САЛОҲИЯТИ ЮКСАК КОРХОНА
МЧЖ шаклидаги “BULUNGUR SANDVIK” қўшма корхонаси шундоққина туманимиз марказида жойлашган. Корхонага кириш дарвозаси олдида бир нечта карам ва шивит кўкатлари ортилган юк автомашиналари фермер хўжаликлари далаларидан келтирилган маҳсулотларини топшириш учун навбат кутиб туришганлигидан ҳам ичкарида иш қизғин кечаётганлигини сезиш қийин эмас. Карантин пайтида иш қай даражада ташкил этилганлиги билан танишиш мақсадида корхонага ташриф буюрганимизда қуёш эндигина ётоғидан кўтарилган пайт эди. Одатда бу маҳалда ҳали кўпчилик корхона ва ташкилотлар иш бошлашмаган бўлади. Корхонага кираверишда эҳтиёт чораси сифатида барча қатори бизнинг ҳам тана ҳароратимизни махсус тиббий ўлчагич ёрдамида текшириб, қўлларимизни махсус эритма ёрдамида дезинфекция қилишиб, сўнгра ичкарига киришга рухсат беришди. Бизни корхона цехларидаги иш фаолиятлари билан технолог Мирсултон Жонузоқов таништириб борди. Ҳақиқатдан ҳам корхона дарвозасидан ичкарига бош суқишингиз билан иш шу даражада қизғин кечаётганлигининг гувоҳи бўласиз. Ишчилар кўп, бироқ уларнинг ҳар бири ўз ишлари билан банд. Муҳими ишчиларнинг ҳар бири бугунги карантин даврини ҳисобга олиб иш жараёнида бир-бирларидан оралиқ масофани сақлаган ҳолда ниқоб тақиб ишлашаётганлигининг гувоҳи бўлдик.
- Корхонамизда иш бир сутка давомида 8 соатдан, 3 сменада ташкил этилган, - дейди бизга ҳамроҳлик қилган М. Жонузоқов. - Албатта бугун дунёга хавф солиб турган пандемия даврида аввало ишчи-ходимларимизнинг хавфсизлиги, соғлиги муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда цехда фаолият олиб бораётган ҳар бир маҳсулот тозаловчи ишчилар, маҳсулотни қайта ишловчи техник ускуналарда ишлаётганлар, ускуналарни назорат қилувчи мутахассислар ҳам тўлиқ карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда иш олиб боришмоқда. Ҳар бир сменада 50-60 нафардан ишчилар фаолият олиб боришади. Уларни ишга олиб келиш ва иш вақти тугаганидан сўнг уйларига элтиб қўйиш учун алоҳида техникалар ажратилган. Шунингдек, ҳар бир сменадаги ишчиларга корхона томонидан тушлик ташкил қилинган. Бунинг учун корхонада барча шароитлар яратилган.
2009 йилда ташкил топган МЧЖ шаклидаги ҚК “BULUNGUR – SANDVIK” агросаноат фирмасига Италиянинг “SANDVIK” технологиялари ўрнатилган бўлиб, корхона қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, сотиб олиш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш фаолиятлари билан шуғулланади. Бугунги кунда туманимиздаги энг салоҳияти юксак корхоналардан бири саналган ушбу корхона йиллик 1500 тонна (қуритилган мева-сабзавотлар) тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватига эга. Унинг устав улушида “NORD NATURAL. FOOD ALLIANCE LTD” компанияси (Канада) -74,67 фоиз, МЧЖ “BERAD – AGRO” қўшма корхонаси 25,33 фоизни ташкил этади.
2014 йилда тумандаги МЧЖ “Bulyngurning mewasi” билан қўшма корхонага асос солинган. Корхонанинг иш фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида 2014 йилда “Ambertol Sustems LLP” (Буюк Британия) компанияси билан 2014 йилда тузилган № I MP – BS – 04 импорт контрактига асосан 3050,0 минг АҚШ долларига СКАНЕР, яъни энг замонавий жиҳозлар олиб келинган.
