Мақоламиз қаҳрамони Бахтиёр Эшмуродов табиат шайдоси. У ёшлигидан тоза ҳаво - табиат қўйнида бўлиб, балиқ овини яхши кўрарди. Шу сабаб у дам олиш кунлари уззу-кун қармоқ билан балиқ овларди...
Бахтиёр Эшмуродов пенсияга чиққач, уйда жимгина ўтираолмади. Президентимизнинг балиқчиликни ривожлантириш тўғрисидаги қарор ва фармонлари асосида табиат қўйнида балиқчиликни ривожлантиришга қарор қилди.Таниш-билишлари, балиқчилик мутахассислари, маҳалла фаоллари билан маслаҳатлашиб, туманимизнинг энг олис масканларидан бири - Равотхўжа массивидаги табиат қўйнида, пишқириб оқаётган катта Мирзаканал канали ва Зарафшон дарёси оралиғидаги очиқ майдонда “Баҳромжон Бахтиёров” МЧЖ шаклидаги балиқчилик хўжалигига асос солди.
-Дастлаб атрофи тўқайзордан иборат бўлган бу жойда узунлиги 100 метр, эни 50 метрдан иборат бўлган бу табиий ҳовузни тартибга келтирдик, - дейди тадбиркор Бахтиёр Эшмуродов. - 2020 йилнинг баҳорида сазан, толстолоб, оқ амур каби балиқ уруғларини Каттақўрғон балиқчилик хўжалигидан шартнома асосида олиб келиб, шу ҳовузда парваришладик. Балиқларни боқиш ва парваришлаш сирларини тажрибали блиқчилардан ўргандим. Балиқлар табиий ва махсус ем билан боқилди. Натижа ёмон бўлмади. 26 тонна балиқ олдик. Балиқларни реализация қилиш мақсадида балиқ боқиладиган ҳовуз ёнида енгил конструкцияли “мини ошхона” ташкил этдик. Шу боис Хўжамазгил маҳалласи фуқароларидан 5 нафар киши доимий иш билан таъминланди. Булунғур - Равотхўжа катта автомобиль йўлидан Тожикистон Республикаси фуқаролари, туристлар, қўшни Жиззах вилояти ҳамда вилоятимизнинг Тайлоқ, Ургут туманларидан ўтган йўловчилар балиқхонамиз ва “мини ошхона” меҳмони бўлиб ўтишади. Балиқлар хўрандалар хоҳишига қараб пишириб берилади. Баъзи йўловчилар тирик балиқ олиб кетишади. Тоза сувда боқилган балиқлар ширин бўларкан. Шу сабаб биринчи йилда етиштирилган балиқларимиз шу ернинг ўзида сотилди.
- Кимсасиз, ҳувиллаб ётган жойда балиқ боқиб, аҳолига ва йўловчиларга қулай шароитлар яратиб берган Бахтиёр аканинг хизматидан миннатдормиз, - дейди йўловчи хўрандалардан бири, 60 ёшли Собир Сатторов. - “Мини ошхона”да оиламиз аъзолари билан меҳмон бўлдик. Бу ерда тайёрланган, пиширилган балиқлар таъми тилимизда қолди.
- Балиқчиликни, туризмни ривожлантириш мақсадида замонавий техникалар ёрдамида ҳудудимиздаги бутазор, қум ва тошлоқдан иборат бўлган майдонда узунлиги 100 метр, эни 50 метр ва чуқурлиги 2 метрдан иборат бўлган ҳовуз бунёд этилди. Ҳовузга Зарафшон дарёсининг суви қуйилади. Келгусида бу ерда қурулиш материаллари бўлган плитка, шлакаблок, шпалер ишлаб чиқаришни режалаштирганмиз. Шу боис яна 10 нафар киши доимий иш билан таъминланади, - дейди суҳбатдошимиз суҳбат сўнгида. - Қаловини топса қор ёнади, - деб бежиз айтилмаган. Излаган имкон топади. Узоқ юртларда иш излаб юрганларга қунт қилса ўзимизда ҳам иш топилар экан. Бундан тўғри хулоса чиқарган инсон ҳеч кимдан кам бўлмайди.
Раббим ҲОТАМОВ.