Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралда “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги ПФ-6155-сонли Фармони эълон қилинган эди. Ушбу Фармон ижросини таъминлаш, шунингдек, Давлат бюджетининг шаклланиши ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнига аҳолини фаол жалб этиш ҳамда жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал этишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш мақсадида 2021 йил 13 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини тайинлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5072-сонли Қарори эълон қилинди.
Ушбу қарорга асосан 2021 йил май ойидан бошлаб баъзи туман ва шаҳарларда, 2022 йил 1 январдан эътиборан республиканинг барча туман ва шаҳарларида бюджетларнинг тасдиқланган умумий харажатларнинг 5 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтириш бўйича янги тартиб босқичма-босқич жорий этилади.
2021 йил 1 июлдан бошлаб жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга ажратиладиган туманлар бюджетлари қўшимча маблағларининг энг кам миқдори 10 фоизидан 30 фоизига оширилади.
Жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтириладиган маблағлар туман ҳокимликларида бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари шаклида очиладиган “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси” шахсий ғазна ҳисоб варағида жамланади ва ушбу маблағларнинг бошқа мақсадларда ишлатилиши қатъиян тақиқланади.
Туман ҳокимлиги тегишли маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштириш тўғрисидаги маълумотларни ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 25-санасидан кечиктирмай ўзларининг расмий веб-сайтларига ва “Очиқ бюджет” порталига жойлаштириб боради.
Туман ҳокимлигига жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга, бюджет маблағларининг ўз вақтида ажратилиши ва уларнинг амалга оширилиши жараёнини ёритиб бориш юзасидан шахсий жавобгарлик юклатилади.
Ҳурматли фуқаролар!
Ушбу қарорга асосан Булунғур туманида бюджет маблағларининг ишлатилиши юзасидан таклифлар беришингизни, фаол бўлишингизни сўраймиз. Мазкур қарорга мувофиқ Булунғур тумани учун Республика бюджетидан 6 млрд. 167 млн. сўм, туман маҳаллий бюджетининг орттириб бажарилган қисмидан 2021 йил 1-чорак якуни билан 415,6 млн. сўм маблағ ажратилган.
Сиз https://demo.openbudget.uz/ ҳаволаси орқали сайтга киришингиз, рўйхатдан ўтиб, юқоридаги маблағлар туманимизнинг қайси соҳаларида ишлатилиши лозимлиги юзасидан ўз таклифларингизни билдиришингиз мумкин.
Таклифларни қабул қилиш жорий йил 1-августга кадар давом этади. Якунда келиб тушган таклифлар умумлаштирилиб, халқ депутатлари туман (шахар) депутатлари томонидан кўриб чиқилади ва тасдиқдан ўтган лойиҳалар молиялаштирилади.
Сиз ўз фикрларингизни ва таклифларингизни беришингиз учун албатта, юқорида кўрсатилган сайтдан рўйхатдан ўтишингиз лозим. Эсдан чиқарманг, сизнинг таклифингиз халқимизнинг янада фаровон яшаши учун хизмат қилади.
Алишер МЕЛИБОЕВ,
туман Молия бўлими ходими.