Пиёзнинг шифобахш хусусиятлари жуда кўп. Илмий тиббиётда пиёз ўсимлигининг доривор воситалари: настойка (аллилген), аллилглицер (пиёз бош экстракти билан глицерин аралашмаси), ичак атонияси, колит, атеросклероз, гипертониянинг баъзи турлари, авитаминоз (цинга ва бошқа касалликлар)ни даволаш учун ишлатилади.
"Ўзбекозиқовқатхолдинг" компаниясининг таъкидланишича, Ўзбекистон ички ва ташқи бозорларга етарли даражада пиёз етказиб бериш салоҳиятига эга, бозорларимиз тўлиқ пиёз маҳсулотлари билан таъминланган, шундай экан, деҳқон ва фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган ушбу сабзавот турини дунё бозорига чиқариш айни муддао.
Албатта шу ўринда Самарқанд вилоятида жонбозлик кўрсатаётган экспортчи корхоналар фаоллигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Қувонарлиси шуки, ушбу ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари дунё бозорларида ўз маҳсулотлари билан аллақачон ўрин эгаллашган.
Хусусан, жорий йилнинг бугунги кунига қадар вилоятдан хорижга умумий қиймати 4 344,8 минг АҚШ доллари бўлган вазни қарийб 28,5 минг тонна пиёз маҳсулотлари экспорт қилинган.
Маълумот тариқасида шуни айтиб ўтиш жоизки, бугун вилоятнинг 73 тага яқин корхоналари томонидан пиёз маҳсулотларини экспорт қилиш йўлга қўйилган.
Экспорт қилинаётган пиёз маҳсулотлар кўламини давлатлар мисолида кўрадиган бўлсак, асосан қиймати 2379,2 минг АҚШ доллари, вазни 15,9 минг тоннага тенг Ироқ, қиймати 950,4 минг АҚШ доллари, вазни 5, минг тоннага тенг Туркмения, қиймати 240,6 минг АҚШ доллари, вазни 1,9 минг тоннага тенг Грузия ва қиймати 202,5 минг АҚШ доллари, вазни 1,6 минг тоннага тенг Афғонистон давлатлари улушига тўғри келиб, бундан ташқари яна 17 давлатнинг савдо расталаридан ўрин олмоқда.
Экспортёр корхоналар бу билан чекланиб қолмай, пиёз маҳсулотларининг экспорт географиясини янада кенгайтириш бўйича зарур чоралар кўрилаётганини таъкидлашмоқда.
Ўз ўрнида ҳар бир корхонанинг экспорт операцияларини амалга ошириш жараёнларини қисқа вақт мобайнида божхона расмийлаштирувидан ўтказиш борасида божхона ходимлари томонидан 24 соат давомида яқиндан ёрдам кўрсатилмоқда.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати