Мамлакатимизда жисмоний шахслар даромадига солинадиган солиқ тартиби мураккаблашиб қолган эди.
2018 йилда маошингиз энг кам иш ҳақининг бир бараваридан беш бараваригача бўлса, 7,5 фоиз, беш бараваридан ўн бараваригача оралиғида – 16,5 фоиз, ундан юқори миқдорда ойлик олинса, 22,5 фоиз солиқ ушланар, бу солиқлар миқдорининг ўзи ҳам ўсиб борувчи шкала бўйича кишини чалкаштириб юборадиган даражада мураккаблашиб кетарди. Қўшимчасига, иш ҳақидан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси учун 8 фоизлик мажбурий суғурта тўлови ундириларди.
Ушбу тартибга кўра, иш ҳақидан олинадиган солиқ юкининг каттагина қисми иш берувчилар – хусусий бизнес, кичик корхоналар, тадбиркорлар зиммасига ҳам тушади. Дейлик, ходимга ёзилган 1 миллион сўм ойликдан 300-450 минг сўмгача миқдорда солиқ олинарди. Оқибатда ҳаддан зиёд оғир солиқ юки иш берувчиларни янги иш ўринларини яратишдан ҳам, мавжуд ходимларга, ўзи истаганидек, катта миқдорда маош тўлашдан ҳам қайтарарди, албатта.
Улар бу тўловлардан қочиш мақсадида ойликни “конвертда”, нақд тўлаш, реал ходимлар сонини яшириш, ўз корхонасининг асосий фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлмаган, хусусан, тозалаш, ахборот технологиялари, қўриқлаш, логистика, маркетинг сингари йўналишларни шартнома асосида аутсорсинг хизматларига бериб юбориш йўлига ўтди.
Аҳвол шу даражага етдики, 13 миллиондан зиёд меҳнатга яроқли аҳолиси бор республикамизда иш ҳақидан қонуний солиқ тўлайдиганлар сони 4,6 миллионни ташкил қилди. Пул топиб, оила боқаётган, бироқ ҳеч қаерда расмий ишламаётган миллионлаб юртдошларимиз эса ана шундай «яширин иқтисодиёт» соясида қолиб кетган. Улар касаба уюшмалари муҳофазасидан фойдалана олмайди, ипотека кредити ололмайди, келажакда пенсияга эга бўлмайди, меҳнат қонунчилигидаги имтиёзлар бу ходимларга дахл қилмайди. Энг ёмони, олинмаган солиқ кўринишида давлат бюджетига ҳам миллиардлаб сўм зарар етади.
Солиқ сиёсатидаги ўзгаришларга кўра, энди вазият тубдан ўзгарди: солиқ юки кескин камайтирилиб, содда, шаффоф, муҳими, иш берувчи учун ҳам, ишловчи учун ҳам бирдек адолатли ставка белгиланди.
2019 йил 1 январдан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича ягона – 12 фоизлик ставка белгиланди, ҳолбуки, жаҳон бўйича ушбу солиқнинг ўртача даражаси 20 фоизга тенг. Даромад солиғининг бундай соддалаштирилган тартиби иқтисодиёти ривожланаётган, кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилаётган бизнинг каби давлатлар учун энг мақбул вариантдир. Биргина мисол, 2001 йили Россия солиқ тизимининг прогрессив шкала тартибидан соддалаштирилган даромад солиғи тартибига ўтиши бир йилдаёқ катта муваффақият келтирди ва меҳнат фондидан олинадиган солиқ базасини 50 фоизга оширди.
Маълумки, республикамизда 2005 йил 1 январдан бошлаб фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизимига қўшимча равишда жамғариб бориладиган пенсия тизими ҳам жорий этилган.
Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб рақамларига ўтказиладиган ҳар ойлик бадаллар ходимнинг ҳисобланган иш ҳақидан 2 фоиз миқдорда, жисмоний шахсларнинг бюджетга кетадиган даромад солиғи суммасидан тегишли равишда чегириб олинган ҳолда, амалга ошириларди.
2019 йил 1 январдан бошлаб даромад солиғининг 12 фоизли ставкаси ичидан 0,1 фоизи шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб рақамларига ўтказиладиган бўлди. Бунинг ҳисоб-китоби қандай амалга оширилади дейсизми? Бу жуда оддий. Масалан, ходимга 3 миллион сўм миқдорда иш ҳақи ҳисобланди. Бундан 360 минг сўм даромад солиғи ушланади.
Ходим қўлига 2 миллион 640 минг (3 000 000 – 360 000) сўм даромад олади. Бироқ бюджетга 360 минг сўм эмас, балки 357 минг сўм солиқ ўтказилади ва қолган 3 минг сўми ходимнинг Халқ банкидаги шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб рақамларига йўналтирилади.
Бу борада иш берувчиларга (корхона ва ташкилотларга) ҳам қулайликлар яратилди. Масалан, 2018 йилда иш берувчи ҳар ойда, кейинги ойнинг 15-кунига қадар ўзи жойлашган жойдаги Халқ банки филиалига жамғариб бориладиган пенсия бадаллари ўтказилганлиги тўғрисида ходимлар реестрини тақдим этар эди.
Солиқ кодексининг 188-моддасига киритилган ўзгартиришларга биноан эндиликда иш берувчи Халқ банки филиалига ходимлар реестрини тақдим этиши шарт эмас. Яъни тўланган бадаллар тўғрисидаги маълумотлар даромад солиғи ва ягона ижтимоий тўлов ҳисоб-китоби билан биргаликда тақдим этилади. Натижада иш берувчининг ҳам вақти тежалиб, ҳисоб-китоблари камаяди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, мамлакат раҳбарияти солиқ қонунчилигида биринчи қадамни қўйган экан, ушбу ислоҳотларга бош қўшиш навбати энди биз, фуқароларга келди.
Комил САЙИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси
Даромадларга солиқ солиш бошқармаси
бош инспектори.