Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозир қилинган ойдир. (Бақра, 185).
Муборак ҳадису шарифда айтишича Рамазон жаннат эшиклари очиладиган, дўзах азоб-уқубатлари тўхтайдиган улуғ ойдир. Бу ойда чин ихлос ва эътиқод билан қилинган дуолар мустажоб бўлади, қалблар таскин топади. Парвардигор бу вақтда ўз бандаларига раҳмат назари билан боқади. Унга мурожаат этсалар ва сўрасалар, ато этади, дуо қилсалар ижобат айлайди.
Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят этилишича Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деганлар: “Сизларга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ Таоло унинг рўзасини тутишни фарз қилди. бу ойда жаннатларнинг эшиклари очилади, жаҳаннамнинг эшиклари ёпилади. Бу ойда ўзбошимча шайтонлар кишанланади. Аллоҳ Таоло бу ой орасига бир кечани яширган бўлиб, у кеча минг кечадан яхшироқ. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, кўп файзлардан маҳрум бўлибди”.
Демак инсон Рамазондаги кун ва соатларни ғанимат билмоғи, камчилик ва гуноҳларига каффорат бўладиган барча фазилат ва имтиёзларнинг ҳақли эга бўлишига интилмоғи лозим. Аллоҳнинг ризосига мушарраф этадиган солиҳ амалларни қилиб боришни барчамизга Ўзи муяссар айласин!
Икром РАВШАНОВ,
Дин ишлари бўйича қўмитанинг тумандаги бош мутахассиси.