Ёки ўтган йили шаҳримиздаги “Гулистон” маҳалласи ҳудудида юз берган мудҳиш қотиллик хусусида
(Суд очерки)
Тўй яқинлашган сайин Акбарнинг ҳаяжони тобора ортиб борарди. Ҳаяжонланмай, севинмай бўладими, уч кундан кейин тўйи, ахир. Кўнгил қўйган қизи билан турмуш қуради. Энг муҳими, суйган қизи оиласидагиларга ҳам маъқул бўлди, айниқса онасига. Онаси бўлажак келинини илк бор кўриб, у билан танишганида кўнглида шундай фикрлар кечди:
- Қурғур ўғлимнинг диди ҳам чакки эмасда, бўйи басти ҳам ўзига ўхшаш роса, кўҳликкина, чиройли экан. Одобли, хушмуомилага ўхшайди. Ота-оналари ҳам тагли-тугли кишилар, деб эшитдим. Илоҳим бир-бирлари билан қўша қаришсин. Бахтли бўлишсин.
Акбар оилада ёлғиз ўғил. Мактабда яхши ўқиди. Ёшлигидан ҳарбий бўлишни орзу қилди. Мунтазам равишда спорт билан шуғулланди. Коллежни тугатиб ҳарчанд ҳаракат қилмасин, ўқишга бора олмади. Оилавий шароитлари тўғри келмади. Бироқ, ақл-идроки, ростгўйлиги, меҳнатсеварлиги билан тез орада маҳалла-кўйда, қавму-қариндошлари, ёру-дўстлари ўртасида обрў-эътибор қозонди.
Коллежни тугатгач Акбар бирон-бир касбнинг бошини тугишни ўз олдига катта мақсад қилиб қўйди. Автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шахобчаларидан бирига шогирд сифатида ишга кириб, техника сирларини қунт билан ўргана бошлади. Ундаги техникага бўлган қизиқишни, мижозлар билан бўлган муомиласини анчадан буён кузатиб юрган Булунғур шаҳрида истиқомат қилувчи хусусий тадбиркор Низом Маҳмудов уни “Гулистон” МФЙ, Дўстлик кўчасида жойлашган автомобилларни ювиш шахобчасига иш юритувчи қилиб ишга қабул қилди. Бу ерда ишлаётган ўнга яқин йигитларга бош-қош бўлган Акбарнинг мижозлари кундан-кунга кўпайиб борарди. Топиш-тутиши ҳам бинойидек эди.
Ҳар кунги одатига кўра ўша куни ҳам у ишдан сўнг шахобча ичкарисидаги ётоқхонасига келиб тамадди қилди. Чой устида ширин хаёллари уни яна ўз оғушига олди. ”Уч кундан сўнг тўйлари. Тўйхона, ЗАГС куни бўладиган барча расм-русумларни ўтказиш тартиблари, вақтлари келишилган. Узоқ яқиндаги барча қавму-қариндошларга, ёру-дўстларига таклифномалар юборилган, дўстлари ҳам ёнида туриб беради. Онаси ҳам Туркиядан учиб келяпти. Худо хоҳласа тўй зўр ўтади”. Минг афсус-надоматлар бўлсинки... Акбаржоннинг барча орзу-умидлари, порлоқ ҳаёти ҳақидаги режалари саробга, тўйи эса азага айланди...
2018 йил 14 август куни “Гулистон” маҳалласида яшаб келаётган, 1995 йили Булунғур туманида туғилган Қудратов Омаджон синфдош дўсти Қўлдошев Аброр билан соат 06.00ларда Самарқанд шаҳридаги мижозларининг уйида устачилик ишларини давом эттириш учун жўнаб кетади. Кунлик ишларини тугатиб, соат 20.00ларда иккиси ҳам Аброрларникига келади. Эртаси куни ҳам ишларини давом эттириш учун Самарқанд шаҳрига вақтли кетишларини режалаштириб олади. Омаджон ортиқча буюмлари, ишга кийиладиган кийимлари солинган целлофан пакетни дўстиникида қолдириб,
- Зокир исмли танишимникига боришим керак, - деб Аброр билан хайрлашиб, уйдан чиқиб кетади. Йўл-йўлакай маҳалладош тенгқурларини учратиб, маҳалла ҳудудидаги дўконлардан спиртли ичимликлар истеъмол қилишади. Таниши Зокир исмли йигит билан топишгач, улар яна икки шиша пиво ичишади Шундан сўнг улар “Навбаҳор” маҳалласи, Алпомиш кўчасидаги онаси Мамадиёрова Сайёрага тегишли бўлган 21-уй 7-хонада ўзаро оғзаки келишув бўйича ижарада холаси билан яшаётган Ирисқулов Акбарнинг синглиси Ирисқулова Умидага учрашиш мақсадида уларникига бориб, эшикни тақиллатганларида соат миллари 21.20 ларни кўрсатарди. Эшикни Умида билан унинг холаси Дилдоралар очиб, улардан бемаҳал келишларининг боисини сўрашади. Шунда Омаджон Умидага юзланиб:
- Ҳовлига туш, сен билан очиқчасига гаплашиб олишим керак, - дейди.
