Юртбошимиз Ш.Мирзиёев кўпдан буён халқимизни қийнаб келаётган, кўпчиликнинг ички дарди бўлган, халқимизга кўплаб ташвиш келтираётган, бир қатор кўнгилсизликларга сабабчи бўлаётган, қисқаси салбий иллатга айланиб улгурган муаммо - тўйлардаги дабдабасозликга йўл қўймасликка чақирмоқда. Бу муаммолар замирида миллийлигимизга бутунлай ёт бўлган 15-20дан ортиқ турли маросимлар, Европа маданиятига кўр-кўрона интилиш каби салбий иллатлар ётибди.
Тўғри, бу мавзуда бугунгача ҳам кўп ва хўп гапирилган, танқид қилинган. Аммо, шу пайтгача тўғри гаплар, тўғри фикрлар ҳар сафар қуруқ гаплигича қолиб кетаётган эди. Ҳеч қачон бугунги каби давлат миқёсида муҳокама қилинмаган, мамлакат йўлбошчиси назарига тушмаган эди.
Юртбошимизнинг эзгу мақсад йўлидаги мурожаатига жавобан ОАВ орқали ҳар куни турли ҳудудлардан илк хушхабарлар кела бошлади. Хусусан, Ўзбекистондаги биринчи ихчам тўй Навоий вилоятида бўлиб ўтди. Хусусий тадбиркор Нуриддин Ҳабибов тўртта тўйхона соҳиби бўлишига қарамасдан ўғли Амриддин Раззоқовнинг тўйига 120 та меҳмон таклиф қилди. Ёшларга намуна кўрсатган келин-куёвга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан юртимиз бўйлаб бепул саёҳат қилиш учун сертификат берилди. Навбатдаги намунали тўй эса Сирдарёда бўлиб ўтди ва натижада Ёшлар иттифоқи томонидан 14 нафар ёш йигитчага велосипед совға қилинди.
Юртимиз бўйлаб жадаллик билан давом этаётган ушбу эзгу ишга, эзгу мақсад йўлида биз ҳам ҳамжиҳатлик билан ўз ҳиссамизни қўшсак яхши бўларди. Ўсиб келаётган, катта ҳаёт остонасига эндигина қадам қўйиш арафасида турган ёшларни тўғри йўлга бошлаб, атрофдагиларга ҳам ўрнак бурчимиздир. Тўй-ҳашам, орзу-умид баҳонасида “кўкка совурилаётган” пулларимизни ёшларнинг келажагига пойдевор қўйиш йўлида сарф этганимиз яхши-ку. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганларидек, “одамлар эртанги кунидан эмас, бугунги кунидан рози бўлиб яшаши керак”. Бу эса албатта, сиз-у бизнинг саъй-ҳаракатимизга боғлиқ. Бу орқали биз нафақат пулимизни тежаган, шунингдек, ёш оилаларнинг бузилиб кетишига сабабчи бўлаётган салбий иллатга қарши курашган бўламиз.
Юрт келажаги, Ватан равнақи йўлида ўз тақдиримизга бефарқ бўлмаслигимиз лозим. Миллий маданиятимизга ёт бўлган ўзга бир элатлар маданиятига эргашмаслигимиз керак. Ахир биз маданияти ва қадриятлари кучли ва мустаҳкам буюк юрт фарзандларимиз. Юртимиз бўйлаб тобора кенг тарқалаётган тўй-маросимларни тартибга солиш акциясига ҳаммамиз ўз ҳиссамизни қўшсак ютамиз. Бир лаҳзалик ҳою-ҳавасларга берилиб, “сендан мен камми” қабилида иш тутиб, ўзимизни ва ота-онамизни, яқинларимизни оғир аҳволга солиб қўймайлик.
Обид САТТОРОВ,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи
туман Кенгаши раиси.
Аббос ЖАББОРОВ,
Республика ёшлар маркази
туман бўлинмаси координатори.