Корхона иш бошлаганидан буён асосий эътибор самарадорлик ва сифатга ҳамда янги иш ўринлари яратишга қаратилган. Шу боис 2016 йил дастурига асосан 2017 йилда ХАТБ “ДАВРБАНК” Яккасарой филиалидан 1383,0 минг АҚШ доллари миқдорида кредит олиниб, ушбу корхонада ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш мақсадида чет элдан замонавий асбоб-ускуналар олиб келиниб, қўшимча 35 та янги иш ўринлари яратишга эришилди. Шунингдек, 2017 йил июль ойида ХАТБ “ТРАНСБАНК” Тошкент шаҳар филиалидан 28,0 миллиярд сўм миқдорида кредит олиниб, бу маблағга Италия давлатида ишлаб чиқарилган “SANDVIK Z 1010” сабзавотларни қуритиш технологияси (асбоб-ускуналар) сотиб олиниб, яна қўшимча 30 та янги иш ўринлари яратилди.
2018 йилда 700 та фермер хўжаликлари билан умумий суммаси 4,6 миллиард сўмлик, жами 10,8 минг тонна сабзавот маҳсулотлари қабул қилиш учун шарномалар тузилиб, фермер хўжаликларига 1,4 миллиярд сўмлик аванс тариқасидаги тўловлар ва уруғлик, плёнка, минерал ўғитлар берилди. Шу йили 9,4 минг тонна сабзавот маҳсулотлари қабул қилиниб қайта ишланиб, 643 тонна тайёр маҳсулот тайёрланди. Шунингдек, экспорт учун 5436,2 минг АҚШ доллари миқдорида валюта тушган ва 4964, 9 минг АҚШ долларига жами 3653,4 тонна қуритилган булғор қалампири, лавлаги, лукпорей, укроп, қовоқча, қовоқ, пиёз ва майиз, мош каби маҳсулотлар АҚШ, Германия, Франция, Россия, Қозоғистон, Хитой, Туркманистон ва Туркия давлатиларига экспорт қилинди.
Қўшма корхона негизида 2018 йилда МЧЖ “Best Veg Farm” корхонаси билан биргаликда мева-сабзавотчилик кластери ташкил қилиниб, тумандаги “Мингчинор”, “Улуғбек”, “Бешкуби”, “Ўзбекистон” массивларидаги экин майдонларидан 341 гектар ерга эга бўлишди. Ҳозирги кунда бу экин майдонларига булғор қалампири, карам, лавлаги, қовоқ, пиёз каби қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирилмоқда.
Корхона 2019 йилда 1025 та фермер хўжаликлари билан умумий суммаси 18,1 миллиард сўмлик, жами 35,9 минг тонна сабзавот маҳсулотлари қабул қилиш учун шартнома тузган ва 2019 йил давомида фермер хўжаликларига 2,3 миллиард сўмлик бўнак тариқасидаги тўловлар ва уруғлик, плёнка, минерал ўғитлар берилди. 2019 йилда экспорт учун 6314,7 минг АҚШ доллари миқдорида валюта тушган ва 5955,2 минг АҚШ долларига жами 4528,1 тонна қуритилган булғор қалампири, лавлаги, лукпорей, укроп, қовоқча, қовоқ, пиёз ва бошқа майиз, мош каби маҳсулотлар АҚШ, Германия, Франция, Россия, Қозоғистон, Хитой, Эрон, Ироқ, Туркманистон ва Туркия давлатларига экспорт қилинишига эришилган.
2020 йилда 1110та фермер хўжаликлари билан умумий суммаси 33,7 миллиард сўмлик, жами 43 минг тонна сабзавот маҳсулотлари қабул қилиш учун шартномалар тузилган ва 2020 йил давомида фермер хўжаликларига 5,6 миллиард сўмлик бўнак тўловлар ва уруғлик, плёнка, минерал ўғитлар берилди. Жорий йилнинг 5 ойи мобайнида экспорт учун 1933,4 минг АҚШ доллари миқдорида валюта тушган ва 1531,1 минг АҚШ долларига жами 429,8 тонна қуритилган булғор қалампири, лавлаги, лукпорей, укроп, қовоқча, қовоқ, пиёз каби маҳсулотлар АҚШ, Германия ва Россия давлатларига экспорт қилинди.
Корхонанинг ишлаб чиқариш қувватини янада кенгайтириш ҳамда янги иш ўринлари яратиш мақсадида АТБ “Туронбанк” Чилонзор филиалидан 806,9 минг АҚШ доллари миқдорида кредит маблағи олиниб, булғор қалампирини қайта ишлашга бирламчи ускуналар келтирилди.
