Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги Қарорига асосан ер ва мол-мулк солиғининг 2018 йил учун янги миқдорлари белгиланди. 2018 йил 1 январдан бошлаб, жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкалари мол-мулкнинг кадастр қийматидан белгиланди (2017 йилда мол-мулкнинг инвентаризация кийматидан). Шунга асосан:
турар жойлар, квартиралар, дала ҳовли қурилмалари (умумий майдони 200 квадрат метрдан ошиқ бўлганлари бундан мустасно), бошқа иморатлар, хоналар ва иншоотлар учун 0,2 фоиз миқдорида (2017 йилда 1,7%);
шаҳарларда жойлашган, умумий майдони 200 квадрат метрдан 500 квадрат метргача бўлган турар жой ва квартираларга 0,25 фоиз миқдорида (2017 йилда 2,1%);
майдони 500 квадрат метрдан ошиқ бўлган турар жой ва квартиралар учун эса 0,35 фоиз миқдорида (2017 йилда 2,9%);
бошқа аҳоли пунктларида жойлашган умумий майдони 200 квадрат метрдан ошиқ бўлган турар жой ва квартиралар, дала ҳовли қурилмалари учун 0,25 фоиз миқдорида (2017 йилда 2,1%) белгиланди.
Бунда солиқ солиш мақсадида жисмоний шахсларнинг кўчмас мулки кадастр қийматини аниқлаш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқлангандан сўнг белгиланган тартибда солиқ тўловчиларга етказилади.
2018 йил 1 январдан бошлаб:
жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳисоблаб чиқариш мақсадида мол-мулкнинг кадастр қиймати кадастр хужжатларидан келиб чиқиб, бироқ 42 000,0 минг сўмдан кам бўлмаган миқдордан келиб чиқиб ҳисобланади;
жисмоний шахслар мол-мулкини баҳолаш бўйича органлар белгиланган кадастр қиймати бўлмаса, солиқ ундириш учун Тошкент ва Нукус шаҳарлари, шунингдек вилоят марказларида 210 000,0 минг сўм, бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларда 90 000,0 минг сўм микдорида мол-мулкнинг шартли қиймати белгиланди;
мол-мулкка кадастр қийматидан келиб чиқиб солиқ солишга ўтилгандан кейин солиқ юкининг кескин ўсишининг олдини олиш мақсадида, кадастр қиймати асосида ҳисоблаб чиқарилган жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ суммаси 2017 йил учун ҳисобланган солиқ суммасидан 1,2 баравардан ортиқ бўлиши мумкин эмаслиги белгиланди;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарлар ҳокимликларига тегишли халқ депутатлари Кенгашлари билан келишиб, ҳудудларнинг ҳамда фаолиятни амалга ошириш жойининг ҳусусиятларини инобатга олган ҳолда жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича белгиланган ставкаларга 0,7 дан 1,3 фоизгача пасайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни белгилаш ҳуқуқи берилди.
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказувчи органларда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган янги қурилган турар-жойлар бўйича жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ мол-мулкнинг шартли қийматининг икки бараваридан келиб чиққан ҳолда ундирилади.
Қонун ҳужжатларида назарда тутилган айрим тоифадаги жисмоний шахслар учун мол-мулк солиғи бўйича имтиёзларни қўллаш мақсадида солиқ солинмайдиган майдон умумий майдоннинг 60 квадрат метриҳажмида белгиланади.
Ер солиғи ставкалари 2018 йилда 1,15 бараварга индексация қилинди.
Жисмоний шахсларга тадбиркорлик фаолияти учун берилган ер участкаларидан солиқ юридик шахслар учун тасдиқланган ставкалар бўйича ундирилади.
Кўп квартирали уйларда жойлашган яшаш учун мўлжалланмаган жойлар учун юридик ва жисмоний шахслар томонидан ер солиғи яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг ер майдонини қаватлар сонига бўлган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.
Жисмоний шахслардан ундириладиган ер солиғини ҳисоблаб чикариш мақсадида ер участкаларининг қуйидаги нормативлари қўлланади:
- Тошкент ш., Нукус ш. ва вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар - 0,06 га;
- бошқа аҳоли пунктлари (деҳқон хўжаликларидан ташқари) - 0,1 га.
Белгиланган нормативлардан юқори ер участкалари учун базавий ставкаларга эса оширувчи коэффициент -1,5 қўлланилади.
Тугалланмаган қурилиш объектлари эгаллаган ер участкаларига, агар қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, ер солиғи икки баравар ставкада тўланади.
Сардор ҚАЮМОВ,
туман молия бўлими бюджет даромадлари
базасини мустаҳкамлаш ва
бюджетлараро муносабатлар бўлими бошлиғи.