Сўнгги йилларда давлатимиз томонидан миллий ва диний қадриятларимизга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ҳайит, рамазон каби ибодат ва маросимларни мукаммал адо этиш туфайли, фазилатли кунлар шарофатидан кенгроқ баҳраманд бўлиш имкониятига эга бўлдик.
Диний қадриятларимиздан энг муҳимларидан бири бу, албатта, Рамазон ойи билан боғлиқ бўлган маросимлардир. Чунки, бу маросим инсонни камолотга етакловчи миллий қадриятимиздир. Бу ойда тутиладиган рўза амали инсонда ўз нафсини бошқара олиш, сабр қаноатли бўлиш, мақсад сари собитқадамлик билан интилиш каби фазилатларнинг шаклланишига хизмат қилади. Бу фазилатларни касб этган инсон эса ҳаётда дуч келадиган ҳар қандай тўсиқларни осонлик билан енгиб ўта олади. Рўза инсонни ҳалолликка даъват этади, унинг қалбини турли ғуборлардан тозалайди. Зеро, Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган: “Эй, имон келтирганлар, тақволи бўлишларингиз учун сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза фарз қилинди” (Бақара, 183).
Мазкур ояти каримдан маълум бўладики, Аллоҳ таоло биздан олдин ўтган умматларига ҳам рўзани фарз қилган. Рамазон - раҳмат ва мағфират ойи. Бу ойда мусулмонлар улкан савоблар умидида энг эзгу ишларни амалга оширадилар. Аллоҳ таолонинг яхши ишлар учун ажру-мукофотларни бир неча баробар кўпайтириб ато этадиган бу кунларни ғанимат билиб, гуноҳлардан покланишга, хайрли ишларни кўпайтиришга шошилишимиз лозим.
Рамазони шариф – покланиш ойи ҳамдир. Ҳар бир мусулмон бу ойда ўзининг имон ва ихлосини чархлаб, унга сайқал бериб, эътиқоду-имон нурини зиёда қилиб олиши зарур. Зеро, ҳар қандай мусулмон одам ҳам йил мобайнида нафсоний эҳтиёжларини қондириш билан овора бўлиб, кундалик турмуш жараёнида содир бўлаётган турли салбий ҳолатлардан таъсирланиши натижасида унинг нури-имони анча хиралашиб, ақидаси ҳам анча-мунча заифланиб қолади.
Рамазон – нажот ойидир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадиси шарифда шундай марҳамат қиладилар: “Бу ой шундай ойки, аввали – биринчи ўн кунлиги раҳмат, иккинчи ўн кунлиги мағфират ва учинчи ўн кунлиги эса, дўзахдан нажотдир”. Аллоҳнинг раҳмати тушган қалб эгаси Ҳақдан адашмайди, дунёнинг зеб-зийнатлари ва ҳою-ҳавасларига алданмайди, бировнинг ҳаққига хиёнат қилмайди.
Рамазон ойидаги мукаммал рўза тутиш эса мусулмон учун имтиҳондир. Зеро, рўза орқали нафс сабрга, қалб муҳтожларга меҳр-шафқат кўрсатишга, Аллоҳга итоат қилишга ўрганади. Ҳадисларда сабрлик уч қисмдан эканлиги баён этилган. Тоат ва ибодатларда сабрли бўлиш, гуноҳлардан сақланишда сабрли бўлиш ва мусибат ва қийинчиликларга сабрли бўлиш. Рўза сабрнинг мазкур учала қисмини ҳам ўзида мужассам қилган ибодатдир. Чунки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Албатта, сабр қилувчиларга мукофотлари беҳисоб берилур”, (Зумар, 10) деб марҳамат қилганлар.
Рамазони шарифда сабр деб аталмиш фазилат қалбларимизни мунаввар қилиб, Аллоҳ таолонинг сабр бандаларидан бўлиш барчамизга насиб айласин.
Асадбек АЗЗАМОВ,
“Эрганакли” жомъе масжиди имом-хатиби.