Конституциямизда диний эътиқод эркинлиги кафолатланган. Бугун фуқароларимиз эмин-эркин диний амалларни бажараётгани, ҳар йили минг-минглаб юртдошларимиз ҳаж зиёратига бораётгани ана шу диний багрикенгликнинг яққол исботидир.
Қаерда тинчлик, осойишталик ҳукм сурса, ўша ерда тараққиёт, файз-барака, ободлик бўлади. Албатта, бундай осуда ҳаётни барпо этиш, халқимиз фаровонлигини мустаҳкамлашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг заҳматли меҳнатини эътироф этиш жоиз. «Ҳушёрлик, огоҳ бўлиб яшаш - бир кунлик ёки бир ойлик мавсумий масала эмас, балки кундалик иш, кундалик амалий ҳаракат бўлиши лозим», - деган эди Биринчи Президентимиз Ислом Каримов. Буни чуқур англаган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари бошқа идоралар билан ҳамкорликда жиноятлар келиб чиқишининг олдини олиш, маҳаллаларда, жамоатчилик орасида тарғиботни кучайтириш, фуқаролар ўртасида маънавий-маърифий тадбирларни кенг шакллантириш, ёшлар билан ишлаш йўналишлари бўйича турли тадбирлар ўтказиб келишмоқда.
Афсуски, жойларда, асосан чекка қишлоқларда етарлича диний билим ва тушунчага эга бўлмаган кишиларнинг бошқалар, айниқса ёшларга пинҳона тарзда ислом динидан таълимот бераётгани ҳам сир эмас. Балки, диндан сабоқ бераётганлар ёки дарс олаётганлар бу ҳаракатлари қонунга зид эканлигини билишмас. Аммо, маҳалла фаоллари, кекса-нуронийлари, зиёлилари нега бундан кўз юмишмоқда?
Жумладан, Ургут тумани ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари томонидан ўтказилган профилактик тадбирларининг бирида Ургут тумани Қуйи Мўминобод маҳалласида яшовчи М.Тўраев, шу маҳаллада жойлашган «Мулла Тўрақул» жомеъ масжидида имом ноибилик қилиб, мазкур масжидда маҳалладошларига диний ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсатисиз диний таълимотдан сабоқ бериб келаётгани аниқланган.
Албатта, ҳеч бир ҳуқуқбузарлик жазосиз қолмаганидай, М.Тўраев маъмурий ишлар бўйича Ургут туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 241-моддаси билан айбдор деб топилиб, жавобгарликка тортилди.
Ғ. ПЎЛАТОВ.