Оиладаги ота-онанинг ўзаро ижобий муносабатлари оилавий тотувликнинг асосидир. Чунки, аҳил оиладаги ота-онанинг фарзандларига меҳр кўрсатиши ва қўллаб-қувватлаши уларнинг маънавий, ҳиссий, жисмоний жиҳатдан улғайишига олиб келади. Бугунги кунда “ажрим” сўзи ҳеч кимга нотаниш сўз эмас. Оилада икки ёш бир-бирини тушунмаса, тамом, эр ҳам, хотин ҳам “ажрашаман”га тушиб қолади. Бироқ, ажримнинг якуни нималар билан тугаши ҳақида ҳар иккала томон ҳам ўйлаб кўрмайди. Ажрим оқибатида фарзандлар жабр кўриши, ё ота ё она меҳридан мосуво бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳеч ким ўйламайди. Олиб борилган тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, болалар, айниқса, ўғил бола ота тарбиясига жуда муҳтождир. Оилада ўз ролини тўла бажара олмаган отанинг ўғли келажакда нафақат оила бошқаришида, балки тўла-тўкис йигит киши бўлиб етишишида ҳам айрим муаммолар мавжуд бўлади. Улар улғайгач, ҳар сафар ҳаётий муаммоларга дуч келганда, яна ўша ҳис-туйғу гирдобига тушаверади ва ўша жароҳатлар уларни қийнайверади. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, оилада оталарнинг йўқлиги болаларнинг мактабда ёмон ўқиши, руҳий беқарорлиги ва гиёҳвандликка мойиллигининг сабабларидан бири экан.
Шахс сифатида шаклланиш жараёни, айниқса, ўғил болалар учун мураккабдир. Чунки, улар аввало, физиологик жиҳатдан оналаридан ажралишлари, сўнг оталари билан муносабатларни ўрнатишлари лозим бўлади. Ўз отаси билан жуда яқин бўлган болалар, одатда, ичкиликбозлик ва гиёҳвандликка деярли берилмас экан. Аммо нотўлиқ оилада тарбияланаётган болаларнинг 33 фоиздан зиёди ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик кўчасига жуда эрта кирганликлари маълум бўлган. Психологларнинг фикрларига кўра, ўз оталари билан яқин бўлмаган болалардаги муаммолар ўсмир ёшида намоён бўлмаган тақдирда ҳам, улар психологиясида узоқ йиллар мудраб ётиши, кейинчалик газак олиши ҳам мумкин экан. Отанинг тарбия бобидаги ўрни улкан аҳамиятга моликдир. Hар бир ота-она фарзандлари сиймосида ўз ҳаётининг давомчиларини, ўзи бошлаган ишни охирига етказадиган ворисларни, ўзининг чинакам меросхўрларини кўрмоғи лозим.
Ажрим - бу ягона ечим эмас, бу сизнинг ҳаётингиз тўғри йўлга тушиб кетади дегани эмас, аксинча жрим - фарзандингизнинг келажаги барбод бўлиши учун қўйилган илк қадамдир.
Фарзандингиз ҳаётингизнинг мазмуни эканлигини, унинг порлоқ келажаги сизнинг улкан бахтингиз бўлишини инобатга олган ҳолда яна бир карра ўйлаб кўринг. Хулоса қилиш эса ўзингиздан...
Адлия БОЙМУРЗАЕВА,
Меҳржон МФЙ хотин-қизлар фаоли.