Жойларда ёшларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, бу борадаги мақсадли дастурларни амалга ошириш, ёш тадбиркорларнинг истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқариш ишларига киришилиб, ёшлар бандлигини таъминлашдаги муаммоларни бартараф этишга эътибор қаратилаяпти. Шунингдек, жойларда давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари ёшларнинг тадбиркорлик саводхонлигини оширишга, уларга бизнес ташкил этиш ва юритиш кўникмаларини сингдиришга киришишган. Ёшлар тадбиркорлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни бизнес билан шуғулланишга фаол жалб қилиш учун шарт-шароитлар яратиш, иш ўринлари яратиш ва ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июнда “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Фармонга асосан бу борадаги ишларни тубдан жонлантириш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсад этиб белгиланди.
2018 йил 1 июлдан бошлаб республиканинг барча туман (шаҳар)ларида “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастурини амалга оширишни кўзда тутиб:
‒ Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузурида “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси ва унинг туман ва шаҳар филиалларини ташкил этиш;
‒ ёшларнинг қайта тайёрланиши ва малака оширишини ташкил этиш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, шунингдек, уларга бизнес юритиш кўникмаларини сингдириш;
‒ давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ёш тадбиркорларга имтиёзли шартларда бинолар, офис техникаси ва сарфлаш материалларини ижарага бериш, интернет билан таъминлаш, ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга оширишга кўмак бериш, бизнес режалар ишлаб чиқиш ва бошқа хизмат турларини кўрсатиш учун “Yosh tadbirkorlar” коворкинг-марказларини ҳамда савдо-маиший ва кичик ишлаб чиқариш майдонларини ташкил этиш учун меҳнат кучи ҳаддан зиёд бўлган туманларда “Yoshlar mehnat guzari” комплексларини қуриш.
‒ ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича республика ва ҳудудий комиссиялар фаолиятини ташкил этиш ва амалга оширилишини таъминлаш асосий вазифа этиб белгиланди. Бу борада туманда ҳам амалий ишлар йўлга қўйилди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузурида “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармасининг маблағларидан қуйидагилар амалга оширилади:
‒ ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари орқали йиллик 7 фоиз ставка билан имтиёзли кредит ва мол-мулкни лизингга бериш;
‒ Давлат дастури доирасида олинадиган кредитлар бўйича кредит ҳажмининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда кафилликлар бериш;
‒ Давлат дастури доирасида амалга ошириладиган тадбиркорлик лойиҳаларида улар қийматининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда иштирок этиш,кейинчалик жамғарма улушини 5 йил давомида реализация қилиш;
‒ тегишли кўникмаларга эга банд бўлмаган ёшлар яшайдиган уй хўжаликлари учун 20 тагача парранда ва қуён боласи, 5 та майда ва 2 та йирик қорамол сотиб олиш, уларнинг қийматини келишилган муддатларда қайтарган ҳолда уларни боқиш ва кейинчалик реализация қилишда кўмаклашиш.
“Yosh tadbirkorlar” коворкинг-марказлари ва “Yoshlar mehnat guzari” комплексларини қуриш давлат-хусусий шерикликнинг қуйидаги шартларида амалга оширилади:
а) туман (шаҳар)лар ҳокимликлари томонидан “Yosh tadbirkorlar” коворкинг-марказлари ва “Yoshlar mehnat guzari” комплексларини, шунингдек, бошқа объектларни қуриш (жойлаштириш) учун хусусий инвесторларга, истисно тариқасида, тўғридан-тўғри музокаралар орқали ер участка (бўш бино)ларни доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади, шунингдек муҳандислик коммуникацияларига олиб бориш ва улаш туман (шаҳар)лар бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан таъминланади;
б) Жамғарма “Yosh tadbirkorlar” коворкинг-марказлари ва “Yoshlar mehnat guzari” комплекслари қурилиши қийматининг 30 фоизигача бўлган қисмини молиялаштиришда иштирок этишга ҳақли;
в) хусусий инвесторлар қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олади:
қурилиш қийматининг камида 70 фоизини молиялаштиради, уларнинг келишилган муддатларда ва намунавий лойиҳаларга мувофиқ қурилишини таъминлайди;
Давлат дастури иштирокчиси бўлган ёш тадбиркорларга қурилиш учун жой беради, уларга мақбул нархларда хизматлар кўрсатади;
Жамғарманинг туман ва шаҳар филиалларини жойлаштириш учун “Yosh tadbirkorlar” коворкинг-марказларидаги хоналарни бепул тақдим этади;
г) “Yosh tadbirkorlar” коворкинг-марказлари ва “Yoshlar mehnat guzari” комплексларини сақлаб туриш хусусий инвесторларнинг маблағи ҳисобидан амалга оширилади;
д) “Yosh tadbirkorlar” коворкинг-марказлари ва “Yoshlar mehnat guzari” комплексларини қуришга йўналтириладиган маблағлар хусусий инвесторларнинг солиқ солинадиган базасидан чегириб ташланади.
Давлат дастурининг амал қилиши ёшлар тадбиркорлиги субъектларига, 50 фоиз ва ундан кўпроқ муассислари ёшлардан иборат бўлган тадбиркорлик субъектларига, шунингдек, яратиладиган иш ўринларининг 70 фоизидан кам бўлмаган қисмини 5 йил давомида ёшларни иш билан таъминлаш учун тақдим этиш мажбуриятини ўз зиммасига оладиган тадбиркорлик субъектларига, жумладан, хорижий инвесторларга татбиқ этилади.
Туман адлия бўлими маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида, аҳоли гавжум жойларда ёшлар тадбиркорлигини йўлга қўйиш, ёшларни янги иш ўринлари билан таъминлаш, Ўзбекистонда ёшларга кўрсатилаётган ғамхўрликлар бўйича тушунтириш, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориб, фуқаролардан тушаётган саволларга тегишли жавоблар беришаяпти.
Бу каби ишларнинг йўлга қўйилиши ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг юрт ва жамият равнақи йўлидаги меҳнати орқали иқтисодиётимизни юксалтиришга хизмат қилади.
Зоҳир МЕЛИБОЕВ,
туман адлия бўлими бош мутахассиси.