Рамазон - ҳижрий ҳисобининг тўққизинчи ойи ҳисобланиб, Ислом дини ақидаларига кўра ойларнинг гултожи, яъни сараси сифатида эътироф этилган. Аллоҳ таоло бу муқаддас ойда сон-саноқсиз неъматларини, инсоният оламини покланишга ундовчи барча эзгу-амалларини инъом этади. Бу ойда диндорлар, қолаверса рўза тутишни ихтиёр этган барча мўмин-мусулмонлар бир ой мобайнида бу амални адо этишиб, худо йўлига ифторликлар ҳамда қилган гуноҳларига тавба-тазаррулар қилишади. Яқин-яқингача катта ёшдаги кишилар, болалар (рабан айтувчилар) бу ойнинг иккинчи-учинчи кунлари кун ботгандан сўнг кўчама-кўча юришиб, ҳар бир хонадон эшиги олдида Рамазон ойини мадҳ этувчи қўшиқлар айтишган. Рамазон қўшиқларининг мавзу-мазмуни жуда ранг-баранг бўлиб, асосан хонадонларга эсон-омонлик, яхшилик, ризқ-насиба, эзгу ниятлар, фарзанди йўқларга фарзанд тилашдан иборат бўлган. Рабан айтувчилар шунингдек, хонадон соҳибларининг ўзига хос яшаш тарзлари, мавқеига қараб ҳам ўзларича қўшиқлар тўқишган. Бу қўшиқлар кўпроқ ҳазил-мутойиба тарзида айтилган. Рамазон қўшиқлари айтиб бўлингач, хонадон эгалари рабан айтувчиларга нон, турли хил ширинликлар,кийимликлар, пул ва бошқа инъомлар чиқариб беришган.
Юртимиз тарихи ва маданиятига оид қимматли манбалар ҳамда Рамазон ойи билан боғлиқ кўплаб маълумотлар баён этилган Абу Райҳон Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғатит-турк”, Абулқосим Фирдавсийнинг “Шоҳнома”, Абу Бакр ал-Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарларида бу қутлуғ ойнинг тарихи билан боғлиқ кўплаб қимматли фикрлар келтирилади. Уларда баён этилишича, қадимда Рамазон ойида мусулмон давлатларида юз берган урушлар вақтинча тўхтатилган. Қавмлар, қавму-қариндошлар, оға-инилар ўртасидаги турли хил жанжалларга, низоларга, келишмовчиликларга барҳам бериш чора-тадбирлари кўрилган. Уларни яраштиришга муваффақ бўлинган. Энг муҳими, мўмин-мусулмонларни тинч, ҳалол-покиза, тўғри яшашга, оиладек муқаддас даргоҳга хиёнат қилмасликка даъват этилган.
Рамазон ойини дунёдаги барча кўп сонли мўмин-мусулмонлар қатори ҳамюртларимиз ҳам орзиқиб кутадилар. Бу қутлуғ айёмни катта шодиёна ва хурсандчилик билан ўтказиш чора-тадбирларини кўрадилар. Диндорларимиз кечаларини тоат-ибодат, кундузларини рўзадор ҳолда ўтказишади. Қолаверса, бу ойни эзгу амаллар ва Аллоҳ таоло розилиги йўлидаги ибодатлар ойига айлантиришади. Яратган ваъда қилган буюк мукофотни қабул қилиш куни эса “Ийди-Фитр”, яъни Рамазон ҳайити кунидир.Чунки, ушбу кун барча мўмин-мусулмонлар тутган рўзалари қабул этиладиган, Аллоҳнинг раҳмати ва фазли ер юзига мўл-кўл ёғиладиган, Яратганга қуллик ва итоатда бўлган қалбларимиз завқланадиган ажойиб, такрорланмас кундир. Шу боис Ислом оламининг рамзи бўлган икки миллий байрамларимиз - Рамазон ва Қурбон ҳайитларида динимизга бўлган эътиқодимизни, садоқатимизни хурсандчилигимизни, саховатимизни янада кўпроқ намоён қиламиз. Аллоҳ таоло ўзининг муборак Каломида шундай марҳамат қилган, яъни: “Айтинг: Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан бу кунда мўмин-мусулмонлар шодлансинлар! Бу тўплаган нарса (бойлик)ларидан яхшироқдир” (Юнус сураси, 58-оят).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳивасаллам Мадинага келганларида мадиналикларнинг кўнгилочар икки кунлари бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳивасаллам:
-Бу қандай кунлар? - деб сўрадилар.
