Дунёда кутиш ва соғинчдан ёмони, туғилиб ўсган, улғайган маскан тупроғидан-да азизроқ нарса бўлмаса керак. Самарқанд вилояти ҳамда қўшни Тожикистон Республикасининг Сўғд вилояти ўртасидаги “Жартепа” ва “Саразм” ўтказиш пунктларининг очилиши жорий йилнинг тарихий воқеаларидан бири сифатида ҳар икки давлат фуқароларининг ҳам катта хурсандчиликларига сабаб бўлди.Ушбу ўтказиш масканларининг ҳар иккала томонидаги Булунғур, Ургут ва Панжикент туманларининг ҳудудига яқин жойларидаги аҳолисининг, ёшу-қариларнинг қувончи чексиз. Бу ҳудуд аҳолиси минг йиллардан буён ўзаро борди-келди, қуда-анда бўлиб яшаб келишган. Эндиликда ҳар икки давлат ҳукумат бошлиқларининг инсонпарварлиги, саъй-ҳаракатлари туфайли ўртадаги чегаралар очилиб, ака ука билан, опа сингил билан, тоға жиян билан, амма хола билан истаган пайтларида бир-бирлариникига бориб-келиб, дийдорлашиш имкониятига эга бўлишди. Ҳозирда “Жартепа” ўтказиш масканидаюртимиздан Сўғд вилояти томонга қариндош-уруғлари билан дийдорлашиш учун шошаётган фуқаролар, шунингдек, Тожикистон Республикасининг биз томондаги жигаргўшалари билан учрашиш мақсадида ташриф буюрган фуқаролари билан гавжумлигининг гувоҳи бўласиз. Масканда фуқароларнинг эркин ҳаракатланишлари учун барча шароитлар яратилган бўлиб, биринчи бекатгача фуқароларни элтиш учун тўртта “Дамас” автомобили хизматда. Бекатдан вилоятимизнинг турли жойларига фуқароларни истаган манзилларига етказишучун ҳам автотранспорт воситалари билан тўлиқ таъминланган. Масканда ҳаракатланаётган ҳар икки давлат фуқароларининг юзларидан жуда хурсанд ва ҳаяжонда эканлиги кўриниб турибди.
- Булунғур тумани, Хўжамазгил МФЙ ҳудудидаги Янгиқишлоқда яшовчи қариндошларим билан дийдорлашиш учун йўлга чиқдим, - дейди биз билан суҳбатда Панжикент тумани, Сўжана қўрғони, Қумсой қишлоғида яшовчи фуқаро Муслима Ғойипова. - Яқинда бу томондан холамнинг қизи Сайёра Маматмусаева бизларникида уч кун бўлиб, оғайнилари, яқинлари билан кўришиб қайтди. Ҳаяжондаман, қариндош-уруғларим билан тезроқ дийдор кўришиш истаги ҳозир кучли. Ҳар икки томон ўтказиш масканларида ҳам ҳужжатлаштириш ишлари тезда ҳал қилинмоқда. Ортиқча оворагарчиликлар йўқ. Биз каби фуқаролар учун мана шундай имкониятлар яратиб бераётган ҳар иккала давлат раҳбарларига ҳам мингдан-минг раҳмат.
Панжикент туманининг Чимқўрғон қишлоғида туғилган Норой опа Жабборова бундан қирқ йил илгари Булунғур туманининг Хўжамазгил маҳалласига келин бўлиб тушган. У киши ҳозирда нафақада. 7 нафар ўғил ва 2 нафар қизнинг суюкли онаси. Бугун онахоннинг ҳам қувончи чексиз. Ҳалигача қувончдан кўз ёшларини тиёлмаяпти. Негаки, яқиндагина ўғли Бекжон Жумабоев билан туғилиб улғайган қадрдон қишлоғига бориб, акаси Холиқул Мелиқулов, опаси Махбират Жабборова, синглиси Шарофат Жабборова ва бошқа бир қанча қариндошлари, қўшнилари, танишлари билан дийдорлашиб қайтди.
- Қариндошларим. оғайниларим бизларни катта хурсандчилик билан кутиб олишди. Маҳалладошлар, қўни-қўшниларнинг хурсандлигини айтмайсизми. Ҳеч қўйворгилари йўқ. Ҳаммалари меҳмондорчиликка таклиф қилишади. Айниқса, Панжикент туман деҳқон бозорини айланганимизда бизларни кўриб тадбиркорлари, сотувчиларининг чегара маскани очилганлидан мамнунликларини сўз билан ифодалашқийин, - дейди Норой опа Жабборова. - Ҳалигача туғилган юртимга бориб келганимга ўзим ишонгим келмайди. Мана, энди Наврўз байрамидан сўнг у томондан қариндошларим келишмоқчи. Бизга мана шундай имкониятларни яратиб берган Юртбошимиз умридан барака топсин.
ТўлқинШЕРБОЕВ.