Август-сентябр ойларида кузги ва кечки олма, нок ҳамда беҳи боғларидаги дарахтларга тутқич белбоғларни боғлаш ишларини амалга ошириш зарур тадбирлардан бири ҳисобланади.
Тутқич белбоғларни октябр-ноябр ойларида дарахтлардан ечиб олиб, қайноқ сувга солиб, улардаги олма қурти ва бошқа зараркунандаларни нобуд қилиш, шунингдек, ёқиб ёки кўмиб йўқ қилиш мақсадга мувофиқ.
Тутқич белбоғ турларини қўллаш бўйича маълумот
Тузоқли белбоғлар. Дарахтлардан ерга тухум қўйиш учун ва кейин дарахтларга чиқиш учун ҳаракатланаётган қурт-қумрсқаларни тутиш ҳамда йўқ қилиш мақсадида қўлланилади.
Одатда тузоқли белбоғнинг кенглиги 20-25 см ни ташкил этиб, турли материаллардан (похол, сомон, қанорқоп, картон, поролон, полиетилен ва ҳ.к.) тайёрланади ва ердан 40-50 см баландликда, дарахтнинг силлиқ тана ҳамда новдаларига ўрнатиб чиқилади.
Тузоқли белбоғларни ўрнатишда дастлаб дарахтнинг белбоғ ўрнатиладиган жойи қуриган пўстлоқ ва шох-шаббалардан яхшилаб тозаланади. Кейин эса дарахтларга ўрнатилади.
Белбоғларнинг қуруқ, заҳарли ва елимли турлари мавжуд.
Қуруқ белбоғлар. Гофрировка қилинган қоғоздан эни 20-25 см ўлчамдаги тасма қирқиб олинади ва гофри томонини юқорига қилиб дарахт танасига чилвир ёки резинка ёрдамида боғлаб қуйилади. Дарахт танасини қисиб қўймаслиги учун бир ойда бир марта белбоғ боғичи бўшатиб қўйилади.
Кўпгина тажрибали боғбонлар уни кузда қурт-қумрсқалар қишлаш учун жой ахтараётган пайтда қўллайдилар.
Яна бир усул: 20 см қоғоз тасма қирқиб олинади ва дарахт танасига конуссимон қилиб боғлаб қўйилади. Бунда пастки қисми кенгроқ (орасига ҳашаротлар бемалол кира оладиган), тепа қисми эса жипс қилиб дарахт танасига боғлаб қўйилади ва ҳеч қандай очиқ йўлакчалар қолдирмаслик мақсадида лой билан сувалади.
Ўрнатилган тузоққа 4-5 мм резина лента айланасига ёпиштириб чиқилади. Кейин уни ярмидан қайириб, ичига мой қўйиб қўйилса, ундан ҳашаротлар умуман чиқиб кетолмайди.
Икки томонлама оғзи очиқ белбоғ. Бунда картон, поролон, шиша матодан 30 см кенгликда тасмалар қирқиб олинади ва дарахт танасига икки томонини очиқ қилиб, яъни ўртасидан маҳкам боғлаб қўйилади. Қоғознинг дарахт танасига тегиб турган ички тарафи лой билан сувалади. Ҳар икки томондан ҳаракатланиб, белбоғ орасига кирган қурт-қумрсқалар унинг ичидан чиқолмай нобуд бўладилар. Агар поролон ёки шиша матонинг устига скотч билан плёнка боғлаб қўйилса, ҳашаротлар ташқи томондан ҳам ҳеч қаерга ўтолмайдилар.
Навбатдаги усул қуйидагича: похол, қанорқоп ёки сомондан жгут қилиб, дарахт танасига боғлаб қўйилади. Унинг орасига қурт-қумурсқалар кундуз пайтида ёки тухум қўйгани киради. Бу белбоғларни ҳафтада бир марта дастлаб плёнка устига яхшилаб қоқиб олиб, сўнгра ёқиб юбориш лозим. Қоқилганда фойдали йиртқич ҳашаротлар ҳам плёнкага тушади, лекин улар тезда учиб ёки ўрмалаб кетади. Зараркунандалар эса тез ҳаракатлана олмайдилар.
Заҳарли белбоғлар. Уларнинг негизини кимёвий хоссалар ташкил этади. Бу жараёнда қанорқоп, поролон ёки бошқа юмшоқроқ матони 3-4 қават қилиб, рухсат этилган заҳарли моддага шимдирилади. Кейин эса дарахт танасига боғлаб, устини полиетилен билан ўраб қўйилади. Боғлаш усуллари юқорида келтирилган қуруқ белбоғларники сингари амалга оширилади. Мазкур белбоғлар 3-4 ҳафтада ўз таъсир кучини йўқотади ва улар қайта дорилаш учун ечиб олиниб, заҳарли моддага шимдирилгач яна дарахтга боғлаб қўйилади.
Булунғур Ўсимликлар карантини ва
ҳимояси агентлиги инспектори.