Баъзида ҳуқуқимиз бузилишига ўзимиз ҳам қайсидир маънода сабабчи бўламиз. Турли хизмат кўрсатиш шахобчаларида улар ўзлари ўйлаб топган, аниқроғи, “қоидани” баҳона қилишганида бунга ишониб, индамай кетаверамиз. Ўз ҳуқуқимизни талаб қилишни ўйлаб кўрмаймиз ҳам. Ахир “Истеъмолчи ҳақ бўлади” дейишни қачон ўрганамиз?
Туш вақти эди. Тамадди қилиш мақсадида “Деҳқон бозори” ёнидан ўтиб темир йўл кўпригига чиқиш жойининг ён томонида жойлашган қатор ошхоналар томон йўл олдим. Сал нарироқдан “Келинглар, мазали таомлар бизда, ичкарида яхши жойларимиз бор”, дея баланд овозда хўрандаларни чақираётган аёлга кўзим тушди. Бир киши ўша ошхонага яқинлашиши билан ёнидаги тамаддихонадан яна бир аёл чиқиб келиб, қўлидан тортқилади. “Киринг, бизда овқатланиб кетинг, афсусланмайсиз”...
Улар худди меҳмон кутаётган хонадон соҳибидек майин ва мулойим оҳангда гапирар, ўтган-кетганни ҳоли-жонига қўймай ичкарига таклиф қиларди. Мен ҳам бу ерда энг мазали таомлар тайёрланса керак, мижозларга чиройли хизмат кўрсатилар экан, деб ўйладим. Кириб четроқдаги столга ўтирдим ва таомга буюртма бердим. Негадир ошхона хизматчиси – қулоқчин тақиб олган қиз телефонда гаплашиш билан овора эди. Ўн-ўн беш дақиқа кутиб ўтирдим. Стол четида турган ювилмаган салфетка ва чой сузилган синиқ чойнак юқоридаги чиройли гапларнинг аксини кўрсата бошлади. Овқатланиб бўлгач, хизматчи қиздан “Тиш ковлагич борми?” деб сўрадим. У эса тиш ковлагич йўқлигини айтди. Хизмат сифатининг талаб даражасида эмаслигидан кўнглим хира тортиб, касса томон бордим. Ёмони, муаммо энди бошланаётганди.
- Ҳисобни мана бундан ечиб олинг, - дея кассада ўтирган аёлга ёнимдаги пластик картамни узатдим.
- Бизда терминал йўқ, - деди у бамайлихотир жавоб қилиб. - Майли, беринг, пластигингизни ёнимиздаги дўконга ўтказиб келамиз.
Тўлов қилинди. Чекни қўлимга олдим. Ечиб қолинган сумма ортиғи билан ечилибди. Нега 10.000 сўм эмас, 11.000 сўм ечилганини сўрадим.
- Пластикдан фоизи билан ечилади, - деди у зардали оҳангда.
Туманимиз марказида кўплаб ошхоналар, бир нечта кафе-бар аҳолига хизмат кўрсатади. Бироқ, уларнинг кўпчилигида ҳанузгача терминал аппарати ўрнатилмагани, борларида ҳам пластик картадан қўшимча фоиз ушлаб қолиниши оддий ҳолга айланиб қолган. Саноқлиларигина кўнгилдагидек хизмат кўрсатади холос. Нархлари ҳам хоҳ пластик, хоҳ нақд шаклда бўлсин, бир хил белгиланган. Нега, ҳамма жойда бу тартибга амал қилинмайди, деб ўзинга-ўзинг савол берасан киши.
Воҳид ЎРОЗАЛИЕВ,
“Bulung’ur hayoti” мухбири.