Оила - муқаддас даргоҳ. Уни сақлаш ҳар биримизнинг бурчимиз.Баъзида арзимас масалалар юзасидан ҳам асаблар таранглашади, натижада оилаларда келишмовчиликлар бўлиб туради.
Янги йилнинг биринчи куни туманимиздаги “Амир Темур” МФЙга қарашли хонадонлардан бирида эр-хотин ўртасида оилавий келишмовчилик туфайли низо келиб чиқди. Ҳуқуқбузарлар (исми-фамилиялари ўзгартирилган) А. Жўраев, Ш. Эгамбердиева ва Н. Алибоеваларнинг барчаси оилалик, 3-4 тадан фарзанднинг ота-оналари, энг муҳими барчаси олий маълумотли, зиёли бўла туриб, келини ва куёвининг арзимас жанжалларини ёшларга ётиғи билан тушунтириш, мулоҳаза билан иш тутиш ўрнига қудалар бир-бирларининг шахсиятига тегадиган, шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ноўрин ва куракда турмайдиган сўзлар билан “сийлашди”. Қудаларнинг бу келишмовчиликлари уларни судга етаклади.
Жорий йилнинг 26 февралькуни Булунғур автомобиль мактаби биносида туман маъмурий судининг очиқ сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда ҳуқуқбузарлар А, Жўраев, Ш. Эгамбердиева, Н. Алибоевалар ҳамда жабрланувчи Н. Жўраева иштирокида маъмурий иш бўйича ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича суд иши кўрилди.
Суд ҳуқуқбузар А. Жўраев, Ш. Эгамбердиева ва Н. Алибоеваларнинг қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилмаганликларини инобатга олиб уларнинг ҳар бирига Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 41-моддасига асосан, МЖтКнинг 33-моддасини қўллаб энг кам ойлик иш ҳақининг 2 (икки) баравари, яъни 405 460 (тўрт юз беш минг тўрт юз олтмиш) сўм миқдорида жарима жазоси тайинлади.
Шерзод ТЎХТАЕВ,
туман маъмурий суди раиси.