Атмосферанинг юқори қатламлари озон пайдо бўлиши учун табиий макон ҳисобланади. Шу ерда ўткир ультрабинафша нурланиши таъсирида икки атомли кислород молекуласи уч атомли озон молекуласини ҳосил қилади. Бу молекула ноёб ҳусусиятга эгадир. У атроф-муҳит ва тирик организмлар учун зарарли бўлган қуёшнинг улътрабинафша нурларини ютади. Энг кўп озон стратосферада тўпланиб, у озон қатлами деб аталади.
Ер стратосферасига оид озон қатламини муҳофаза қилиш муҳим халқаро ташаббус бўлиб, унинг вазифалари БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури (ЮНЕП) раҳбарлигида ишлаб чиқилган ва 1985 йил март ойида имзоланган “Озон қатламини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Вена конвенциясида акс этган. Вена конвенцияси ҳукуматлараро илмий тадқиқотларни ўтказиш, озон қатламида мунтазам кузатишларни, хлорфторуглерод (ХФУ) ишлаб чиқарилиш мониторинги ва маълумотлар алмашишни назарда тутади.
Ўзбекистон Вена конвенциясини 1993 йил май ойида ратификация қилган. Ҳалқ хўжалигининг турли соҳаларида озонни емирувчи моддалар (ОЕМ)дан фойдаланилиши сабабли ОЕМнинг барча туридан бирданига воз кечиб бўлмайди. Ушбу масала жаҳон ҳамжамияти мамлакатлари томонидан махсус ўрганиб чиқилган ва ниҳоят, 1987 йилнинг 16-сентябрида озон қатламини муҳофаза қилиш глобал муаммосини ҳал қилишнинг муҳим ҳужжати кўринишида эълон қилинган.
Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ва “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунларининг мос равишда 20 ва 19-моддалари озон қатлами муаммосига бағишланган.
Шу боис, бу йил республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби, “Монреаль баённомаси–бизни, озиқ-овқатларимизни ва вакциналаримизни салқинда сақлаш гаровидир” шиори остида Самарқанд вилоятидаги барча корхона ва ташкилотларда, олийгоҳларда, касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаларида, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида санага бағишланган очиқ дарслар, семинарлар ва тадбирлар ўтказилиб, алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Дарҳақиқат, Озон бузувчи моддалар бўйича Монреаль протоколи қабул қилинган 1987 йил 16 сентябрдан бошлаб, бугунга қадар, бутун дунёда, жумладан мамлакатимизда ер юзасининг тропосфера қисмининг атмосфера қобиғида жойлашган, ердаги ҳаёт давомийлигини таъминлашда ўз ҳиссасини қўшадиган, ўзи юпқагина, бироқ, тарқалиши ердан 15 км масофадан 50 км.гача бўлган оралиқни забт этган “Озон қатлами”ни ҳаёлан қисганда бор йуғи 3 мм қалинликни ташкил этган озон қатламини муҳофаза қилиш бўйича қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.
Халқаро миқёсда қабул қилинган ҳужжатлар ичида Озон қатламини муҳофаза қилиш бўйича Вена Конвенцияси ва Озон бузувчи моддалар бўйича Монреаль протоколининг дунёдаги ўрни беқиёсдир.
Мазкур ҳужжатлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо 195 та давлатлар томонидан ратификация қилинган ва қўйилган талабларга асосан самарали ишлар йўлга қўйилган муҳим ҳужжатлар ҳисобланади.
Кейинги вақтларда республикамизда ушбу халқаро талабларни бажариш, бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш ва тартибга солиш, амалдаги меъёрий ҳужжатни янада такомиллаштириш ҳамда бу борада давлат назоратини кучайтириш доирасида бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Жумладан, 2018 йил 9 январда Вазирлар Маҳкамасининг “Озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар бўлган маҳсулотларнинг Ўзбекистон Республикасига импортини тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида” 17-сон қарори қарори қабул қилинди.
Ушбу қарор билан озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар бўлган маҳсулотларни импорт ва экспортини давлат томонидан тартибга солишни таъминлаб келинмоқда. Ҳусусан, жорий йилда озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар бўлган маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасига импорти ва Ўзбекистон Республикасидан экспорти учун рухсатнома олиш бўйича 2237 та электрон аризалар келиб тушган бўлса, Самарқанд вилоятида 228 тани ташкил қилади. Улардан 9 тасига рухсатномаберилган бўлса, (Самарқанд вилоятида рухсатнома берилмаган) 2176 тасига рухсатнома талаб этилмаслиги тўғрисида ҳулосалар берилган. Самарқанд вилоятида 228 та ҳулоса ва 52 та рад этиш хатлари расмийлаштирилиб берилган.
