Оила – жамиятнинг асосий бўғини, муқаддас маскан. Конституциямизда оила жамиятнинг асосий бўғини эканлиги ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган. Аслида ҳам ҳар қайси миллатнинг ўзига хос маъанавиятини шакллантириш ва юксалтиришда, ҳеч шубҳасиз, оиланинг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Афсуски, сўнги йилларда инсоннинг соф, покиза туйғулари, илк ҳиссий тушунча, тасаввурлари шаклланадиган масканларимизда парчаланишлар кузатилаётгани ҳам ҳақиқатдан йироқ эмас.
Назаримда. бугунги кундаги ажримларга сабабчи бўлаётган асосий омил оилада эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан туғулаётган баҳслар, турмушнинг дарз кетиши ва у билан боғлиқ можаролар.
Хўш, нима учун бундай ҳолат вужудга келяпти? Таҳлилларга кўра, бу муаммонинг бош омили – уларнинг ҳуқуқий билимга етарли даражада эга эмасликлари, икки ёшнинг бир-бирини тушунмаслиги, ўзаро ҳурматнинг йўқолиб бориши сабаб бўлмоқда. Мамлакатимизда оилавий ажримларга қарши курашиш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Имкон қадар оилаларни асраб қолишга, ажримларнинг олдини олишга ҳаракат қилинмоқда.
Фикримча, ажримларга сабаб бўлаётган яна бир омил - айрим аёлларимизнинг илмсизлигидир. Эркаклар турмуш ўртоғи, қиз фарзандларининг илм олишига, бунинг учун уларга шароит яратиб беришга масъулдирлар. Йигитларимиз илмий савияларини оширмоқ ниятида турли ўқув машғулотларга боради, иш юзасидан турли тоифадаги одамлар билан фикр алмашади, қисқаси, замон билан ҳамнафас яшайди. Улғайиб бораётган фарзандлар ҳам турли ўқув-курсларга жалб этилади. Рўзғорнинг фариштаси эса четда қолиб кетади.
Бугунги куннинг энг оддий ҳақиқатларидан бири ҳам фақат уй-рўзғор юмушлари билан машғул бўлиш туфайли аксарият аёллар илм олишдан узилиб, майда муаммоларга ўралашиб қолишларига сабаб бўлмоқда. Аслида, онанинг илмли бўлиши умматнинг билим, салоҳиятли бўлишига сабабдир. Кўпчилик оилаларда улғаяётган қизларимиз ҳам асосан рўзғор тутишга ўргатилади. Бу яхши ҳолат. Аммо, уларнинг илмий савиясини, дунёқарашини ўстиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиш керак. Фикримча, оиланинг устуни ҳисобланган эркакларимиз бу масалага алоҳида эътибор бермоғи лозим.
Эркак билан аёлнинг илмий даражаси тенг бўлиши уларнинг ҳар бир масалада бемалол суҳбат қуришларига ва турли мавзуларда фикр юритишларига кенг шароит яратиб беради. Илм кишига фаросат аталмиш буюк неъматнинг шаклланишида ёрдам беради. Фаросатли аёл, умуман, фаросатли киши ҳаммага ёқади. Аёлнинг дунёқараши сустлиги, эркакнинг у билан етарлича суҳбатлаша олмаслиги туфайли аёлидан узоқлашишни бошлайди. Бу эса бора-бора оиланинг дарз кетишига олиб келади. Шунинг учун ҳам тенглик асосига қурилган ҳар қандай оила, бу тенгликни ушлаб қола билган инсонлар ҳаёти ажримдан йироқ.
Давлатимиз томонидан хотин-қизлар билим-салоҳиятини ошириш, уларнинг жамиятда ва оилада ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш борасида қилинаётган ишлар ҳам бежиз эмас. Чунки, юқорида таъкидланганидек, илмли аёл фарзандларига яхши таълим-тарбия беради. Ўғил-қизларини жамиятга нафи тегадиган, халққа хизмат қиладиган инсон сифатида вояга етказади.
Шунинг учун хотин-қизлар олий ўқув юртларида таҳсил олишлари учун қатор имтиёзлар яратилган. Қўшимча квоталар ташкил этилган. Касб-ҳунарга йўналтириш борасида ҳам қилинаётган ишлар кўлами кенг.
Туманимиз маҳаллаларида ўз фаолиятини бошлаган “Аёллар дафтар”и ҳам хотин-қизларнинг иқтидори, лаёқатига қараб, интилишларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилиб келмоқда.
Адлия БОЙМУРЗАЕВА,
“Меҳржон” МФЙ хотин-қизлар фаоли.