Маълумки динимизда инсон саодатга етишиши учун кўплаб кўрсатмалар келтирилган. Шундай аммаллардан бири - инсон ўз нафсини поклашидир. Инсон нафсини тарбиялаб камолга етиши, унинг ҳаётида энг зарур ишлардан ҳисобланади. У қалбининг хасталиги ва унинг сабабларидан ўта зийраклик билан огоҳ бўлишга муҳтож. Нафсни ҳар хил ёмон йўлларга кириб кетишликдан тергаб, эртанги кунга нима ҳозирлаб қўяётганига эътибор қилган инсон ҳақиқий бахтли инсон ҳисобланади. Инсон нафсини тарбия қилмас экан, оқибати аянчли бўлади.
Тарихга назар соладиган бўлсак, ўтган олимларимиз, авлиёларимизнинг барчалари доимо ўз нафсларини тергаб турганлар ва барча яхшиликларнинг асоси нафсни тарбия қилишдир. Барча ёмонликларнинг асоси эса унга тобе бўлиш эканлигини таъкидлаганлар. Ҳамма вақтда ҳам нафс мавзуси энг долзарб мавзулардан бўлиб, бу тўғрисида кўплаб илмли олимларимиз мақолалар ёзганлар. Ҳатто, бу тўғрисида кўплаб рисолалар, ҳикматли сўзлар битилган.
Нафсни тарбия қилиш хусусида Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Дарҳақиқат, уни (яъни ўз нафсини-жонини иймон ва тақво билан) поклаган киши нажот топди” (Ваш-шамс, 9). Оятда инсон нафсини тақво ва иймон билан поклаш керак эканлиги таъкидланмоқда. Тақво ила ҳаёт кечирган киши саодатга эришар экан.
Нафсни тақво ила тарбия қилиш ҳақида ҳадиси шарифларда шундай дейилади - Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ва нафсив вама савваҳа, фаалҳамаҳа фужураҳа ва тақваҳа, қод афлаҳа манн заккаҳа” оятларини ўқиганларида: “Эй Аллоҳим, нафсимга тақвосини бер, Сен унинг эгаси ва мавлосисан, уни поклайдиганларнинг энг яхшисисан”, дер эдилар” (Имом Табароний ривояти). Ҳақиқатда нафсимизни поклашлигимизда Аллоҳ таолонинг ўзи мададкор, меҳрибон бўлмаса, инсоннинг ўзи нафсини тарбия қилиши мушкул вазифа экан.
Уламолар инсон ўз нафсидаги айбларни билмоқчи бўлса, бунинг тўртта йўли борлигини таъкидлашади.
Биринчиси, нафс айбларидан хабардор, ундан етадиган яширин офатлардан огоҳ шайхнинг ҳузурида бўлиш. Бунда мурид шайхни нафсига ҳакам қилади, нафс билан курашда у зотнинг кўрсатмасига тўла эргашади.
Иккинчиси, ҳақиқий содиқ, диёнатли дўст танлаш. Гўё бу дўст унинг нафси устидан кузатувчи вазифасини бажаради. Шунда у дўстининг танбеҳу маслаҳатларига қараб ўзининг аҳволу феълларидан, зоҳиру ботин хулқларидан огоҳ бўлади. Афсуски, биз ёмон хулқимиздан огоҳ этган кишидан хурсанд бўлмаймиз, тезда бу ёмон хулқдан қутилишга ҳаракат қилмаймиз. Балки, насихат қилувчига: “Ўзинг ҳам фалон-фалон ишларни қилувдинг-ку!” деб тана ёғдирамиз.
Учинчиси, нафснинг айбларидан душманининг тили орқали воқиф бўлмоқ. Негаки, ёмонлик ёмонликни намоён қилади, яъни душманнинг оғзидан чиқаётган ёмон сўзлар сендаги ёмон хулқ, ёмон феълни сўзлаётган бўлса, не ажаб! Балки айбларингни яшириб, мақтову олқишларга кўмган айёр дўстдан, ҳар бир сўзи нафратга тўла душманинг сен учун манфаатлироқдир.
Тўртинчиси, одамларга аралашмоқ, яъни халқ ичида бўлмоқ. Киши одамлар орасида бўлиб, улардан бирон ёмон феъл содир бўлганини кўрса, ўз нафсидан ҳам шу феълни изласин, ўзида ҳам шу хулқ бор деб, эътибор этсин.