Умида гап нимадалигини тушунмай турган холасига юзланиб:
- Хола сиз хавотир олманг, бу киши квартирамизнинг эгаси Сайёра опанинг ўғли бўлади, ёнидаги киши дўсти бўлса керак, - дейди. Холаси унга қарата:
- Энди тушиндим, - дегандай ишора қилади. Сўнгра учаласи ҳовлига тушишади. Омаджон Умидага синчковлик билан, суқланиб боқаркан:
- Маҳалламиздаги айрим кишиларнинг гап сўзларига қараганда квартирага бегона эркаклар, аёллар келаётганмиш. Бу нима деган гап, - дейди.
- Биринчидан, бемаҳалда, ғирт маст ҳолда келиб, тинчимизни бузишга ҳақларингиз йўқ, иккинчидан, бизларга туҳмат қиляпсиз. Ҳеч қандай бегона кишилар, аёллар келгаётгани йўқ. Онангиз ҳам тез-тез хабар олиб турибди. Ишонмасангиз қўни-қўшнилардан сўраб билинг, - дейди Умиданинг жаҳли чиқиб.
Шу пайт таниши Зокирнинг отаси келиб қолиб уларга:
- Кечаси алламаҳалда бу ерда нима қиляпсизлар ҳамманинг тинчини бузиб, аҳмоқлар, - деб танбеҳ беради. Сўнгра ўғлини қаттиқ койиб ўзи билан олиб кетади.
Улар холи қолишгач Омаджон Умидага яна куракда турмайдиган гапларни айта бошлайди. Бундай ҳақоратларга чидай олмаган Умида шу зоҳати шу яқин атрофда (шахобчада) яшаётган акаси Акбарга телефон қилиб:
- Ака, тезда квартирамизга етиб келинг. Омаджон ака бемаҳалда келиб турли хил бўлмағур гаплар билан бошимизни қотиряпти, - дейди.
Кўп ўтмай бу ерга Акбар ҳамда у билан бирга ишлайдиган ҳамкасби Яхшибоев Темурбеклар етиб келишади. Улар бу ерга етиб келишганларида Омаджон билан Умида ҳали-ҳануз қизишиб, бир-бирларини турли хил бўлмағур гаплар билан ҳақорат қилишаётганди. Акбар синглисига юзланиб:
- Тинчликми, синглим нима гап ўзи, - дейди. Синглисининг хўрлиги келиб кўзига ёш олади. Омаджон эса юқорида синглисига айтган бўлмағур гапларни яна қайтаради. Акбар тушунарли, дегандай унга қарата қизишиб:
- Дўстим, ичингизда шунча гапларни сақлаб юрган экансиз, кундузи, соғ пайтингизда менга бир оғиз айтмайсизми? Уят эмасми, бемаҳалда ҳамманинг тинчини, кайфиятини бузиб нима қиласиз? Ижара хақини олдиндан тўлаб қўйган бўлсам. Қўни-қўшнилар нима деб ўйлашади, бундай бўлмағур гапларни иккинчи бор тилингизга олманг, - дейди.
Энди кайфи бир оз тарқай бошлаган, қилмишидан хижолат чекаётган Омаджон:
- Бунақанги гап-сўзлар онамнинг қулоғига чалингудек бўлса холангиз билан синглингизни квартирадан чиқариб юборади. Шундан хавотирдаман, - дейди ҳовридан тушиб.