Улар: “
- Жоҳилиятда бу кунлари кўнгилларимизни хуш қилардик, - дейишди.
Шунда “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
- Аллоҳ таоло бу икки кунни улардан ҳам яхши қурбонлик ва фитр кунларига алмаштирди, - дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривоятлари).
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ўз қудрати ва иродаси ила инсондек азиз ва мукаррам зотга ер юзини обод қилишлек муҳим вазифани топшириб, унга барча нарсани бўйсиндирди. Инсон яхшилик ва ёмонликка бўлган муносабати билан имтиҳондан ўта билса, бу синов якунига мувофиқ, яхши ва ёмон натижаларга сазовор бўлади.Шайтон билан инсон ўртасидаги курашда ҳам рўза муҳим аҳамият касб этади. Зеро, инсон зоти давом этишида унга ҳаётий зарур бўлган таом ва сув ҳамда инсон жинси давом этишида муҳим бўлган жинсий хоҳиш шайтон билан инсон ўртасидаги азалий кураш майдони ҳисобланади. Буларнинг ҳар бирида ўзига яраша куч ва қувват мавжуд. Агар инсон майл-истак қаршисида собит турса ва нафсининг иғволарига учмаса, албатта имтиҳондан ўтади ҳамда Парвардигор ҳузурида улуғ даражага эга бўлади. Ҳайит куни мусулмонларнинг азиз байрами бўлгани учун бу кунда шоду-хуррамлик, хурсандчилик қиладиган, кексаларни, ота-она, қариндошларни зиёрат қиладиган, беморлар ҳолидан хабар олинадиган, шунингдек, хайр-эҳсонлар қилинадиган кундир.
Шунингдек, Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан шаввол ойидан олти кун рўза тутса, йилбўйи рўза тутгандек бўлади”,
деганлар. Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, агар бир киши Рамазон рўзасидан айрим кунларини тутолмаган бўлса, аввал унинг қазосини ўтайди, кейин нафлга киришади. Зеро, фарзлар мукаммал бўлмасдан, нафл ибодатларини қилиш мусулмончиликка тўғри
келмайди.
Мустақиллигимиз шарофати билан ҳар йили давлатимиз раҳбари томонидан махсус қарор қабул қилиниб, Рамазон ва Қурбон хайитлари дам олиш кунлари, деб эълон қилинади. “Сариштали уй - фариштали уй”, деганларидек. бу қутлуғ кунлар арафасида жойларда, яъни маҳаллаларда, қишлоқларда, кўча-кўйларда, хонадонларда, қабристонларда кенг кўламли ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилади. Ҳокимликлар, ҳомий ташкилотлар, саховатпеша инсонлар томонидан кам таъминланган оилаларга, ёлғиз кексаларга, беморларга, Меҳр-мурувват уйларига байрам совғалари улашилади. Мўмин-мусулмонларимиз бир-бирларининг ҳол-аҳволидан хабар
олишади. Шу тариқа барча юртдошларимиз бу икки хайитни кўтаринки байрам руҳида кенг нишонлаб келмоқдалар. Бу кунни байрам қилиб, савобли амалларни кўплаб қилишни яратганнинг ўзи насиб айласин. Юртимиз тинчлиги бардавом бўлсин.
Холбой ҚОСИМОВ,
журналист.