Тадбиркорларнинг, шу жумладан чет эллик инвесторларнинг мурожаатлари билан ишлашни ташкил этиш сифати ва тезкорлигини ошириш, улар билан очиқ ва тўғридан тўғри мулоқотни таъминлаш, уларнинг қонуний талабларини амалий ва самарали рўёбга чиқариш ҳамда муаммоли масалаларни ҳал этиш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига реал ҳиссани кўпайтириш, аҳолининг иш билан бандлигини ошириш ва унинг моддий фаровонлигини ўстириш мақсадида Президентимизнинг 2019 йил 14 майдаги "Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони қабул қилинган эди.
Шу пайтгача тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқишнинг ягона тизими йўқ эди ва бу айрим масалаларнинг ҳал этилишида юзаки муносабатни шакллантиради. Давлатимиз раҳбарининг Фармонига асосан мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳарларида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарини ташкил этиш белгиланди.
Ана шундай қабулхона туманимизда ҳам иш бошлади. Шаҳримизнинг Фозил Йўлдош кўчаси, 36- уйда, Давлат хизматлари маркази биносида жойлашган ушбу қабулхонага тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар фаолияти давомида дуч келаётган муаммолар бўйича мурожаат қилишлари мумкин.
Мазкур қабулхонада тадбиркор ва инвесторларни қабул қилиш туман ҳокимлиги, Савдо-саноат палатаси туман бўлими, туман инвестициялар ва савдо, адлия, қишлоқ хўжалиги, ер ресурслари ва кадастр бўлимлари, туман давлат солиқ инспекцияси ва тижорат банклари вакиллари иштирокида тасдиқланган жадвал асосида ҳар куни амалга оширилади.
Мурожаатларда кўрсатилган қонуний талаб ва таклифларни туман даражасида қаноатлантиришнинг иложи бўлмаса, вилоят миқёсида кўриб чиқилади.
Талаб ва таклифлар билан юқорида кўрсатилган манзилга ёки 442-28-22 ёки 90 - 281-20-20 телефон рақами орқали мурожаат қилиш мумкин.
туман Бош вазир қабулхонаси мудири.