- Омаджон уйингизга бориб дам олинг. Биз ҳам қайтайлик, эрталаб вақтли туришимиз керак, - дейди Акбар.
Улар шу тариқа Умида билан хайрлашиб то темир йўл томон буриладиган чорраҳагача у ёқ, бу ёқдан суҳбатлашиб келишади. Шундан сўнг улар ҳам хайрлашиб Акбар билан Темурбек шахобча томон, Омаджон эса “Юлдуз” кинотеатри тарафга қараб юра бошлайди. У “Юлдуз” кинотеатри атрофларидаги ошхоналарга кириб, яна кўп миқдорда спиртли ичимликлар ичади. 22.00ларда қаттиқ маст ҳолатда Омаджон яна Умидаларникига қайтиб келиб, улар яшаётган квартиранинг эшигини таққилатади. Эшикни Умида очиб унга:
- Яна нима гапингиз бор эди, тинчликми ўзи, - дейди.
Омаджон унга:
- Шошиб турибман, бир дақиқага чиқ, гаплашиб олшимиз керак, - дейди. Умида у билан ҳовлига чиқаётганида 2017 йил сентябр ойида танишиб, бир-бирларига кўнгил қўйган йигити Очилов Умиджонга телефон қилиб:
- Телефонни эшитинг, уйдаман, - дейди секингина ва телефонни ўчирмай қўлида ушлаб туради. Буни Омаджон мутлақо сезмайди.
- Хўш, нима гапингиз бор эди менда? Тезроқ гапиринг, дам олишимиз керак. Холам ҳам қаттиқ хавотир оляпти, тушиб қолиши ҳам мумкин, - дейди Умида атрофга олазарак боқаркан.
- Тўғрисини айтсам, квартирамизда турганларингдан буён сени ёқтириб қолганман. Иккимиз вақти-вақти билан дон олишиб турсак, кейин бемалол тураверардиларинг, сени рози қиламан, бу ёғидан ғам ема, - дейди унга бетамизларча.
Умида унга жавобан:
- Ифлос экансанку, ҳали муддаойинг шумиди? Сенга ҳеч ким бу ерга эркак, аёллар келиб турибди, деб айтгани йўқ, айтмайди ҳам. Сен мараз мени ким деб ўйлаяпсан, хотинбоз. Тур йўқол бу ердан, - деб уни ҳовлидан ҳайдашга чоғланади.
Умиданинг йигити Умиджон улар ўртасида бўлиб ўтган гапларни эшитиб турганди. Улар шу тариқа бир-бирлари билан гап талашиб турган маҳали, орадан 10 минутлар ўтар-ўтмас ҳовлига бирин-кетин иккита енгил автомашина келиб тўхтайди. Машиналардан тушган 6-7 нафар йигит зудлик билан улар томонга қараб юради. Бу йигитлар Умиджоннинг ҳамкаблари, яқин дўстлари эди. Умиджон кела солиб Омаджоннинг ёқасидан оларкан:
- Сен икки соатдан бери бу ерда нима қиляпсан. Ҳе, онангнинг палонига... сенинг. Қиз бола билан ҳам шундай муомала қиласанми, ифлос. Турқингга...сенинг. Ҳозир абжағингни чиқараман, - деб унинг дуч келган жойларига муштлаб, тепа бошлайди. Дўстлари ҳам қараб туришмайди. Уни ерга йиқитишиб, бирин-кетин роса дўппослашади. Шунда Умиджон йигитларга:
- Бас, бўлди қилинглар, - дейди.
Юзлари бир зумда маматалоқ бўлиб, оғзи-бурни қонаган Омаджон зўрға жойидан туради. Юришга ҳам ҳоли қолмайди. Умиджон унга қарата:
- Мана шу ҳовлига яна бир бор қадам босганингни эшитсам ичак-чавоғингни каллангга салла қилиб ўраб кетаман. Қизимни тинч қўй, - дейди ва йигитларга уни машинага чиқаринглар, деган мазмунда ишора қилади. Умидани уйига киритиб юбориб, Омаджонни чиқаришган машинанинг олдига бориб, унинг ёнига ўтиради. Машиналар “Юлдуз” кинотеатри томон йўл олишади. Йўлда кетишаркан Умиджон Омаджонга юзланиб:
- Кимсан ўзинг, Умиданинг олдига нега икки-уч маротаба кечаси бординг. Йигитмисан ўзи, ҳезалак, - дейди. Омаджон унга:
- Умидалар онамга тегишли бўлган квартирада туришади. Маҳалламиздаги айрим кишиларнинг гап-сўзларига қараганда квартирага бегона эркаклар, аёллар келиб турармиш. Шунинг учун у билан очиқчасига гаплашиб олмоқчи эдим, - дейди.
