Халқаро Меҳнат ташкилоти жамиятнинг ихтисослаштирилган муассасаси бўлиб, у ижтимоий адолат тамойили, халқаро тан олинган инсон ҳуқуқлари ва энг асосий меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини илгари суришни ва ҳимоялашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Халқаро Меҳнат ташкилоти томонидан бугунги кунга қадар 189 та Конвенция ва 202 та Тавсия қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Халқаро Меҳнат ташкилотига 1992 йил март ойида аъзо бўлиб, ҳозирга қадар мазкур ташкилотнинг 14 та Конвенцияси Ўзбекистонда ратификация қилинган. “Зўраки ёки мажбурий меҳнат тўғрисида”ги 29-сонли Конвенцияда ҳар қандай шаклдаги зўраки ёки мажбурий меҳнат қўлланишини бартараф этиш юзасидан мажбуриятлар киритилган. Шу масалага оид яна бир асос солувчи Конвенция “Мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисида”ги 105-сонли Конвенция бўлиб, унда зўраки ёки мажбурий мехнатга жалб қилиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги 349-сонли “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилинган . Сўнги пайтларда барча даражадаги ҳокимлар томонидан бюджет ташкилотлари ходимларини ҳудудларни ободонлаштириш ишларига мажбурий жалб қилиш шаклида меҳнат қонунчилиги нормаларини бузиш билан боғлиқ айрим ҳолатлар кузатилганлиги, мансабдор шахсларнинг хизмат мавқеини суистеъмол қилиши, ходимларини қўрқитиш, уларга нисбатан ҳақоратли сўзлар ва ҳаттоки, куч ишлатиш ҳолатлари ҳам қайд этилганлиги сабабли мазкур қарорнинг қабул қилинишига сабаб бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 38-моддасига мувофиқ, ёлланиб ишлаётган барча фуқаролар дам олиш ҳуқуқига эгадирлар. Иш вақти ва ҳақ тўланадиган меҳнат таътилларининг муддати қонун билан белгиланган. Ушбу қоида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида кенг ёритилган бўлиб, унга кўра, ишнинг тугаши билан кейинги куни иш бошланиши ўртасидаги кундалик дам олиш вақтининг муддати 12 соатдан кам бўлиши мумкин эмас. Дам олиш кунларида иш вақтидан ташқари вақтда ишлатиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 7-моддасида Мажбурий меҳнатнинг тақиқланиши белгиланган, яъни “Мажбурий меҳнат, яъни бирон бир жазони қўллаш билан тахдид қилиш орқали ( шу жумладан меҳнат интизомини сақлаш воситаси тариқасида) иш бажаришга мажбурлаш тақиқланади ”, дейилган.
Мамлакатимиз ҳудудида мажбурий меҳнатга жалб этишни тақиқлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси белгиланган бўлиб, унга кўра қонунда назарда тутилган ҳолларни истисно этганда, меҳнатга бирон бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно - Республикада белгиланган базавий тариф ставкасининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу модданинг биринчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни вояга етмаган шахсга нисбатан содир этиш - Республикада белгиланган базавий тариф ставкасининг етмиш бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Болалар меҳнати – бу болаларни болалигидан, инсоний қадр-қимматидан, интелектуал салоҳиятини ривожлантириш имкониятидан маҳрум қилувчи ҳамда жисмоний ва ақлий ривожланишига зарар етқазувчи ишлардир.
Ўзбекистон Республикасида “Болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари тўғрисида”ги 1999 йилдаги 182-сонли Конвенцияси 2008 йил 8 апрелда ва “Энг кичик ёш тўғрисида”ги 1973 йилдаги 138-сонли Конвенцияси 2008 йил 4 апрелда ратификация қилинган. Ушбу Конвенциялар, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси ва ҳукуматимизнинг қонун ва қарорлари давлатимизда болалар ҳуқуқуқини ҳимоя қилишга хизмат қилиниб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти 2021 йил 12 февралдаги ЎРҚ- 673-сонли Ўзбекистон Республикасининг айрим кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киртилиши назарда тутувчи Қонунни имзолади.
Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига киритилган қўшимчаларга кўра,16 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахсларнинг 18 ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлгани ҳолда уни мулкий манфаатдор этиш орқали у билан жинсий алоқа қилганлиги учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Ушбу жиноятни содир этган шахсга икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин.
Шунингдек, вояга етмаган шахсни ғайриқонуний жамоа бирлашмалари ва диний ташкилотлар, оқимлар, секталар фаолиятида қатнашишга ундаганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Ушбу жиноятни содир этган шахсга 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин.
Қонун билан Ўзбекстон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Ўзбекистон Республиаси Жиноят кодексларига киритилган ўзгаришларга кўра вояга етмаган шахсни меҳнатга бирор-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаган шахс тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланди. Илгари маъмурий жазо қўлланилгандан сўнг, такроран содир этилган тақдирда, жиноий жавобгарлик белгиланган.
Иш берувчи томонидан вояга етмаганларни мажбурий меҳнатга жалб қилганлик тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг +998-71-200-06-00 рақамли “Ишонч телефони”га, қисқа 1176 рақамига, шунингдек телеграм мессенжеридаги @ mehnathuquq_bot манзилига йўллашингиз мумкин. Шу билан биргаликда Булунғур туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторига мурожаат қилсангиз, сизнинг меҳнатга оид ҳуқуқларинингиз қонун билан ҳимоя қилинади.
Нодира ҲАСАНОВА,
Давлат меҳнат-ҳуқуқ инспектори.