Иқлим ўзгариши ва ҳароратнинг меъёрдан ортиқ даражада кўтарилиши туфайли “Арча унсимон қурти” касаллигининг тез ривожланиш ҳоллари кўпаймоқда. “Арча унсимон қурти”нинг личинка ва урғочилари арчанинг новдалари ва баргларини сўриб, зарар етказади ва улар барча ер устки қисмлари билан озиқланади. Катталиги 2-3 миллиметр бўлган бу қурт сарғиш, қизғиш, кулранг тусда бўлиб, март-апрель ойларида пайдо бўлади. Уларнинг тухум қўйиши май-июнь ойларида кузатилиб, ўртача 280 тагача тухум қўяди.
“Арча унсимон қурти”ни, аввало, ички карантин аҳамиятига молик зараркунанда сифатида рўйхатга олиб, қурт тарқалган жойлар ва ҳудудлар аниқланиши ҳамда бу жойлардан арча кўчатларини бошқа жойга кўчириш мумкин эмас. Зараркунанда билан жиддий шикастланиб, қуриш ҳолатига келиб қолган дарахтларни кесиб, унсимон қурт кенг тарқалмаслиги учун уларни ўша жойнинг ўзида ёқиш шарт. Қолаверса, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва тўлиқ бажариш керак.
Асқар ЭРГАШЕВ,
туман Ўсимликлар карантини ва ҳимоя қилиш бўлим бошлиғи.
Турдимурод АББОСОВ,
инспектор.