликда амалий кўмак беришмоқда. Ушбу партиядан сайланган депутатлар вақти-вақти билан маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда сайловчилар билан учрашувлар ўтказиб, у ерда кўтарилган ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича ваколат доирасида жойларга депутатлик сўрови билан мурожаат қилишмоқда. Халқни тинглаш, уларга хизмат қилиш, мушкулини осон қилиш депутатларнинг асосий мақсади.
Тўлқин НУРАЛИЕВ.