Нафсни душманларнинг ичида кўринмас душманга ўхшатиш мумкин. Бу хусусида Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан шундай ҳадис келтирилади: “Душманларнинг ичида энг ашаддий ички душман – ўз нафсингдир”, дедилар. Инсон тафаккур қиладиган бўлса, сиртдан келаётган душманни кўриш ва унга тайёргарлик кўриши мумкин. Лекин, инсоннинг ичидаги душманини енгиш, яъни нафсни енгиш анча мушкул иш экан. Чунки, у инсоннинг ҳамма сир-асрорларидан хабардор бўлади. У инсон танасини ёмон ишларни қилишга ундайди. Нафс инсоннинг заиф тамонларини билиб, уни гуноҳ ишларни қилишга тарғиб этади. Шу сабабли ҳар ким ўз нафсини тафтиш қилиб, уни кузатишдан ҳаргиз бепарво бўлмаслик керак. Инсон ҳаёт экан, нафс билан бўлган савол-жавоблар ва баъзан эса ғалаёнлар сира ҳам тўхтамайди, нафс тинимсиз тарбияга муҳтож, уни бироз бўш қўйилса, у сизни дарҳол ишратга мойил қилади. Нафс туфайли одам боласи кайф-у сафони, ёмон хаёлларни яхши кўради. Зеро, унинг вазифаси шундан иборатдир. Инсоннинг ўз вужудини идора қилувчи бир бошқарувга эҳтиёжи бордир. Нафс инсоннинг шу эҳтиёжини қондиради.
Нафснинг инсонга душман эканлиги тўғрисида Суфён Саврий шундай деди: “Ўзимга нафсимдан кўра ашаддийроқ душманни кўрмадим”.Абу Аббос Мусилий нафсига қарата дерди: “Эй нафс, неъматларга бурканган бойваччалар билан бўлиб, дунёдан нима топдинг? Охират ғамида обидлар билан ибодатлар қилдинг, яна нега норозисан? Мен сен билан гўё жаннат ва дўзах орасида тутқундайман. Эй нафс, қачон фурсатни ғанимат биласан?”. Демак, кимки нафсини жиловлай олмаса, дунёга алданиб қолар, ҳаётда энг зарур бўлган вақтини беҳуда нарсаларга сарф этган бўлар экан.
Нафсни агар яна бирор нарсага ўхшатиш лозим бўлса, нафс банданинг минган уловига ўхшайди. Банда у билан ё жаннатга боради, ё дўзахга боради. У уловнинг жилови эса сабрдир. Агар банда у жиловни қўйиб юборса, нафс сени уни хоҳлаган жойга элтади”.
Ҳақиқатда, сабр билан тарбия қилинмаган нафс инсонни ҳар куйга солади. Нафс тинмасдан инсонни айшу-ишрат қилишга, молу-дунё тўплашга, турли алкагол ичимликларни истемол қилишга, шариатимиз ҳаром қилган таомларни ейишга ва ҳоказоларга тарғиб этади. Инсон эса уларни сабр ва кучли ирода ила бартараф қилиши мумкин.
Ҳа азизлар, агар биз нафсимизнинг тарбиясига эътиборли бўлсак, аввало катта-ю- кичик гуноҳлардан ўзимизни асрайлик, савобли амалларни кўпайтирайлик. Зеро, шайтон бизнинг ашаддий душманимиздир. У бизни доимо нафсга қул бўлиб, гуноҳ ишлар содир қилишимизга ундайди. Агар биз тоатда дангасалик қилсак, унинг охири гумроҳлик ва адашиш бўлади. Зеро, ҳар ким ўзининг ичидаги кўринмас бир душман билан доимо ҳисоблашиб туриши лозим. Уни қўлдан келганча ҳаромдан узоқ сақлаши, унга доимо панду-насиҳат қилиши керак. Инсоннинг ўзи англаб етиши бироз мушкул бўлган бир қанча душманлари бўлиб, улар дунё, шайтон ва нафсдир. Тақво билан дунёдан эҳтиёт бўлинади. Шайтонга қарши бўлиб, ёмонликлардан сақланилади. Шаҳватларни тарк қилиш билан эса, нафсдан ҳимояланади.
Машраб ХИДИРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-татқиқот марказининг
Диний-маърифий тадбирлар бўлими илмий ходими.