ЕВРООСИЁ ИҚТИСОДИЙ ИТТИФОҚИ ВА ЭКОЛОГИК МУАММОЛАР
Кейинги уч йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган оқилона сиёсат мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашуви жараёнларини янги босқичга олиб чиқди, кўплаб давлатлар, айниқса,қўшни мамлакатлар билан ўзаро ишончга асосланган ўзаро манфаатли муносабатлар йўлга қўйилди.
Янги Ўзбекистоннинг глобал интеграциялашуви жараёнида мамлакатимизнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги масаласи ўта муҳим аҳамиятга эга бўлиб, жиддий ёндашувни талаб этади.
Шу боис, бу масала барча сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталари ҳамда Қонунчилик палатасининг мажлисида қизғин муҳокама қилинди.
Партиямиз фракцияси Евроосиё иқтисодий иттифоқи фаолиятини экологик ҳамкорлик нуқтаи назардан ҳам кўриб чиқиш лозим, деб ҳисоблайди.Таҳлилларга кўра, Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги долзарб вазифаларни ҳал этишниҳам назарда тутади. Чунки иқтисодий алоқалар табиий ресурслардан фойдаланилмасдан ривожланмайди.
ЕОИИ билан ҳамкорликнинг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, иқтисодий ва савдо алоқаларининг ривожланиши атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни ҳам ҳисобга олишиҳамда бу масалаларга салбий таъсир кўрсатмасдан, ўзаро мутаносиб бўлиши лозим.
Коронавирус пандемияси шароитида юзага келган жаҳондаги воқелик инсониятни экология ва атроф-муҳитга муносабатини қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда. Шуни таъкидлаш лозимки, Иттифоқ фаолиятида бу борада ижобий силжишлар ҳам кузатилмоқда. Масалан, ЕОИИда коронавирус инфекцияси тарқалишини огоҳлантирувчи ва олдини олувчи товарлардан олинадиган божлар нол қийматга туширилган. Булар, биринчи навбатда, дезинфекциялаш ва шахсий ҳимоя воситалари, диагностик реагентлар ҳамда айрим тиббий ускуна ва материаллардир. Бундай қадамлар инқироз шароитида интеграцион ҳамкорликнинг мослашувчанлигини кўрсатмоқда.
Афсуски, Евроосиё иқтисодий иттифоқи таъсис шартномасида аъзо давлатлар ўртасидаги экологик муносабатларни тартибга солувчи махсус бўлим мавжуд эмас. Фақат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Келишув тузилган. Минтақавий даражада экологик муносабатларни тартибга солиш бўйича икки томонлама битимлар имзоланганхолос.
Фикримизча, Евроосиё иқтисодий иттифоқи нафақат иқтисодий бирлашма бўлиши, балки иштирокчи мамлакатларнинг табиий бойликларини асраш, такрор ишлаб чиқариш ва улардан оқилона фойдаланиш масалалари бўйича ҳам ҳамкорлик ишларини йўлга қўйиши керак. Лекин, Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва хўжалик-иқтисодий фаолиятнинг унга салбий таъсирини олдини олишга қаратилган бирон-бир шартнома тузилмаган. Бу эса, шубҳасиз, интеграция тузилмаларининг бундай йўналишларда интенсификация қилинишини тақозо этади.
Партиямиз фракцияси Евроосиё минтақасиягона экотизим эканлигини инобатга олган ҳолда хўжалик ва иқтисодий фаолиятнинг ҳуқуқий режими минтақа давлатларининг экологик манфаатларини инобатга олиши керак, деб ҳисоблайди. Табиий ресурсларнинг кўпи трансчегаравий хусусиятга эга бўлиб, улардан фойдаланишда бошқа бир давлатга зарар етмаслигилозим.
Шу туфайли Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ўзаро ҳамкорлигида экологик хавфсизликни таъминлаш механизмларини яратиш ҳам кўзда тутилмоғи шарт.Хусусан, бу экологик хавфли ишлаб чиқариш усулларига тўсқинлик қилиш, иқтисодий фаолиятнинг ҳар хил турлари учун экологик стандартларни белгилаш ва зарар етказадиган ёки етказиши мумкин бўлган моддаларнинг трансчегаравий ҳаракатланишига йўл қўймаслик билан боғлиқ ҳолда амалга оширилади.
Аммо, бугунги кунда ушбу саволларга Евроосиё иқтисодий иттифоқининг аниқ жавоблари йўқ. Евроосиё иқтисодий иттифоқигааъзо мамлакатлар томонидан “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш стратегияларини қабул қилиш борасида аниқ позиция йўқ. Атроф-муҳитни муҳофаза қилишга ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга йўналтирилган инвестициялар улуши ҳам унчалик катта эмас.
Бироқ, сайёрамизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш муаммосини фақат дунё мамлакатлари ҳамкорлигида ҳал этиш мумкин. Шу муносабат билан, Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи каби бирлашмалар томон ҳаракатланиши объектив жараёндир. Бинобарин, бу жараённи“кузатувчи давлат” мақомидан бошлаб, турли соҳаларда юзага келиши мумкин бўлган номувофиқликларни аста-секин бартараф этган ҳолда босқичма-босқич амалга ошириш мақсадга мувофиқ.
Бу эса, ўз навбатида, келгусида қуйидаги йўналишлар бўйича ҳам ҳамкорликни шакллантиришга асос бўлиб хизмат қилади:
Ўзбекистон билан Евроосиё иқтисодий иттифоқи ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича ўзаро ахборот алмашинуви тизимини яратиш;
халқаро экологик стандартларни жорий этиш;
глобал иқлим ўзгаришининг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш технологияларини кенгроқ жорий қилиш ғояларини илгари сурадиган янги иш ўринларни ташкил этувчи “яшил иқтисодиёт” тамойилларини татбиқ этиш;
озиқ-овқат хавфсизлиги, экологик суғурта ва аудит учун умумий талабларни аниқлаш, рухсатномалар бериш, экологик хавфли фаолиятнинг умумий рўйхатини ишлаб чиқиш, фойдаланилган табиий ресурсларни ҳисобга олиш талабларини бирлаштириш;
атроф-муҳитга зарар етказувчи чиқиндиларни камайтиришга қаратилган қўшма тадбирларни ишлаб чиқиш.
Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги мамлакатнинг ягона ташқи сиёсатини амалга ошириш билан бир қаторда, халқимизнинг турмуш даражасини ва фаровонлигиниоширишга ҳамда экологик хавфсизликни таъминлашгаҳам мос келиши даркор.
Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси Ўзбекистонни ЕОИИга “кузатувчи давлат” мақомида кириши тўғрисидаги таклифни қўллаб-қувватлайди. Ўзбекистон “кузатувчи давлат” мақомини олиб, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратиши лозим, деб ҳисоблайди.
Шуҳрат АБДУХАЛИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати