Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 апрелдаги ПҚ-4276-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тўғрисидаги Низомга мувофиқ, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг асосий вазифалари этиб табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш, ёнғин хавфсизлиги, сейсмик кузатувлар, кичик ҳажмли кемалардан хавфсиз фойдаланиш, сув объектларида фуқароларнинг хаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш белгиланган. Мазкур мақолада биз Республикамизда жумладан туманимизда кичик ҳажмли кемалардан хавфсиз фойдаланишни таъминлаш ва назорат қилиш қандай тартибда амалга оширилиши ҳақида сўз юритмоқчимиз.
Ўзбекистон Республикасида юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган кичик ҳажмли кемаларни рўйхатга олиш, техник кўрикдан ўтказиш, улардан фойдаланишга рухсат бериш ҳамда кичик ҳажмли кемалардан хавфсиз фойдаланишни назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Кичик ҳажмли кемаларни назорат қилиш инспекцияси (Инспекция) томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирининг 2017 йил 27 декабрдаги 529, 530, 531-сонли буйруқлари билан “Кичик ҳажмли кемаларни рўйхатдан ўтказиш қоидалари”, “Кичик ҳажмли кемаларни техник кўрикдан ўтказиш қоидалари” ва “Кичик ҳажмли кемалардан ва улар турадиган базалардан (иншоотлардан) фойдаланиш қоидалари” тасдиқланган.
Мазкур қоидаларга мувофиқ, кичик ҳажмли кема деб – асосий двигателларнинг қуввати 55 кВт (75 от кучи) ва йўловчи сиғими 12 кишидан ортиқ бўлмаган ўзиюрар кемалар, моторларнинг қуввати ва сонидан қатъий назар, осма моторли кемалар, сув мотоцикллари (гидроцикллар), юк кўтариш қобилияти 80 регистр тоннадан ортиқ бўлмаган ўзиюрмас кемалар, шишириладиган моторсиз эшкакли қайиқлар ҳисобланади.
Инспекция томонидан рўйхатдан ва техник кўрикдан ўтмаган кемалардан фойдаланиш тақиқланади. Қоидаларнинг биринчи талабига асосан, қуйидаги кемалар давлат рўйхатидан ва техник кўрикдан ўтказилиши шарт:
1. Йўловчи сиғими 12 кишидан ортиқ бўлмаган ўзиюрар кемалар;
2. Осма моторли кемалар;
3. Сув мотоцикллари (гидроцикллар);
4. Эшкакли кемалар;
5. Шишириладиган эшкакли қайиқлар.
Қуйидаги техник носозликлар аниқланганда кичик ҳажмли кемалардан фойдаланишни тақиқланади:
кеманинг чўкиб кетишига бевосита таҳдид солувчи ёриқлар, тешиклар ва қопламада шикастланишлар бўлганда;
бўлинмалар, ҳаво қутилари, сузувчи блоклар йўқ бўлганда ёки герметиклиги бузилганда;
рул ускуналарининг носозлигида;
двигателнинг ёқилғи идишидан, шланги ва таъминот тизимидан ёқилғи оққанда;
двигателда сезиларли титрашлар ёки ўчириш вақтида носозлик бўлганда;
двигателнинг масофавий бошқарув тизими ишдан чиққанда;
двигател реверс-редукторининг ўз-ўзидан узилиб ёки уланиб қолиш ҳолатларида;
фарқловчи ёритиш мосламаларининг талабга жавоб бермаслиги ёки носозлигида;
кема жамламалари ва ускуналари кема билетида кўрсатилган меъёрга мувофиқ келмаганда.
Агар сиз дам олиш кунлари дўстлар ёки оилангиз билан бирга қайиқларда сайр қилишни ният қилган бўлсангиз, албатта кемаларнинг юқорида айтиб ўтилган хавфсизлик талабларга жавоб беришига эътибор қаратинг. Рўйхатдан ва техник кўрикдан ўтказилган кема бортининг икки ён томонига рўйхатга олиш рақами ёзилган бўлади (мисол учун 95 А 007). Кичик ҳажмли кемаларнинг эгаларидан эса мавжуд кемалардан қонуний ва хавфсиз фойдаланиш, шунингдек сув ҳавзаларида фуқароларнинг хаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида, ўз вақтида кемаларни давлат рўйхатидан ва техник кўрикдан ўтказишларини сўраб қоламиз.
Шу билан бирга, кичик ҳажмли кемалардан фойдаланиш қоидаларини бузиш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 119-моддасига мувофиқ, кемани вақтинча олиб қўйилиши ва маъмурий жавобгарликка сабаб бўлиши тўғрисида эслатиб ўтамиз.
Ш.САТТАРОВ,
Булунғур туман ФВБ ФВДТ ва ФМ бўлинмаси бошлиғи майор