Ишбилармон-тадбиркорлар фаолияти, улар амалга ошираётган эзгу ишлари ҳақида кўп эшитганман, матбуот саҳифаларида ўқиганман, “зангори экран” орқали кузатиб бораман. Уларнинг ишларига ҳавасим келиб, мен ҳам тадбиркор бўлиб Ватаним-элимга, сидқидилдан хизмат қилиб, элим деб, юртим деб ёниб тер тўксам, деган ниятда турмуш ўртоғим Баҳодир Раҳимов билан биргаликда бел боғлаб ишга киришдик. 30 сотихли ҳовлимизда паррандачилик билан шуғулланиб, 450 бош бройлер товуқлари ва 100 бош курка боқаяпмиз. Бундан мақсад, туманимиз аҳолисини арзон парҳез гўшт маҳсулотлари ва тухум билан таъминлаш, бозорларимизни тўкин этишдан иборат. Паррандачилик сирларини Тошкент, Фарғона вилоятлари ҳамда қўшни Тожикистонда паррандачилик билан шуғулланаётган тадбиркорлардан ўрганиб келдик. Ҳамкасбларимиз товуқ, курка, ғоз, ўрдак билан бирга туяқуш ҳам боқишаётган экан. Уларга ҳавас қилиб шу ишга қўл урдик. Машинамизни сотиб, пулига бройлер товуқлари ва курка сотиб олдик. Товуқ ва курка жўжаларини ҳам ўзимиз уйда кўпайтириш мақсадида Россия пойтахти Москвадан “РЭМИЛ” русумли инкубатор аппаратини сотиб олдик. Унда 21 кунда бир йўла 500 дона товуқ тухуми ва 30 кун деганда 100 дона индук тухумидан жўжа очиш имконияти мавжуд. Келгусида паррандачиликни янада ривожлантириш мақсадида ҳовлимиз четидан махсус паррандахона қуриб, туяқуш ҳам боқиш ниятидамиз. Мутахассисларниг айтишича, бир бош туяқуш 150 килограммгача гўшт маҳсулоти берар экан. Мана шу ишларни амалга ошириш ниятида тадбиркорларга берилаётган имкониятлардан фойдаланиб, 200 миллион сўм кредит олиш мақсадида тегишли ҳужжатларни тайёрлаб, “Микрокредит” банки туман филиали бошлиғига учрашдик.
- Гаровга бирор нарса қўйиш керак, - деди банк бошлиғи.
- Гаровга қўядиган ҳеч нарсамиз йўқ, - дедим.
- Унда ҳокимиятга учрашинг, - дейишди.
Ҳокимиятдагилар:
- Банкга боринг, бу ишни улар ҳал қилади, - дейишди.
3 ойдан буён кредит ололмай сарсон бўлиб юрибмиз. Ишимиз қачон ҳал бўлишини кутаяпмиз.
Сурайё ОЧИЛОВА,
“Мингтепа” МФЙда яшовчи тадбиркор.
.
Суратда: тадбиркор Сурайё Очилова инкубатор аппарати билан.