Ҳар йили янги йилни кутиб олиш, нишонлаш арафасида бозорларимизда савдо қилувчилар ҳам, харидорлар ҳам ҳар қачонгидан кўп бўлади. Харидорлар байрам дастурхони учун кўпроқ ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилиш истагида бўлишса, сотувчилар маҳсулотларини кўпроқ ва қимматроқ сотишга ҳаракат қилишади.Бироқ, сотувчилар орасида шундай уддабуронлари ҳам борки, улар нафақат маҳсулотларини қимматроқ сотиш, балки янада кўпроқ даромад орттириш илинжида, тақиқланган маҳсулотларни ҳам сотиб қолишга уринишади. Ана шундайлардан бири А. Ш. у туман марказидаги хўжалик моллари дўконида савдо фаолияти билан шуғулланиш баробарида ноқонуний равишда пиротехника воситалари савдоси билан ҳам шуғулланиб келган. Унинг бундай ноқонуний савдоси туман ҳудудида олиб борилаётган “Комплекс махсус тезкор профилактик тадбир” мобайнида аниқланиб, Қирғизистон давлатида ишлаб чиқарилган, жами 68 (олтмиш саккиз) қути (ҳар бир қутида 65 тадан), умумий миқдорда 4420 (тўрт минг тўрт юз йигирма) дона “ТРЕНИЯ” номли пиротехника воситалари далилий ашё сифатида холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинди.
Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар бўйича тезкор суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.
Қаҳрамон ҚОБИЛОВ,
туман ИИБ ТЭҚКГ катта тергов вакили, майор.