Бир умр меҳнат қилиб, пенсия ёшига етгач, айрим масъулиятсиз раҳбарларнинг ўз ишига беписандлик билан қараганликлари туфайли асосий иш стажлари инобатга олинмай, арзимаган нафақа тайинланса кишига алам қилар экан. Ўттиз йилдан зиёд қишлоқ хўжалик соҳасида механизаторлик қилдим. Ишлаган жойларимдан меҳнат дафтарчамга белгилар қўйилган. Нафақага чиқар пайтим барча меҳнатларим ҳисобга олиниб, яхшигина нафақа билан пенсияга чиқсам керак деган ўйда эдим. Афсуски... бундай бўлиб чиқмади. Чучварани хом санаган эканман. Шу йил бошида пенсия ёшига етганим туфайли барча ҳужжатларимни олиб, туман Пенсия жамғармаси бўлимига бордим. Югур-югурлар шундан кейин бошланди. Архивлардан олинган маълумотномаларда кўп йиллардаги иш стажим йўқ бўлиб кетганлиги туфайли 11 йиллик иш стажи билан нон пулини қўшган ҳолда 306 000 сўмлик қарилик нафақасига чиқаришди. Меҳнат дафтарчам бўйича йигирма йиллик иш стажимни ҳисобга олишмади. Июнь ойида туманимиздаги Адлия бўлимига ариза билан мурожаат қилдим. Бўлим бошлиғи Ғ.Якубов аризам билан яқиндан танишиб, меҳнат дафтарчамни кўздан кечириб, ўрганиб чиқиб, Самарқанд вилоят туманлараро Маъмурий судига ҳужжатларимни топширди. Сентябрь ойида судья Б.Хурсанов раислигида, Булунғур туман Адлия бўлими ишончли вакили Б.Кенжаев, туман Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ишончли вакили И.Бозорбоевлар иштирокида суд бўлиб ўтди. Судда менинг меҳнат дафтарчамдаги ўтмай қолган иш стажларимни инобатга олишга қарор қилишди.
Суд залида ҳурматли Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг “Судьянинг онгида адолат, тилида ҳақиқат, дилида поклик бўлиши керак” деган сўзлари ўз ўрнини топди. Октябрь ойидан бошлаб туман бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси нафақамни 623 000 сўм қилиб белгилашди.
Пенсия пулимни оширишда яқиндан кўмак берган Самарқанд вилоят Маъмурий суди раиси, туман Адлия бўлими, туман Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ходимларига ўзимнинг самимий ва чексиз миннатдорчилигимни билдираман.
Дувлон БЕРДИЯРОВ,
Хўжабачча маҳалласи, нафақахўр.