9-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабида туман прокуратураси, туман ҳокимлиги, статистика бўлими, давлат хизматлари маркази ҳамда тадбиркорлар иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 февралдаги “Тадбиркорлик субьектларига давлат хизматлари кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори мазмун-моҳияти хусусида сўз борди. Шунингдек, тадбиркорлик субьектларининг муаммоларини ўрганиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш, оилавий тадбиркорлик ҳамда вилоятнинг экспорт салоҳиятига ҳисса қўшишга қаратилган масалалар кўриб чиқилди.
Дастлаб, соҳага оид ишларни янада жонлантириш, давлатимиз томонидан қабул қилинаётган қонунлардан аҳолини ўз вақтида хабардор қилиш муҳим аҳамиятга эга экани айтилди.
Мазкур давра суҳбатини ташкил этишдан мақсад вилоят прокурори ўринбосари О.Ҳошимов иштирокида фаолият кўрсатмаётган корхона ва қурилиш ташкилотларининг муаммо ва таклифларини ўрганиш ҳамда уларга амалий ёрдам кўрсатишдан иборат эканлиги таъкидланди.
Айни вақтда фаолият кўрсатиб келаётган ва фаолиятини кенгайтириш учун кредит ололмаётган “Сарвиноз Гулшани” МЧЖ раҳбари А.Афандиев сўзга чиқиб, амалий кўмак сўраб, мурожаат қилди. Унинг мурожаати инобатга олиниб, имтиёзли банк кредити ажратиладиган бўлди.
Туман давлат хизматлари марказида жорий йилнинг январ-май ҳолатига кўра, 31 та тадбиркорлик субьектлари тугатилиб, давлат реестридан чиқарилгани маълумот ўрнида келтирилди. Жумладан, 7 таси молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаган. 24 таси ўз ихтиёри билан тугатишни сўраб, мурожаат қилган. Тугатилганлардан қурилиш тармоғи бўйича 1 тани ташкил этган. Натижада, 93 та иш ўрни ҳам йўқотилган. Июнь ҳолатига кўра, фаолият кўрсатмаётган кичик бизнес корхоналари 35 та, қурилиш тармоғида 2 тани ташкил қилган. Бугунги кунда бўш турган обьектлар сони 32 та. Шундан 3 таси аввал хусусийлаштирилган бўлиб, 17 таси жамоа ва ширкат хўжаликларидан олинган, 4 таси мулкдорлар томонидан қурилган. 8 таси эса бўш турган ер майдонларидан иборат. Шу кунгача жами 67 та якка тартибдаги тадбиркорлар ва 2 та юридик шахс бўлмаган дехқон хўжаликлар давлат реестридан чиқарилган. Буларнинг барчаси қонуний асосда тугатилгани маълумот учун айтиб ўтилди.
Йиғилиш сўнгида, Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан имзоланган ”Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Қонун, “коррупция”, “коррупцион ҳуқуқбузарлик” ва “манфаатлар можароси” каби тушунчалар мазмун-моҳияти изоҳлаб ўтилди.
Тадбиркорларга тегишли маслаҳатлар ва тавсиялар берилди.
Раҳим ҲАКИМОВ,
туман прокурори в.б.
адлия маслаҳатчиси.
Воҳид ЎРОЗАЛИЕВ,
“Bulung’ur hayoti” мухбири.