Жорий йилнинг 21 август куни мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби туманимизда ҳам мустақиллигимизнинг 30 йиллиги байрами муносабати билан умумхалқ хашари уюштирилди. Ушбу хашарда туманимиздаги барча ташкилот, корхона ва муассасалар ҳамда хонадон эгалари иштирок этишди. Хонадон эгалари ўз уйлари атрофларини, томорқаларини тартибга келтиришиб, тозалик ва ободончилик ишларини олиб боришди.
Бироқ барча маҳаллаларда ва хонадонларда ҳам фуқаролар ушбу умумхалқ хашарида фаол иштирок этишди деб айта олмаймиз. Байрам муносабати билан ўтказилган ушбу хашар жараёни ҳақида “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва масъул ходимларининг фуқароларга байрамнинг аҳамияти, умумхалқ хашари уюштирилишидан кўзланган мақсад ҳақида аҳолига ўз вақтида тўғри тушунтириш ва тарғибот ишларини йўлга қўймаганликлари туфайли шу куни 3600 нафар фуқаро истиқомат қилувчи ушбу маҳалладаги турар-жойлар, кўчаларида ободончилик ишлари олиб борилмади.
Ваҳолангки, маҳалла ҳудудидаги 7-мактабгача таълим ташкилоти ҳудуди, “Ўзбекистон 60 йиллиги”, “Машраб”, “Алпомиш” номли кўчалари атрофлари, ариқ-зовурлари тозаланмаган, дов-дарахтлар қаровсиз аҳволда, кўча четлари бегона ўтлардан тозаланмаган, аҳоли томонидан кўча четларига қум, тош, шағал, тупроқ каби қурилишда ишлатиладиган ашёлар бетартиб ташланган.
Маҳалла масъулларининг масъулиятсизликлари туфайли маҳаллада умумхалқ хашари ишлари ўлда-жўлда қолиб кетди.