2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Булунғур туманидаги Халқ қабулхонасига жами 551 та мурожаатлар келиб тушган. Ушбу мурожаатлардан 241 таси тегишлилиги бўйича виртуал қабулхона электрон дастури орқали тумандаги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга юборилган, 309 таси юқори турувчи давлат органларига юборилган, 1таси Халқ қабулхонасининг ўзида ўрганиб чиқилган.
Ўтган йилда Халқ қабулхонаси томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тўғрисидаги қонун талабларини бузган мансабдор шахсларга нисбатан прокурор назорати ҳужжатларини қўллаш юзасидан туман прокуратурасига 4 маротаба тақдимномалар киритилган, 3 нафар шахсга интизомий ва 1 нафар шахсга маъмурий жазо чоралари қўлланилган.
Халқ депутатлари Булунғур туман Кенгашига мурожаатлар билан ишлаш, сектор раҳбарларининг сайёр қабул ва ёшлар билан учрашувлари ўтказиш, ёшлар бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, танқидий таҳлили бўйича 4 маротаба ахборотлар киритилиб, 16 маротаба сектор раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилган.
2021 йилда Халқ қабулхонасига келиб тушган мурожаатларнинг асосини электр энергияси таъминоти масаласи, табиий ва суюлтирилган газ таъминоти, алимент тўловларини ўз вақтида ундириш, соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича, уй-жой масаласи, бандлик масалалари ташкил қилади.
2021 йилда 4 та сектор раҳбарлари билан ҳамкорликда 104 маротаба оммавий ва сайёр қабуллар ўтказилган. Ушбу оммавий қабулларда 3220 нафар киши иштирок этишди, шундан 551 та мурожаат қабул қилинган.
Сайёр қабулларда келиб тушган мурожаатларнинг 88 таси электр энергияси таъминоти, трансформатор ва таянч устунлари, 64 таси табиий ва суюлтирилган газ таъминоти, 33 таси иш билан таъминлаш, 69 таси йўлларни таъмирлаш ва йўл белгилари ўрнатиш, 26 таси ичимлик суви таъминоти, 129 таси кредит олиш, 9 таси умумтаълим мактабларини таъмирлаш масаласида бўлиб, шулардан 109 таси ижобий ҳал этилган. 92 тасига тушунтириш берилган, 159 та мурожаатларнинг ижроси бўйича маълумот берилмаган, шундан 120 тасининг муддати бузилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 27 декабрь куни ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида амалга ошириладиган ишларни янги босқичга олиб чиқиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар сектор раҳбарларига етказилиб, ёшлар билан учрашувлар режа-жадваллари ишлаб чиқилди.
2021 йил давомида Халқ қабулхонаси ва 4 та сектор раҳбарлари иштирокида 98 маротаба ёшлар билан учрашувлар ташкил этилиб, уларда 4480 нафар ёшлар, 98 нафар Ёшлар иттифоқининг мактаблардаги бошланғич ташкилоти етакчилари иштирок этишиб, 376 та мурожаатлар қабул қилинган бўлиб, 182 та мурожаат ижобий ҳал этилган, 91 та мурожаатга тушунтириш берилган, 8 та мурожаат рад этилган, 5 та мурожаат кўрилмасдан қолдирилган, 90 тасининг ижроси бўйича маълумот берилмаган, шундан 78 тасининг қонунда белгиланган кўриб чиқиш муддати бузилган.
Ёшлар билан учрашувларда келиб тушган мурожаатларнинг асосий қисми, яъни 138 таси иш билан таъминлаш, 101 таси кредит олиш, 92 таси тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, 28 таси контракт тўловларини тўлаб бериш масаласида бўлди.
Уюшмаган ёшларнинг спорт билан доимий шуғулланишлари учун кенг имкониятлар яратиш мақсадида тумандаги барча таълим муассасаларининг спорт майдончалари ва спорт заллари ҳар куни соат 16.00 дан 23.00 гача ёшлар учун очиб қўйилмоқда. Шунингдек, ёшларни китобхонликка кенг жалб қилиш мақсадида маҳаллаларда кўчма кутубхоналар ташкил этилди.
Туманда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5048-сонли қарорига асосан Дастурга “Хўжамазгил” ва “Мингтепа” маҳаллалари киритилган. Ушбу маҳаллаларда Дастур доирасида муҳандислик-коммуникация тармоқларини таъмирлаш, йўл ва бозор инфратузилма объектларини барпо этиш, ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
2021 йилда камбағалликни қисқартириш бўйича ҳам бирмунча ишлар амалга оширилди. Жумладан, тумандаги мавжуд 55 та маҳалла фуқаролар йиғинларида 2106 та ижтимоий-иқтисодий қийин аҳволга тушиб қолган оилалар, улардаги 10256 нафар оила аъзолари “Темир дафтар”га киритилган бўлиб, ушбу оилаларга 4195,05 млн. сўмлик озиқ-овқат кўринишидаги моддий ёрдам кўрсатилган. 106 та оилага 105 млн. сўмлик нақд пул кўринишидаги моддий ёрдам берилган, 99 та оилага 201,5 млн. сўмлик 198 бош қўй ва қорамол берилган, 3240 нафар ишсизларнинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган бўлиб, 2030 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Шундан, 1212 нафар фуқаро вакант жойларга, 700 нафар фуқаро жамоат ишларига жойлаштирилган, 107 нафар фуқарога ижарага ер майдони ажратилган, 6 нафар фуқарога иссиқхона қуриб берилган.
“Ёшлар дафтари” ва Аёллар дафтари” юритилишини жорий қилиш орқали ёшлар ва аёлларга оид муаммоларни манзилли ўрганиш, бандлигини таъминлаш, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш борасида мавжуд 30.843 та хонадондаги 30 ёшдан юқори бўлган 29.677 нафар аёллар хатловдан ўтказилиб, 28.344 нафарига анкета сўровномалари тўлдирилди. Шундан, 4.146 нафар ижтимоий, ҳуқуқий, тиббий-психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи бор бўлган ишсиз хотин-қизлар “Аёллар дафтари”нинг биринчи ва иккинчи босқичларига киритилди.
Биз жорий йилда ҳам аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, халқ ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз.
Собир РАҲИМОВ,
туман Халқ қабулхонаси мутахассиси.