Жорий йилнинг март ойида вилоятимизга ташриф буюрган Президентимиз Ш. Мирзиёев вилоят аҳолисини қийнаётган муаммоларни бартараф этиш мақсадида қўшимча 500 миллион доллар маблағ ажратган эдилар. Ажратилган ушбу маблағнинг 400 миллон долларини ўзлаштиришни тизимли амалга ошириш мақсадида вилоятимиз тадбиркорлари ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларга ҳар томонлама кўмаклашиш, ҳужжатларни тахлаш ишларида ортиқча оворагарчиликларга барҳам бериш мақсадида жорий йил апрел ойининг бошида Самарқанд шаҳридаги Олимпия заҳиралари тайёрлаш спорт мактаби биносида “Тадбиркорларга кўмаклашиш маркази” ва унинг негизида оммавий ахборот воситалари учун “Пресс-клуб” ташкил этилган эди. Марказ фаолиятини ташкил этиш учун зарур бўладиган компьютер, мебел жиҳожлари ва бошқа зарурий инвентарлар билан таъминланган.
Яқинда “Пресс-клуб”да “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури ижроси юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда оммавий ахборот воситаларининг роли” мавзусида вилоятимизнинг барча оммавий ахборот воситалари ходимлари билан “Тадбиркорларга кўмаклашиш маркази” ишчи гуруҳи аъзолари билан биргаликдаги матбуот анжумани ўтказилди. Анжуманни вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Манноб Ибодуллаев олиб борди.
Анжуманда оммавий ахборот воситалари ходимлари томонидан берилган саволларга Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хғжалиги корхоналарини таркибий қайта тузиш Агентлигининг Самарқанд вилоятидаги вакили Азамат Бекқулов атрофлича жавоб бериб;
- Ажратилган 400 миллион доллар қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий қайта тузиш агентлиги томонидан Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан “Ўзбекистон Республикасида чорвачилик тармоғини ривожлантириш” ҳамда “Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчилик тармоғини ривожлантириш” лойиҳалари ҳисобидан чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш, чорвачиликни ривожлантириш учун талаб этиладиган техника ва технология ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, интенсив боғдорчилик, замонавий иссиқхоналар, суғориш тизимлари, мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, колибровка, саралаш ва қадоқлаш, совутгичли омборхоналар, қишлоқ хўжалиги учун техника ва технологиялар сотиб олиш учун ажратилади. Шунинг ҳисобидан 10 мингга яқин янги иш ўрни ташкил қилиниши, 350 дан ортиқ истиқболли лойиҳани амалга ошириш белгиланди, - деди.
Тўлқин НУРАЛИЕВ.