Айни кунларда шу савол кўпчиликнинг ўй-хаёлидан ўтаётгани бежиз эмас. Зотан, бу лавозим, вазифа ҳар биримизнинг кундалик ҳаётимиз билан бевосита боғланган. Оддий мисол, тўй-марака қиласизми ёки бошқа юмушда ўз-ўзидан маҳаллага боғланишингизга тўғри келади.
МИЛЛИЙ ФУҚАРОЛИК ИНСТИТУТИ
Яхши биламиз, бевосита давлат органи бўлмаган ташкилотлар фуқаролик институти саналади. Аслида маҳалла ҳам айни шундай тузилма. Аҳолининг кенг қатламлари манфаатларини ифодалайдиган бу институт ўзини ўзи бошқариш тизимининг халқимизга хос ва мос ноёб тузилмаси ҳисобланади. Шу боис неча асрлик тарихга эга маҳалла мустақилликдан кейингина жамият ҳаётида ўзининг муносиб нуфузи ва ўрнига эга бўлди. Яъни, давлатчилигимиз тарихида биринчи марта “маҳалла” тушунчаси мамлакатимизнинг Бош қомусига киритилиб, конституциявий мақом берилди.
Тузилмани янада ривожлантириш мақсадида “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ва “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Қонунлар қабул қилинган. Шу асосда мазкур институт аҳил-иноқ қўшничилик, меҳр-оқибат, кўмакка муҳтожларга ёрдам кўрсатиш, ёшларни ватанпарварлик ва меҳнатсеварлик руҳида тарбиялаш сингари мақсадларга хизмат қилади.
Яъни, шу пайтгача маҳалла оқсоқолини сайлашда келгусида қайси гуруҳлар манфаатига хизмат қилишига эътибор қаратмадикми? Оқибатда моддий ёрдам ёки болалар пули тайинлашда қанчадан-қанча камомад ҳолатлари аниқланди.
БУГУНГИ ТАЛАБ БОШҚА
Маҳалла бугун ҳам барчамизни жипслаштирадиган, меҳр-оқибатни, инсонийликни ўргатадиган, миллий урф-одат ва анъаналаримизни безавол сақлаб келаётган маскан. Бироқ энди бу қарашлар, бир қадар тор эканлиги, бир қадар эскирганлиги англашилмоқда. Энди маҳалланинг нафақат обрўсини, балки жамият ҳаётидаги ролини ҳам ошириш чоралари кўрилмоқда.
Бунинг учун давлатимиз раҳбарининг фармони билан аҳоли муаммоларини ўрганиш, таҳлил қилиш, ҳал этиш ҳамда мурожаатларни давлат органлари ва ташкилотлари томонидан кўриб чиқишнинг бир-бири билан узвий боғланган тўрт поғонали “маҳалла–туман–вилоят–республика” тизими жорий этилди.
Демак, энди маҳалла раиси ҳудуд аҳолисининг турмуш тарзи, яшаш шароитига ҳам масъул шахс ҳисобланади. Энди ҳамма масала аввало, маҳаллада ҳал бўлсагина, одамлар рози бўлади, маҳалла раисига ишончи ортади.
Шу сабаб маҳаллада ресурс ва имкониятларни кўпайтириш, моддий таъминотини яхшилаш чоралари кўрилмоқда, ваколати кенгайтириляпти. Жумладан, айни пайтда ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори фаолияти йўлга қўйилган. Табиийки, оқсоқол улардан кўра илмли, энг муҳими, тажрибали бўлиши зарур. Негаки, улар фаолиятини мувофиқлаштириш, йўналтириш айнан маҳалла раиси вазифаси бўлиши керак.
Маҳалла раиси уларни рағбатлантириш ёки эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жазо чораларини қўллаш бўйича тегишли ташкилотларга кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиши мумкинлигининг ўзи оқсоқол бошқалардан “бир бош баланд” бўлишини тақозо этмоқда.
Бундан англашиладики, энди “урилган-сурилган” номзод маҳаллада раислик қилолмайди. Эрта-индин ўтказиладиган маҳалла раиси сайловида бу жиҳатга алоҳида эътибор қаратилиши лозим.
ДЕМОКРАТИК ПРИНЦИПЛАР ЖОРИЙ ЭТИЛГАН
Аслида маҳалла раиси сайлови жамият ҳаётида катта аҳамиятга эга муҳим сиёсий жараён. Шу боис уни ташкил этиш, ўтказиш бевосита қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг юқори палатаси томонидан назорат қилиб борилади.
Муҳими, жойларда вакиллик органлари, яъни халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари томонидан жараёнга яқиндан кўмаклашилади.
Қайд этиш лозимки, ўтган галги сайловлар тажрибаси, умуман, бугунги кун воқелиги асосида маҳалла раиси сайловида ҳам қатор янгиликлар белгиланган.
Мисол учун, амалиётда маҳалла раиси фуқаролар вакилларининг йиғилиши томонидан сайланган. Бунда сайловчилар номидан муайян вакиллар овоз берарди. Энди мазкур жараён ҳам демократик принциплар асосида бўлишини таъминлаш мақсадида фуқаролар вакиллигининг минимал нормаси белгиланди. Бунда вакиллар сони сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар умумий сонининг камида 12 фоизини ташкил этади. Яъни, ҳар 100 сайловчи номидан 12 вакил сайловда қатнашади.
Таъкидлаш ўринлики, фуқаролар вакилларига ҳам талаблар ўрнатилган. Ташкилотчилик қобилиятига, ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлганлар вакил бўлиши мумкин. Раис лавозимига кўрсатилган номзод ёки уларнинг яқин қариндошлари вакил бўлолмайди.
Биргина шу норманинг ўзи маҳалла раиси сайловида гуруҳбозлик ва бошқа салбий ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилиши, шубҳасиз. Бу эса ўз навбатида, ҳар биримиздан жараёнда фаол иштирок этиб, маҳалламиз эртаси, маҳалладошларимиз ҳаёти янада яхши бўлишини таъминлашга ҳисса қўшиш мажбуриятини юклайди.
“САЙЛАНИБ ОЛДИМ, ҲАММАСИ ТАМОМ”
Яшириб нима қилдик, илгари шундай ҳолатлар ҳам кузатилган. Аммо энди бундай бўлмайди. Даставвал айтиб ўтиш лозим, яқин бир-икки ой ичида тузилма фаолиятига оид қонунчилик қайта кўриб чиқилади. Демак, ваколат билан бирга мажбуриятлар ҳам юклатилади.
Агар маҳалла раиси лавозим мажбуриятларини лозим даражада бажаролмаса, вакиллар йиғилишига ҳам зарурат қолмайди. Бунинг учун албатта, фуқароларнинг камида учдан бир қисми билан маҳалла раисига нисбатан ишончсизлик билдирилиши керак.
Тўғри, ҳали бу тартиб жорий этилгани йўқ. Аммо ишлаб чиқилаётган бу амалиёт жамиятимизнинг муҳим қисми бўлган маҳаллалар раисларига катта масъулият юклайди. Ҳар бир одамни рози қилишдек эзгу мақсад йўлида жонбозлик кўрсатишга ундайди.
Мирзо ИХТИЁРОВ,
халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.
(“Зарафшон”дан олинди)