Қрим-Конго геморрогик иситмаси – арбовируслар қўзгатадиган, иситмалаш, геморрогик аломатлар билан кечадиган, табиий шароитда каналар чақиши билан юқадиган табиий ўчоқли ўта хавфли касаллик.
Қрим-Конго гемморрогик иситмаси вируси каналар организмида бўлиб, улар вирусни умри давомида ташиб юради ва ҳаттоки наслига ҳам трансовареал йўл билан ўтказади. Ўзбекистонда бундай каналар иқсод каналари ҳисобланади.
Қрим-Конго гемморрогик иситмаси вируси одамга каналар чақиши орқали юқади. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалик ҳайвонлари ва бемор қонини сўрган канани эзиб ўлдирганда ва бемор қонини бошқа беморга қуйганда юқиб қолиши мумкин. Касаллик юқтирган одам атрофдагилар учун хавфлиҳисобланади. Шифохонага ётқизилганда санитария қоидаларининг бузилиши оқибатида шифохона ичида ҳам инфекцияси тарзида тарқалиш эҳтимоли бор.
Касалликка мавсумийлик хос бўлиб, асосан апрелдан сентябрь ойигача бўлган мавсумда касаллик кайд этилади.
Касаллик юқтириб олган одамда касалликнинг инкубацион (яширин) даври ўртача 2-6 кунни ташкил қилади.
Қрим-Конго гемморрогик иситмаси клиник аломатлари ўткир бошланади, танаси қалтираб, ҳарорати 38,5-40,5 С гача кўтарилади. Беморда ич кетиши, бошнинг пешона соҳасида кучли оғрик, белда, бўғинларда ва мушакларда оғриқ, умумий ҳолсизлик белгилари содир бўлади. Касалликнинг авж олиш даврида 4-5-кунлари геморрогик тошмалар пайдо бўлиб, тери, шиллиққаватлар, муолажа ўтказилган жойларда қонталаш, бурун, милк, оғиз шиллик қаватидан қон кетиши, қонли қусиш, ичакдан ва аёлларда жинсий аъзолардан қон кетиши кузатилади. Даволаш ишларини ўз вақтида ўтказмаслик касалликнингўлим билан тугашига олиб келиши мумкин.
Юқоридаги клиник аломатлар бўлганда зудлик билан тиббиёт ходимларига мурожаат қилиш касалликнинг эрта тузалишига ва ўлим ҳолатларининг бўлмаслиги учун асосий кафолатлардан биридир.
Касалликнинг давоси симптомларни даволашга қаратилган бўлсада, аввал касал бўлган одамнинг шу группадаги қонини қуйиш оркали даволаш касалликнинг бошланғич босқичларида яхши натижа беради.
Қрим-Конго гемморрогик иситмаси профилактикаси асосий аҳамиятга эгадир. Чўпонлар ва дала-даштларда ишловчи аҳолининг доимий тиббий кўрикдан ўтказиб турилиши, санитария-оқартув ишларининг яхши йўлга қўйилиши, уй ҳайвонларини каналашга қарши дезинсекция тадбирларини олиб бориш, мол вақўйларни каналардан тозалашда қўл билан эзмаслик, тиббиёт ходимларининг билим савияларини ошириш ва шифохона ички инфекцияси келиб чиқмаслиги учун шифохоналарда санитария ва эпидемиология қоидаларига риоя қилган ҳолда ишларни олиб бориш муҳимдир. Бу каби ишлар узлуксизлиги таъминланса самараси яхши бўлади.
Кирим-Конго гемморрогик иситмасидан эхтиёт булинг!
Улуғбек ҲАСАНОВ,
туман СЭО ва ЖС бўлими эпидемиолог-шифокори.
Шохруҳ АШУРОВ,
туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими эпизотологи.