Ўзбекистон Ре6спубликаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги “Оила институтини янада ривожлантириш ва ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 820-сонли Қарори ижросини таъминлаш борасида Булунғур туманида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Мисол учун яқинда туман Оила ва хотин-қизлар бўлими қошида Хотин-қизлар манфаатига хизмат қилувчи 3 та марказ очилди. Ушбу марказларнинг аҳамияти ва хотин-қизларга кўрсатиладиган хизмат турлари тўғрисида кенгроқ билиш мақсадида Булунғур туман ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Насиба Аблақуловна МАМАДИЯРОВА билан суҳбатлашдик.
- Насиба Аблақуловна, туманимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида қисқача гапириб берсангиз.
- Кейинги 6 йилда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила институтини ҳар томонлама мустаҳкамлаш бўйича салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Бу борадаги ишларни самарали амалга ошириш учун маҳалла ва хонадорнларга кириб борадиган вертикал тизим яратилганлигини алоҳида қайд этиш керак. Хабарингиз бор, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошчилигида аёлларни қийнаётган муаммолар аниқланди. Ушбу муаммолар бўйича манзилли иш олиб бориш учун мутлақо янги тизим - “Аёллар дафтари” жорий этилди. Шу кунгача туманимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож, турмуш шароити оғир юзлаб аёллар иш билан таъминланди, моддий ёрдамлар берилди. Шунингдек, “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури доирасида имтиёзли кредитлар, оилавийлар тадбиркорликни ривожлантириш учун кредит маблағлари ажратилди. 200 нафардан ортиқ хотин-қизлар тадбиркорлик ва касб-ҳунар марказлари томонидан ўқитилиб, ҳунармандчилик ва касаначиликга жалб этилди.
“Беш муҳим ташаббус” доирасида туманимизнинг чекка ҳудудларида тикувчилик цехлари ташкил этилиб, юзлаб аёллар бандлиги таъминланди. Айни пайтга қадар турмуш шароитини оғир бўлган аёлларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида бюджет ҳисобидан маблағлар ажратилиб келинмоқда. Бундан ташқари, боқувчисини йўқотган ҳамда ўзгалар парваришига эҳтиёжманд бўлган хотин-қизларга моддий ёрдам бериш ва малакали тиббий ёрдамга муҳтож аёлларни даволаш учун ҳам маблағлар ажратилди. Албатта, бу борада ҳали қилишимиз керак бўлган ишларимиз ҳам талайгина.
- Яқинда туманимиз хотин-қизларига хизмат қилувчи 3 та марказ очилганидан хабаримиз бор. Агар иложи бўлса, бу марказлар фаолияти ва аҳамияти тўғрисида газетхонларимизга сўзлаб берсангиз.
- Бу марказларнинг очилиши юқорида айтганимдай, хотин-қизларимизга кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътиборнинг мақсадли ва манзилли давоми дейиш мумкин. Марказ учун туман ҳокимлигида жойлашган энг чиройли замонавий бинонинг ажратилиши туман ҳокимининг тумандаги хотин-қизларга эътиборини кўрсатиб турибди. Айни пайтда бу бинога “Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш маркази”, “Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази” ҳамда “Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказининг ижтимоий мослашув маслаҳат хонаси” жойлаштирилди. Бинонинг ҳар бир хонаси замонавий ва энг сўнгги русумдаги компьютер жиҳозлари ҳамдаа мебеллари билан таъминланди. Эндиги вазифамиз ҳар бир марказ ўз олдига қўйган вазифаларни сидқидилдан бажариб, хотин-қизларимизнинг оғирини енгил қилишдан иборат.
- Насиба Аблақуловна, очилган марказлар фаолияти иш бошлади. Бундан кўзланган мақсадни кенгроқ тушунтириб берсангиз.
- Албатта. Масалан, биринчи марказимиз “Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш маркази” деб номланади. Хабарингиз бор, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан . Биргина мисол, кейинги пайтда униб-ўсиб келаётган фарзанд тарбиясига, умуман оила институтига салбий таъсир кўрсатадиган оилавий ажримларнинг кўпаяётгани ҳеч кимга сир эмас. Бир аччиқ ҳақиқатни тан олайлик. Туманимизда ҳам ажримлар ҳамон юқори бўлиб қолмоқда. Биргина мисол, жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида 187 нафар оила ажралиб кетгани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Қани эди туманимизда оилалар ажралмаса, бундай нохуш ҳолатнинг ўзи бўлмаса, болалар тирик етим бўлиб, сарсон-саргардон бўлмаса. Ажримларнинг бош сабаби - бизнингча турмуш қураётган ёшларимизнинг оила ва никоҳ тўғрисидаги билимлари йўқлигида деб ўйлайман.
Муҳтарам Президентимиз азиз йигит-қизларимизга турмуш қуришга, оилага, фарзанд тақдирига ниҳоятда чуқур масъулият билан қарашга, бу масалага юзаки ёндашиб ҳам ўзингиз, ҳам ўзга бир инсон ҳаётини хавф қолдирманг, деб мурожаат қилдилар. Марказимиз туманимиздаги оилавий ажримларнинг олдини олиш мақсадида фаолият кўрсатади. Марказ фаолиятини олий таълим муассасалари битирувчилари, никоҳ ёшига етган ёшлар орасида тарғиб қилади. Шунингдек, оиланинг мустаҳкамлигини таъминлаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, оиланинг фарзанд тарбияси борасидаги масъулиятни ошириш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, намунали оилаларнинг ҳаётий тажрибасини оммалаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди. Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оиладаги низоли ҳолатларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий ва психологик асосларини ўрганиш, оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқади. Умуминсоний ва миллий оилавий қадриятларни, илғор хорижий тажрибаларни таҳлил қилиш асосида оилаларда маънавий ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш билан боғлиқ методик тавсияларни ишлаб чиқади.
Марказимизда никоҳ ёшидаги ёшларни оилага тайёрлаш борасида ўқув дарслари ўтилади. Ўқув дарсларини ФҲДЁ ходимлари ўтишади. Марказ битирувчиларига сертификат берилади. Келгусида сертификати бўлмаган ёшлар никоҳдан ўтказилмайди. Қолган 2 та марказимиз ҳам ўз йўналишлари бўйича туманимиз хотин-қизларига яқиндан ёрдам беради. Масалан, “Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази”да тадбиркорликга қизиққан хотин-қизлар 3 ой мобайнида ўқитилиб, сертификат берилади. Сертификати бор аёлларга ўзлари қизиққан соҳада иш бошлашлари учун имтиёзли кредитлар ажратилади. Шу орқали ҳар уч ойда ўнлаб янги иш ўринлари яратилади.
Учинчи йўналиш - “Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказининг ижтимоий мослашув маслаҳат хонаси”да турли ҳаёт қийинчиликларидан шикоят қилиб келган аёлларга психологик ёрдамлар кўрсатилади. Шунингдек, уларнинг соғлигини тиклаш учун реабилитация дам олиш жойларига бепул йўлланма берилади. Яхши кайфият билан оиласи бағрига қайтарилади.
Хуллас, яхши ният билан иш бошлаган марказларимиз туманимиз хотин-қизларига беминнат хизмат қилади.
- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!
Суҳбатни журналист Ғулом ЎРОЛОВ ёзиб олди.