- Очиқчасига гаплашмоқчи бўлсанг унинг олдига кечаси, ғирт маст ҳолда борасанми мараз.Бу чўпчакларингни энангга бориб айт. Ҳамма гапларингни телефонда эшитдим. Сенинг ниятинг бузуқ. Умиданинг олдига тез-тез бориб туриш учун бу уйдирмаларни ўйлаб чиқаргансан, - дейди ва ҳайдовчининг елкасига қўлини қўйиб машинани тўхтатишни айтаркан сўзида давом этади:
- Янақайтариб айтаман, қизимнинг орқасидан ўралашадиган бўлсанг ичак-чавоғингни ёриб ташлайман. Бошқа қорангни кўрмай, - деб уни машинадан тушираркан, орқасига бир тепиб Омаджон билан “хайрлашади”.
Омаджон бу муштлашишларнинг ҳаммасини Умиданинг акаси Акбар, ҳамкасби Темурбеклар уюштирди, деган қатъий қарорга келади ва улардан ўч оламан, деб ўзига ўзи қасам ичади. У яна ошхоналардан бирига яқинлашаркан, ташқарида турган қўл ювгичга яқинлашиб юз-қўлларини яхшилаб ювади. Бир оз тетиклашган бўлиб ачкарига киради ва яна 200 граммча ароқ ичиб, ташқарига чиқаркан тўғри синфдоши Қўлдошев Аброрларникига боришни кўнглига тугади. Омаджон Аброрларникига бориб дарвозалари-
нитақиллатганида соат 01.00лар чамаси эди. Аброр дарвоза эшигини очар экан дўстига кўзи тушади. Унга:
- Бемаҳалда нима қилиб юрибсан, маст экансан, уйингга бориб дам олсанг бўлмайдими, тинчликми ўзи, - дейди.
- Эртага ишга боролмайман, дам олмоқчиман. Шунга кийимларимни олиб кетсам, дегандим, - дейди Омаджон дўстига.
Аброр унинг кийимларини олиб чиқиш учун ичкарига кириб кетганида у дарвозахонага киради. Шу захоти кароватдаги хонтахта устида турган ёғоч дастали ош пичоғига кўзи тушади. Дарҳол пичоқни қўйнига жойлаб, дўстининг чиқишини кутиб ҳам ўтирмай дарвозахонадан чиқиб, жуфтакни ростлаб қолади.
Аброр эса дарвозахонадаги кароватга чўзилиб дўстининг келишини пойлаб ухлаб қолади.
Омаджон тўғри Акбар ва Темурбеклар ётадиган Автомобилларни ювиш шахобчаси томонга қараб кетаётганида соат 01.30лар чамаси эди. Шахобчанинг учта дарвозаси бўлиб, шулардан бирининг одам сиғадиган тирқишидан ичкарига киради. Тўғри Акбар ётадиган хонага кириб унинг ухлаб ётганлигидан, ўзга бир кишига қаршилик кўрсата олмайдиган ожиз бир аҳволда эканлигидан фойдаланиб, ўзи билан олиб келган ошхона пичоғи билан унга ҳужум қилиб, унинг чап кўкрак соҳаси олд юзаси, кўкрак қафаси чап томонига, шунингдек билакларига, қўлларига кетма-кет зарбалар бераётган бир пайтда Акбар Ирисқулов унинг ҳужумидан ҳимояланиш мақсадида ташқарига қочиб чиқади. Жон ҳолатда девордан “Сапарбобо” номли АЁҚШ ҳудудига ошиб ўтади. Бир оз юргач, кўп қон йўқотганлиги сабабли ҳаракатланишга ҳам мадори қолмай, жон таслим қилади. Минг афсуски, каттиқ маст ҳолатида бўлган, жаҳл отига минган Омаджон Акбарнинг қаерига, қанча пичоқ санчганлигини эслай олмасди. Омаджон шахобча дарвозасидан ташқарига чиққанида шу томонга қараб келаётган, ҳеч нарсадан мутлақо хабари йўқ Темурбекка кўзи тушади. Унга яқинлашиб:
- Бу ёққа кел, мени дўппослаган болаларнинг ичида сен ҳам бормидинг, - дейди. Темурбек унга:
- Ака... нималар деяпсиз, қанақа болалар. Мен Маҳмуд новвойнинг олдидан келяпман, ҳеч нарсага тушинмаяпман, - дейди у Омаджонга яқинлашаркан.