2018—2030 йиллар даврида озонни бузувчи моддаларнинг Ўзбекистон Республикасига импорти учун квоталар тасдиқланган бўлиб, 2018 йилда 58,48 тонна белгиланган бўлса, 2020 – 2029 йилларда 6,8 тоннани, 2030 йилда озонни бузувчи моддаларга квоталар ажратилиши тўхтатилиши белгилаб қўйилган. 2005 йилда озонни бузувчи моддаларнинг Ўзбекистон Республикасига импорти учун квота 883,6 тоннани ташкил қилган. Ҳозирда ушбу кўрсаткич 130 баробарга қисқарганлигини кўришимиз мумкин.
“Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларини, Озон қатламини муҳофаза қилиш бўйича Вена конвенцияси мажбуриятларини бажариш, шунингдек, озон қатламини бузувчи моддалардан фойдаланишни тўхтатиш чора-тадбирларини амалга ошириш мақсадида жорий йил 9 мартда Вазирлар Маҳкамасининг 126-сон қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан, “Озон қатламини бузувчи моддалардан фойдаланишни тўхтатиш бўйича миллий дастур” тасдиқланди.
Миллий дастур ижросини таъминлаш мақсадида қуйидаги асосий чора-тадбирлар белгилаб берилган:
Совитиш ускуналари соҳасида ассоциация ташкил қилишнинг мақсадга мувофиқлигини ўрганиш (Халқаро тажриба ўрганилган ҳолда ассоциацияни ташкил қилиш мақсадга мувофиқлиги бўйича тегишли таклифлар Вазирлар Маҳкамасига киритилиши таъминланди).
Совитиш ускуналари ва ҳавони кондиционерлаш ускуналарини ишлаб чиқариш ва уларга хизмат кўрсатиш соҳасига хотин-қизларни жалб қилиш.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 25 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ЎРҚ-711-сонли Қонуни билан Маъмурий жавобгарлик Кодексига 861-модда билан Озон қатламига зарарли таъсир кўрсатишнинг олдини олишга доир талабларни бузганлик учун маъмурий жарима белгиланди.
Давлат экология қўмитаси, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури ва Глобал экологик Жамғармасининг “Ўзбекистонда глобал исиш салоҳияти паст ва озонни емириш салоҳияти бўлмаган энергия самарадор технологияларни жорий этиш орқали гидрохлорфторуглеродни (ГХФУ) бутунлай истеъмолдан чиқариш” қўшма лойиҳасини амалга ошириб келмоқда.
Лойиҳа доирасида жорий йилда ҳам қатор ижобий натижаларга эришилди, жумладан:
-Божхона лабораторияси совитиш агентлари ва уларнинг аралашмаларини аниқ таҳлил қилиш бўйича имкониятларини такомиллаштириш ва Давлат божхона қўмитаси лабораторияси учун халқаро сертификат (ISO 17025) олишга кўмаклашиш мақсадида халқаро эксперт жалб қилинди.
Озон бузувчи моддалар бўйича Монреаль протоколига киритилган Кигали тузатишлари 2019 йил 1 январдан кучга киритилди ҳамда унинг йўналиши нафақат озон қатламини муҳофаза қилиш балки, иқлим ўзгаришини келтириб чиқараётган буғли эффектларни ҳосил қиладиган моддаларни ўз ичига қамраб олган.
Ўтган 34 йил давомида, ушбу протоколга беш маротаба ўзгаритириш ва қўшимчалар киритилган. Ўзбекистон ҳозирги кунда улардан тўртасининг томони ҳисобланади. Шунингдек, бугунги кунда бу соҳада сўнгги тузатиш ёки 2016 йилда Руанда давлатида қабул қилинган Кигали тузатишларини ратификация қилиш масаласи режа сифатида гавдаланиб турибди.
Юқорида қайд этилганлардан кўзланган асосий мақсадимиз, атмосфера ҳавосини озон қатламини, экология ва атроф-муҳитимизни авайлаб асраш, бу йўлда, кашф этилаётган ёки қўлланилиши белгиланган технологияларни ишлаш прициплари атроф-муҳитга салбий таъсирини кам бўлганлари ёки янада камчиқитли ҳамда энергосамарадор бўлган технологияларни жорий этилиши юзасидан мукаммал изланиш ва ўрганишларни амалга оширишдир.
Латофат ХУСАИНОВА,
67-умумтаълим мактаби ўқитувчиси