Дунёдаги энг қадимий ва олижаноб касб эгалари ҳисобланган, эл-юрт дастурхонини тўкин ва фаровон этадиган ғоят муҳим соҳанинг залворли юкини ўз елкасида кўтариб келаётган фермерлар каби минглаб юртдошларимизнинг фидойи меҳнати ва жасорати ҳар қандай юксак эътирофга муносибдир.
Буюк аждодимиз Алишер Навоий фермерларнинг шаънингизни улуғлаб: “Олам маъмурлиғи алардин, олам аҳли масрурлиғи алардин. Ҳар қаён қилсалар ҳаракат, элга ҳам қут еткурур, ҳам баракат”, деб айтган сўзларида чиндан ҳам теран ҳақиқат мужассам.
Бугунги кунда мамлакатимизда 97 та пахта-тўқимачилик, 149 та мева-сабзавотчилик, 65 та ғаллачилик, 35 та шоличилик ва 7 та доривор ўсимликлар етиштиришга ихтисослашган кластерлар ва 11 та пахта-тўқимачилик кооперациялари фаолият юритмоқда. Шунингдек, қорамолчилик йўналишида 34 та, паррандачилик бўйича 10 та, балиқчилик тармоғида 36 та, асаларичилик йўналишида 15 та фермер хўжалигида кластер усулида маҳсулот етиштириш йўлга қўйилди. Шу билан бирга, кейинги икки йилда республикада пиллачилик соҳасида 62 та кластер ишга туширилиб, улар томонидан 600 миллиард сўмга яқин маҳсулот ишлаб чиқарилди.
Жорий йилнинг ўтган даврида республика бўйича 11 мингга яқин, яъни 90 фоиз фермер хўжаликлари кўп тармоқли хўжаликларга айлантирилди. Бунинг натижасида қарийб 37 минг аҳоли иш билан таъминланди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, унинг ҳудудий органлари, маҳалла фуқаролар йиғинларида томорқа хўжаликлари бўйича алоҳида ўринбосар лавозими жорий этилди. Шахсий томорқа хўжаликлари самарадорлигини оширишга қаратилаётган ана шундай чора-тадбирлар натижасида бу йил республика бўйича тўрт ярим миллион аҳолига тегишли 432 минг гектар томорқа майдонларида экинлар тўлиқ экилиши таъминланди. Ҳисоб-китобларга кўра, бу майдонларда 10 миллион тоннадан зиёд маҳсулот етиштирилди.
Бундан ташқари, “Ҳар бир ёшга – бир гектар” дастури доирасида ғалладан бўшаган майдонларнинг 84 минг гектари 266 мингта кам таъминланган оилалар ва ишсиз ёшларга берилиб, уларга фермер хўжаликлари ва томорқа хизмати корхоналари бириктирилди. Ушбу дастур натижасида 1 миллион тоннадан зиёд маҳсулот етиштирилди.
Амалга оширилган ана шундай ислоҳотлар ва таркибий ўзгаришлар натижасида бу йил, жаҳонда юз бераётган пандемиянинг салбий таъсирига қарамасдан, 822 миллион доллардан зиёд миқдордаги қарийб 1,5 миллион тонна мева-сабзавот 70 дан ортиқ давлатга экспорт қилинди.
Кўриб турганимиздек, мамлакатимизда фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш соҳаси давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири бўлиб турибди. Бундай эътибор ҳеч бир ривожланган давлатда мавжуд эмас.
Ўз навбатида фермерларимиз ҳам бундай эътиборни чуқур ҳис этиб, ўзининг фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ўз малакаларини ошириб боришлари, кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўйиш натижасида экспорт-импорт муносабатларида иштирок этиб боришлари лозим.
Бу билан фермерларимиз мамлакатимиз иқтисодиётининг юксалишида муносиб хиссаларини қўшиб борадилар.
Бахтиёр ҚАХХОРОВ,
Булунғур туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси.