Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш бўйича туманимизда ҳам прокурор раҳбарлигидаги 2-секторда иш сифатини ошириш, намунали секторга айлантириш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу Қарор эълон қилинганидан сўнг халқ билан бевосита мулоқотнинг сифат жиҳатидан янги ва самарали шаклларини, секторлар фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида “туман (шаҳар) – вилоят - республика” тамойили асосида вертикал бошқарув тизими жорий этилди. Қарорга мувофиқ туманда “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, тумандаги 4 та (ҳоким, прокурор, ИИБ ва ДСИ бошлиқлари) сектор таркибига масъул шахслардан иборат таркиб аъзолари бириктирилиб, ҳудудни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва турмуш даражасини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш, ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ижроси 11талик намунали мезон асосида ўрганилмоқда. Ўзим раҳбарлик қилаётган 2-сектор штаби биноси қайтадан жиҳозланиши, зарур канцелярия воситалари, мебель ва бошқа моддий-техника воситаклари билан таъминланиши, намунавий иш юритилиши, ҳисоботларни жамлаш, умумлаштириш ва амалга оширилган ишларнинг таҳлил қилинишининг ягона тизими йўлга қўйилди. Штаб аъзолари билан бириктирилган ҳудудларда уйма-уй юриб, аҳоли билан доимий учрашувлар ўтказган ҳолда мавжуд муаммоларни ўрганиб, жойида ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда. Сектор ҳудудидаги хонадонларни ўрганиш ишлари тасдиқланган режа-жадвал ва намунавий саволномалар асосида ташкил қилиниб, ишчи гуруҳ аъзолари томонидан график асосида хатлов ўтказилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида 49,746 нафар аҳоли истиқомат қилаётган 14 та маҳалла фуқаролар йиғинидан 11 тасида, 7328 та хонадонлардан 7010 тасида (97,3 %) ўрганишлар якунланди. Уларда аниқланган 1253 та муаммолардан бугунги кунга қадар 785 таси (63,3%) ижобий ҳал этилди. Шунингдек, 335 нафар фуқаро табиий газ ва суюлтирилган газ баллони билан, 89 нафар фуқаронинг иш билан бандлиги, 110 нафар фуқарога малакали тиббий хизмат кўрсатилиши таъминланди. Бундан ташқари, 17 нафар ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга моддий ёрдам кўрсатилди. 27 та ишбилармонларнинг банк кредити ва тадбиркорлик билан боғлиқ муаммолари бартараф этилди. Бошқа масалаларнинг ечимини ҳал қилиш тумандаги масъул идора раҳбарларига бириктирилиб, улар бўйича “йўл харита”лари ишлаб чиқилди. Ижроси юзасидан назорат қилиб бориш мақсадида ҳар бир сектор аъзолари масъул этиб белгиланди.
Бугунги кунда фуқароларни қабул қилиш ва муаммоларни ҳал қилиш мақсадида ҳафтада бир маротаба сайёр қабуллар ташкил қилинган. Секторда ўтказилаётган ўрганишлар давомида аҳоли бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, секторда 24572 нафар меҳнатга лаёқатли аҳолидан 17442 нафари ишда банд эканликлари аниқланди. 47 нафар фуқароларга бандлик органлари томонидан 49 та бўш иш ўринлари таклиф этилди. Жорий йилнинг биринчи чорагида аҳолининг иш билан бандлигини таъминлашнинг самарали механизмларидан бири бўлган “Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркалари” ташкил этилиб, ярмаркага 213 та вакант ва квота-иш ўринлари билан 14 та салоҳиятли иш берувчи корхона, ташкилот ва муассасалар жалб этилиб, ишсиз ва банд бўлмаган 34 нафар фуқароларга ишга жойлашишлари учун йўлланма берилди.
Меҳнатга лаёқатли бўлмаган ва ижтимоий мослашувга муҳтож бўлган фуқароларнинг 3 нафарига ҳасса, 4 нафарига қўлтиқтаёқ, 2 нафарига эшитиш мосламаси ва 9 нафарига ногиронлик аравачаси берилиши таъминланди. Ҳудудда парваришга муҳтож бўлган ёлғиз қария ва ногиронлар, ёш оилалар, бир ёшгача бўлган болалар, ҳомиладор аёллар, сурункали касалликка чалинганларнинг рўйхатлари тўлиқ шакллантирилиб, 708 тадан ортиқ фуқаролар патронаж кўригидан, 89 нафари тиббий кўрикдан ўтказилиб, 13 нафарига имтиёзли даволаниш учун ордерлар берилди. Прокурор ташаббуси билан тумандаги тўрт мингдан ортиқ фуқаролар чуқурлаштирилган сайёр тиббий кўрикдан ўтказилди. Шунингдек, ёшларнинг тадбиркорлиги ва бизнесларини ривожлантириш мақсадида Давлат бюджетидан тумандаги секторларга 4 миллиард 700 миллион сўм маблағ ажратиш режалаштирилган бўлиб, ушбу маблағларни тўғри тақсимлаш ва туманда ёшларнинг ҳаққоний рўйхатини шакллантириб, уларнинг ҳар бири билан алоҳида суҳбат олиб борилиб, анкетаси шакллантирилди. Жумладан, ёшларнинг муаммо ва таклифлари жойида ҳал этилиб, штабга маълумотлар олиб келиниб, ягона базага жойлаштирилди ва ёшлар иттифоқи туман Кенгаши томонидан 2 минг 710 нафар ишлаш ниятидаги ёшлар рўйхати шакллантирилган бўлиб, шундан 1 минг 17 нафари тадбиркорлик билан ва 1 минг 75 нафар ёшлар фермерлик фаолияти билан шуғулланиш истагида эканлиги, қолган 9 минг 35 нафар ёшлар таълим олиш истагида бўлиб, 2 минг 932 нафар ёшлар ҳарбий хизматни ўташ истагида эканлиги маълум бўлди.
Жорий йил бошидан бугунга қадар 15 нафар ёш тадбиркорга 1 миллиард 186 миллион сўмлик маблағлар тадбиркорлик субъектлари ташкил этиш учун банк томонидан имтиёзли кредит ажратилган бўлиб, 54 нафар ёшлар доимий иш билан таъминланди. Шунингдек, сектор ҳудуди бўйича хусусий сектор ва давлат эгалигидаги объектларга инвестицияллар киритиш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ҳудудда коммуникация тармоқлари, маиший хизмат кўрсатиш ва ижтимоий соҳа объектларини янгилаш ва таъмирлаш ишлари бўйича ҳам амалий ишлар бажарилмоқда.
Азизбек АБДУРАҲМОНОВ,
туман прокурори.