Яқинда 1-мактабгача таълим муассасасида «Ёз-2018» дастури асосида “Ёзги соғломлаштириш мавсумида «Сув сайли» мавзусида вилоят амалий семинари ўтказилди. Семинарда вилоят мактабгача таълим муассасаси бошқармаси бошлиғи Н. Садинова, бошқарма бошлиғи ўринбосари Х. Раҳимова ва тумандаги барча мактабгача таълим муассасалари мудирлари, услубчилари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Шунингдек, семинарга “Дўстлик” ордени соҳибаси, шоира Зулфия Мўминова ва “Шуҳрат” медали соҳибаси, шоира Дилором Исмоиловалар ташриф буюришиб, ўз ижодидаги жажжи болажонларга атаб ёзилган шеърларидан намуналар ўқиб беришди.
Семинар иштирокчиларига 1-сон МТМнинг тайёрлов гуруҳи тарбияланувчилари томонидан очиқ машғулотлар намойиш этилди. Унда илғор хорижий тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда болаларни интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш, болаларни жисмоний ривожлантиришда миллий ҳаракатли ўйинларнинг аҳамияти, жисмоний машқлар билан бирга амалга ошириладиган чиниқтириш тадбирлари, болалар соғлиғини муҳофаза қилиш, болаларни чиниқтириш - саломатликни сақлаш омили эканлиги, эрталабки бадантарбия ва бошқа жисмоний тарбия машғулотларини ноанъанавий усулларда ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Зафар МАМАСИДИҚОВ,
туман МТМ АКТ мутахассиси.