Корхонанинг ишлаб чиқариш қувватини янада кенгайтириш ҳамда янги иш ўринлари яратиш мақсадида АТБ “Туронбанк” Чилонзор филиалидан 806,9 минг АҚШ доллари миқдорида кредит маблағи олиниб, булғор қалампирини қайта ишлашга бирламчи ускуналар келтирилди.
-Айни пайтда далаларда бир пайтнинг ўзида карам, шивит сингари эртапишар экинлар барча ҳудудларда бир пайтнинг ўзида пишиб етилганлиги туфайли бугун корхонага кириш дарвозаси олдида ушбу қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ортган юк автомашиналарининг сони кундан-кунга ортмоқда, - дейди корхона иш бошқарувчиси Исроил Азизов. - Бунга яна бир сабаб шуки, юқорида таъкидланганидек, туманимиздаги бир нечта массивлардаги 341 гектар экин майдонларимизда етиштирилган маҳсулотларимиздан ташқари биз билан шартнома тузган фермер хўжаликлари далаларида етиштирилган маҳсулотлар билан бир қаторда вилоятимизнинг Ургут, Тойлоқ, Жомбой каби туманлари ва қўшни Жиззах вилоятининг Ғаллаорол, Бахмал туманларидан ҳам карам ва шивит каби қишлоқ хўжалик маҳсулотлари келтирилаётганлигидадир.
Корхонада маҳсулотни қабул қилиб олингандан бошлаб уни тайёр ҳолга келгунига қадар уч босқичдан ўтказилишининг гувоҳи бўлдик. Бунда биринчи навбатда ишчиларнинг қўл меҳнатлари орқали маҳсулотнинг сиртқи яроқсиз қавати олиб ташланиб, белгиланган ўлчамдан катта бўлганлари кичик қисмларга бўлиниб, сўнгра ювиш қозонига ўтказилиши, у орқали конвейер усулда маҳсулотнинг барг ва тана қисмлари алоҳида ажратилиши, печлардан ўтаётган маҳсулотлар дастлаб 120 даража иссиқликдаги 1-линиясида маҳсулотнинг суви қочирилиши, 2-линия орқали олий навга ажратиш, сўнгра 60 даражагача бўлган иссиқликда 3-линия орқали 2 навга ажратилиб, қадоқланар экан. Албатта, бир кунда 100 тонна қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қабул қилиб, 5-6 тонна қуритилган тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган бундай юксак салоҳиятга эга корхонанинг улкан ютуқларни қўлга киритиши ҳамда замонавий ускуналарнинг узлуксиз ишлаши ва сифатли маҳсулот ишлаб чиқарилишида корхонанинг Азим Раҳимов, буғ-қозон цехи операторлари Низомжон Оқбўтаев, Бозорбой Расуловларнинг ҳамда Жумагул Исмоилова, Орзигул Раҳимова, Янглиш Алимова, Сарвар Юнусов, Шерали Юсупов каби сараловчи ишчи-хизматчиларнинг ҳам хизматлари беқиёс бўлмоқда.
Корхона фаолияти билан танишиш давомида цехда 4-5 хилдаги ускуналарнинг тайёр ҳолга келтириб қўйилганлигининг гувоҳи бўлдик. Цех мутахассиси М. Жонузоқовнинг таъкидлашича ушбу ускуналар келгусида корхонага келтириладиган лавлаги, қовоқ ва пиёз каби қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлашда қўлланиладиган ускуналар тайёр ҳолга келтириб қўйилганлигини билдик.
Қисқаси, корхонада фаолият олиб бораётган ҳар бир ишчи-ходим халқимиз дастурхонини нафақат ёзда, балки йилнинг тўрт фаслида ҳам тўкин бўлишини таъминлашга ҳисса қўшаётганликларидан мамнун эканлигини дилдан ҳис қилдик.
Қисқаси, корхонада фаолият олиб бораётган ҳар бир ишчи-ходим халқимиз дастурхонини нафақат ёзда, балки йилнинг тўрт фаслида ҳам тўкин бўлишини таъминлашга ҳисса қўшаётганликларидан мамнун эканлигини дилдан ҳис қилдик.
Тўлқин ШЕРБОЕВ.