уларни ҳимоя қилиш керак
Ўзбекистон Республикасида суғорилиб ишлов бериладиган ерлар энг қимматбаҳо ерлар ҳисобланади. Мамлакатимизнинг асосий хўжалик ихтисослашувини белгилайдиган, аҳоли турмуш даражасини оширишда биринчи навбатда таянч вазифасини бажарадиган ер ва сув ресурслари чеклангандир. Шу сабабли ушбу ресурслардан унумли ва оқилона фойдаланиш, уларнинг муҳофаза қилинишини таъминлаш лозим.
Ўзбекистонда ер ва сув ресурсларининг чекланганлиги шароитида улардан самарали фойдаланиш ва уларнинг муҳофаза қилинишига жиддий эътибор қаратиш муҳимдир. Ўзбекистоннинг ҳозирги ер-сув ресурслари салоҳиятидан келиб чиқиб вилоятда халқ хўжалигининг деярли барча тармоқларини ривожлантириш мумкин. Айниқса, Ватанимизнинг серқуёшлигини эътиборга олиб ёндашилса ушбу ресурслардан фойдаланиш имкониятлари янада ортади. Республикамизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар натижасида ҳар бир фуқаро ушбу ресурслардан ҳеч қандай чекловларсиз, эркин фойдаланиш имкониятига эга ҳисобланади. Ернинг чекланганлиги ва сифат таркибининг пастлиги, тупроқ эрозияси, шўрланиши ва ифлосланиши, эрозия, яйлов депрессияси билан боғлиқ бўлган экологик хавф-хатар тўхтовсиз ортиб бормоқда. Тупроқнинг ҳар хил саноат чиқиндилари ва маиший чиқиндилар билан ифлосланиши реал таҳдид туғдирмоқда. Тупроққа ортиқча ишлов бериш унинг нурланишига ва пеститсидлар, оғир металлар чанги билан ифлосланишига, таркибидаги чириндининг камайишига, эрозиянинг авж олишига ва бошқа салбий оқибатларга олиб келди.
Ердан фойдаланиш, уни асраш, муҳофазалаш соҳасидаги экологик хавфсизликни кучайтириш ва ўтмиш давр асоратларини бартараф этишнинг асосий йўналишлари қўйидагилардан иборат:
1) Замонавий технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш.
2) Заҳарли кимёвий моддаларни қўллаш устидан қаттиқ назорат ўрнатиш.
3) Экин зараркунандаларига қарши курашишда биологик усуллардан кенг фойдаланиш.
4) Суғориш сувидан меъёридан ортиқча фойдаланиш оқибатида иккиламчи шўрланишининг авж олишига қарши кураш тадбирларини амалга ошириш.
5) Тупроқлар эррозиясига қарши курашиш.
6) Eрдан фойдаланишда оқилона тежаб тергаб фойдаланишнинг интенсив йўлига ўтиш.
7) Ердан фойдаланишда иқтисодий рағбатлантириш, ифлослантирганлик учун солинадиган махсус солиқлардан кенг фойдаланиш.
Мамлакатимизда сув ресурсларини муҳофаза қилишнинг икки асосий йўналиши, яъни, сув ресурсларини тежаш ва уларнинг ифлосланиши ҳамда минераллашиш даражаси устидан назорат ўрнатиш бирдай муҳим муаммолардир. Сувлар сифатининг ёмонлашуви аксарият ҳолларда оқова, қайтарма ва саноат чиқинди сувларининг тоза сувларга қўшиб юборилиши билан боғлиқ. Бинобарин, қайтарма ва оқова сувларни тозалаш долзарб вазифадир. Тозаланган бу сувлардан экин далаларини суғориш ва яйловларга сув чиқаришда фойдаланиш мумкин
Саноат 21 корхоналарини эса айланма сув таъминотига ўтказиш лозим. Бунда корхона ишлатилган сувни ўзига керакли даражада тозалаб, ундан қайта фойдаланади. Айрим кимё корхоналарининг ҳозирги технология даражасида деярли тозалаб бўлмайдиган сувларини алоҳида ҳавзага йиғиб, буғлатиб юбориш мақсадга мувофиқдир.Ш.МАЛЛАЕВ,
вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш
бошқармаси етакчи мутахассиси.
С.АБДУЛЛАЕВ,
туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаси
назорати бўйича давлат инспектори.