- Менга ёлғон гапирма, сен ҳам уларнинг ичида эдинг, - деб ўнг қўлини орқага қилиб, орқа чўнтагидан пичоқни чиқариб, унга ташланиб, қорин соҳасига урмоқчи бўлганида Темурбек унга чап беради. Бироқ, пичоқ ўнг қўлининг билак соҳасига санчилган эди. Шундан сўнг у ўзини ҳимоя қилиш мақсадида воқеа жойидан қоча бошлайди. Омаджон:
- Сенинг кунинг битди, ҳозир ўлдираман, - деб унинг орқасидан пичоқ ўқтталганича 100 метрларгача қувиб боради. Кейин қаттиқ йиқилиб, унга ета олмаслигига кўзи етгач, орқасига қайтади. Темурбек поезд йўлидан ўтиб, Самарқанд махалласида жойлашган “Автошохбекат” ёнидаги таниши Зокир аканинг чойхонаси томон йўл олади. Унга рўй берган воқеани айтиб беради, ўша жойда ётиб қолади. Эрталаб соат 09.00ларда ишга бораётиб, шахобчага етай деб қолганида ўзлари билан ишлайдиган Фозилов Шахзодниг отаси Олим ака унга Акбарни кимдир пичоқлаб кетганлигини, ўғлини ИИБ бўлимига олиб кетишганини айтади. Кўп ўтмай ИИБ ходимлари уни ҳам ички ишлар бўлимига чақиртиришади. ИИБ бўлимида у бўлиб ўтган мудҳиш воқеадан тўлиқ хабардор бўлади.
Акбарнинг қотилига айланган Омаджон эса кийимларини олиб кетиш учун тўғри дўсти Аброрларникига бориб дарвозани тақиллатганида соат 02.30лар чамаси эди.Аброр дарвозани очганида рўбарўсида яна Омаджон турарди. Бу сафар унинг кийим-бошлари қонлигини, юзлари кўкариб кетганлигини кўриб қўрқиб кетади.
- Сенга нима бўлди, тинчликми жўра, - деб сўраганида у: - Мени 6-7 нафар киши дўппослаб кетди, - деб айтади.
Аброр гапни чўзиб ўтирмай тезда унинг кийимларини олиб чиқиб беради. Омаджон дўстига уйга боришлигини, бугун Самарқандга у билан боролмаслигини айтиб ундан узр сўрайди. Йўл-йўлакай уйга бораётиб Миллий ҳунармандчилик коллежи ёнидан ўтаётганида жиноят қуролига айланган пичоқни спортзалининг томига қараб улоқтиради. Кейин тўғри уйига бориб дарвозани тақиллатади. Онаси дарвозани очганида ўғлининг уст-бошларидаги қонларни, юзи, кўзлари кўкариб кетганлигини, ҳолсизлигини кўриб ҳангу-манг бўлиб қолади.
- Вой ўлай, сени ким бу аҳволга солди, - деб сўраганида у: - Квартирамизда ижарада турувчи Умиданинг акаси Акбар, ёнида бирга ишловчи Темурбекларнинг танишлари мени шу куйга солишди, улар мана шуур-йиқитларни ташкиллаштришди, - дейди.
Шундан сўнг ойиси туман “Тез ёрдам”, ИИБ бўлимларига хабар беради. Тезда шифокорлар етиб келишиб, Омаджонни касалхонага олиб кетишади. Ўзи эса ижарачилар турган квартирасига бориб Умидани чақиртириб ундан:
- Нега аканг танишларига ўғлимни калтаклатди, - дебсўрайди. Умида эса: - Мен акамнинг қаерда эканлигини ҳам билмайман, бу жанжаллардан хабарим йўқ, - дейди.
