Турли русумдаги машиналарга ортилган, миллий ифтихоримиз бўлган пилла карвони карнай-сурнай садолари остида “Мингчинор” пилла қабул қилиш пунктига етиб келди. Мутахассислар маслаҳати билан ишчилар ёрдамида олтиндай товланиб турган “кумуш тола”лар сараланиб, тарозига қўйилди.

– Шу куннинг ўзида қалби дарё касаначиларнинг самарали меҳнати эвазига етиштирилган дастлабки 1500 килограмм пиллани қабул қилиб олдик, - дейди “Зар Олтин пилла” МЧЖ пиллачилик бўйича бош агрономи Анвар Мирзанбоев. - Алишер Навоий хўжалигидан Дилдора Саидмуродова, Ўзбекистон хўжалигидан Моҳира Қурбонова, Мингчинор хўжалигидан Мавжуда Бобоёрова, Зарбдор хўжалигидан Пўлат Рустамов каби илғор касаначилар парвариш қилган пиллалари биринчи навга қабул қилинди.

Туманимиз пиллакорлари жорий йилда давлат қабул пунктларига 117 тонна пилла етиштиришга бел боғлаганлар. Жами 2022 та касаначилар ва фермер хўжаликларида 2045 қути ипак қурти боқилмоқда. Улар учун ҳамма шароитлар яратилган.
Пилла карвони келиши муносабати билан “Мингчинор” пилла қабул қилиш шахобчасида илғор пиллакорларни тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Тадбир иштирокчилари бўлган пиллакорлар тўкин дастурхон атрофида бир пиёла чой ичишиб, пилла боқиш бўйича ўзаро тажриба алмашдилар.
Тадбир давомида туман ҳокими Самандар Астанов илғор пиллакорларга янги русумдаги телевизор, гилам, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғаларини топширди.
Раббим ҲОТАМОВ.