Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ташкил этилганига қадар кўпчилик фуқаролар масъулиятни ҳис қилмасдан, ўзбошимчалик билан электр энергияси, табиий газ ва ичимлик сувидан хўжасизларча фойдаланишди. Шунингдек, у пайтларда электр энергияси ва табиий газ таъминоти идораларида ишлаган назоратчи ва ходимларнинг ҳам аксарияти масъулиятни ҳис қилишмади. Улар ўз хизмат вазифаларига совуққонлик билан муносабатда бўлишди. Давлат мулки бўлган бебаҳо бойлигимизнинг бир қисми талон-тарож қилинди. Миллиардлаб сўм пуллар ҳавога совурилди. Афсуски, ҳозир ҳам онда-сонда бўлсада ўтган даврни қўмсаб электр энергияси ва таббий газдан ўғринча фойдаланаётган, ноқонуний уланаётган, дебитор қарздорликлариниўз вақтида тўламаётган истеъмолчилар учраб турибди. Эндиликда ана шундай масъулиятсиз истеъмолчилар ходимларимиз томонидан назорат тартибида ўтказаётган тадбирларида аниқланиб, уларга нисбатан қонуний чоралар кўрилмоқда.
Жорий йилнинг икки ойи мобайнида электр энергияси ва табиий газдан жами 608 та ҳолатда истеъмолчилар 211 миллион сўмлик дебитор қарздорликларини ўз вақтида тўламаганлигиклари сабабли тармоқдан ажратилди. Шунингдек, тармоқдан узилган истеъмолчиларнинг жами 365 таси қарздорликлари бартараф этилиб, қайта улаш учун 149 миллион сўмлик маблағлар ундирилди.
Шунингдек, энергия ресурсларига ноқонуний уланиш ҳолатларини аниқлаш юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида 55 та ҳолатда тегишли тартибда далолатномалар расмийлаштирилиб, 63 миллион сўмлик зарар аниқланди. Шундан электр энергияси бўйича 48 та ҳолатда ҳуқуқбузарларга нисбатан далолатномалар расмийлаштирилиб, 57 миллион сўмлик, табиий газ бўйича 7 та ҳолатда 6 миллион сўмлик зарар аниқланди.
Аниқланган барча ҳуқуқбузарлик ҳолатларига нисбатан далолатномалар расмийлаштирилиб, қонуний чоралар кўрилмоқда. Ходимларимиз томонидан белгиланган режа асосида жойларда мунтазам истеъмолчилар билан ўтказилаётган учрашув ва тадбирларда энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, исрофгарчиликка йўл қўймаслик, фойдаланилган энергия, табиий газ ва ичимлик сувлари учун тўловларни ўз вақтида амалга ошириш лозимлигини унутмасликлари уқтирилмоқда.
Баҳодир АБЖАЛОВ,
МИБ туман бўлими қарздорликн судгача
ундириш шўъбаси катта инспектори.