Шундан кейин иккиси шахобчага боришади.Ушбу жойга кириш дарвозаси олдида асфальт қопламасига қон доғлари тўкилганлигини кўришибҳайрон қолишади. Кўп ўтмай ҳаммаси кундек равшан бўлади. Акбарни топиб “тилка-пора” қилишни кўнглига тугиб борган Сайёра хола унинг қотили ўғли экалигини фаҳмлаб дод-фарёд қилади, бошини чангаллайди. Бироқ, фойдаси йўқ эди...
Қодирқулов Шарофиддин,туман СТЭ бўлими эксперти:
- А.Ирисқуловнинг танасида, яъни бел, ўнг қўл биринчи бармоқ, иккала сон, иккала таззаларида шилинмалар, иккала билак, чап қўл соҳаси кафтида санчилган-кесилган яралар, кўкрак қафасини кесиб ўтган жиддий жароҳатлар, чап ўпка, юрак халтасини, юракни жароҳатлаган, пичоқ санчиб кесилган яралар каби жароҳатлар мавжуд бўлиб, жароҳатлардан шилинмалар ўтмас қаттиқ жисмлар таъсирида, санчилиб кесилган яралар эса ўткир санчувчи, кесувчи воситалар таъсирида унинг ҳаётлиги вақтда, қисқа вақт оралиғида етказилган ҳамда ҳаёт учун хавфли бўлган тан жароҳатлари белгилари кўзга ташланади. Бу жароҳатлар унинг ўлим сабаблари билан бевосита боғлиқлигини, кўкрак қафасидаги санчилиб кесилган яралар жароҳат йўналишига кўра марҳумни ётган ёки ярим ётган ҳолатида етказилган бўлиши мумкинлигини, одам ушбу жароҳатлар билан дақиқалар давомида ҳаракатланишлигини, ўзининг бўйи билан тенг девордан ҳам ошиб ўтиши мумкинлигини, чунки қон кетиш давомида қон босими тушиб кетгунга қадар ҳаракатланиши мумкинлигини кўрсатади.
Ушбу қотиллик билан боғлиқ бўлган суд иши 2018 йилнинг ноябрь ойида Самарқанд вилоят судининг очиқ суд мажлисида кенг ва атрофлича ўрганиб чиқилиб, судланувчи Қудратов Омаджон Равшан ўғли Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “в” банди ва 25, 97-моддаси 2-қисми “а” бандлари билан айбли, деб топилди. У суд ҳукми билан 18 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Қудратов Омаджоннинг ўз ҳирсини қондириш борасидаги бир лаҳзалик бемаъни ўй-хаёллари, туҳматлари, калтаўйликлари, бу борадаги саъй-ҳаракатлари навқирон бир йигитнинг гулдек умрига зомин бўлди.
Ўйлаб ўйингнинг тагига етолмайсан киши. Ҳаёт билан видолашиш ёки бўлмаса бировнинг жонига қасд қилиш шунчалик осон ишми? Акмал ҳеч кутилмаганда қотиллик ва жаҳолат қурбонига айланди. Келин тўйига таклиф этилган қавму-қариндошлари, ёру-дўстлари, яқин кишилари унинг азасига келишди. Бу мудҳиш қотилликнтнг бош сабабчиси Омаджон-чи? У ҳам ҳаётининг энг сермазмун, гўзал, ўйнаб куладиган, севиб-севиладиган, чимилдиқ насиб этадиган дамлари - 18 йили билан видолашмадими? Омажоннинг қалб жароҳати Аллоҳнинг унга берган умри давомида битармикан? Асло йўқ!
Оила ҳар бир жамиятнинг бошланғич бўғини ҳисобланади. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, унга ҳаром-ҳариш аралашмаса жамият ҳам осойишта, мустаҳкам, фаровон бўлади. Аксинча, оилаларда парокандалик, бузғунчилик, ёлғон-яшиқ авж олса, фаҳш аралашса ўша жамият бузилади, тинчи йўқолади, охир-оқибатда чуқур таназзулга юз тутади. Бахтли, саодатли оилалар туфайли бахтли жамият вужудга келади. Буни ҳеч қачон унутмайлик.
Жамшид БОТИРОВ,
жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди судьяси.
Фарҳод ХУДОЙБЕРДИЕВ,
жиноят ишлари бўйича Булунғур туман суди раиси.
Холбой ҚОСИМОВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.