Туманимиз ғаллакорлари ҳам бу йилги мавсумни тез ва қисқа фурсатларда ўтказиб олишга киришганлар. Шу кунларда ўрим-йиғим ишлари кетаётган ғалла далаларида иш қизғин. Мавсумда иштирок этаётган ҳар бир мутахассис ўз вазифаларига сидқидилдан ёндошишмоқда. Туманимиз хўжаликларидаги 11.435 гектар майдондаги ғалла ҳосилини нобудгарчиликсиз йиғиштириб олишда асосий эътиборни ўрим-йиғимда иштирок этаётган комбайнлар ва автотехникаларнинг йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш, ғаллазорларда ва дон қабул қилиш пунктларида ҳаракатланиш чоғида ёнғин хавфсизлигининг олдини олишда техник жиҳозланишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ғалла ўрим-йиғимида иштирок этаётган барча турдаги комбайнлар ва автотранспортлар ёнғинга қарши қалқонлар, ёнғин ўчириш анжомлари ҳамда учқун ўчиргичлар билан тўлиқ жиҳозланиб, техник кўрикдан ўтказилган.
Бу йилги ҳосилни йиғиштириб олишда 20 та отрядга бўлинган ҳолда иш юритилмоқда. Ҳар бир отрядга биттадан янги маркадаги комбайн ва беш донадан дон ташувчи, 20 тонна юкни кўтаришга мўлжалланган “Хова” маркали, 6 тоннагача юк ташиш қувватига эга бўлган “Газ-53” маркали, 8 тонна юк ташишга мўлжалланган “Зил-130” маркали юк автомобиллари биркитилган. Ушбу автотранспортларнинг барчаси ғалла майдонларидаги донларни ғалла пунктларига етказишда исрофгарчиликка йўл қўйилмаслиги учун автомобиль бортларининг чет қисмлари герметикланган, устки қисмини ёмғир ва шамолдан ҳимоялаш мақсадида брезентлар билан таъминланган.
20 та отряднинг ҳар биридаги техникаларнинг мавсумда бекаму-кўст ва узлуксизишлашлари учун биттадан эҳтиёт қисмлари ортилган “Дамас” автомобиллари ҳамда техникаларга техник ёрдам кўрсатувчи техникалар биркитилган. Комбайнчи ва автотранспорт ҳайдовчиларининг ишдан сўнг ва дам олиш вақтларида мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун ҳар бир отрядга биттадан кўчма дам олиш, ювиниш хоналари ташкил қилинган. Шунингдек, ғалла ўрими кетаётган ҳар бир майдонда ёнғин хавфсизлигининг барвақт олдини олиш мақсадида ер ҳайдовчи мосламали тракторлар ва сув ортилган цистернали автотранспортлар билан таъминланган. Амалга ошираётган бу ишларнинг барчаси ғалла ўрим-йиғим мавсумини хавф-хатарсиз йиғиштириб олишга қаратилган.
Алижон ТУРСУНОВ,
туман ИИБ ЙХХБ бошлиғи.