Бугунги пандемия деярли барча соҳаларга ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади. Шундай бўлсада инсоният белгиланган карантин қоидаларига амал қилган ҳолда фаолият олиб боришмоқда.
Мамлакатимиз иқтисодиётида чорвачилик соҳаси ҳам асосий бўғинлардан бири ҳисобланади. Чорвачилик соҳасида меҳнат қилаётганлар аҳолининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжларини қондириш, ички бозорларни чорвачилик маҳсулотлари билан таъминлашда хизматлари беқиёс. Ушбу соҳа ҳам муҳим саналганлиги боис ҳукуматимиз томонидан соҳани янада ривожлантириш учун бир қанча қарорлар қабул қилинди. Соҳада фаолият олиб бориш истагида бўлган фуқаролар учун барча шароитлар, имтиёзлар яратиб берилаётганлиги туфайли уларнинг сафи кундан-кун ортиб бормоқда.
Айни пайтда туманимиз аҳолисини чорвачилик маҳсулотлари билан таъминлаш борасида мавжуд26 та қорамолчилик, 3 та қўйчилик, 4 та асаларичилик, 9 та паррандачилик, 4 та йилқичилика ихтисослашган фермер хўжаликлари, деҳқон хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари ишчи-хизматчиларининг ҳам хизматлари беқиёс. Улар меҳнатлари самараси ўлароқ жорий йилнинг биринчи ярмида гарчи бирмунча қийинчиликларга дуч келишсада зиммаларидаги режалар ортиғи билан уддаланди. Жумладан, туманимиздаги барча тоифадаги хўжаликлар чорвадорлари гўшт ишлаб чиқаришни 7433,2 тоннага етказишиб, режа 103,5 фоизга ошган бўлса, сут ишлаб чиқаришни 39012 тоннага бажаришиб, режа 102,6 фоизга, 30102,9 дона тухум ишлаб чиқарилиб, режа 111,6 фоизга, асал 7,3 тоннага бажарилиб, режа 101,4 фоизга уддаланди. Айниқса қорамолчиликка ихтисослашган Муҳаммад Шодмонов раислик қилаётган “Мустафоқул полвон” фермер хўжалиги ва Асатилло Хажимуродов раислик қилаётган “Зарбдор зар замини” фермер хўжалиги, балиқчиликка ихтисослашган “Тиғириқ балиқлари” фермер хўжалиги (раиси Орифхон Исахонов), “Бегзод Абдунабиевич” фермер хўжалиги (раиси Бегзод Умаров), паррандачиликка ихтисослашган “Грант файз нур” фермер хўжалиги (раиси Мавлуда Ярқулова, “Амирбек Шахбоз” фермер хўжалиги (раиси Шахбоз Маннонов)лар сифатли чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариб, режаларини ортиғи билан уддаб, бошқаларга ибрат бўлишмоқда.
Туман “Чорванасл” маркази мавжуд чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ушбу фермер хўжаликларига чорва молларини сунъий уруғлантириш ва моллар зотини яхшилашда, иш фаолиятини янада кенгайтиришни режалаштирган фермер хўжаликларига қўшимча ер майдонлари ажратилишида, кредит олиш масаласида ҳар томонлама амалий кўмаклар бериб келишмоқда.
Соҳага эътибор кучайганлиги ҳамда яратиб берилаётган шароитлар туфайли туманимизда чорва моллари ва паррандалар бош сони ортиб, сифатли ва арзон чорва маҳсулотлари ишлаб чиқаришга эришилмоқда. Жумладан, ўтган йилни жорий йилнинг шу даврига нисбатан солиштирадиган бўлсак чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларида йирик шохли қорамоллар сони 1546 тадан 1731 тага, сигирлар сони 465 тадан 603 тага, қўй-эчкилар 1286 тадан 2715 тага, паррандалар 89909 тадан 93009 тага етказилди.
Соҳада бундай ютуқларга эришилишида чорвачилик хўжаликларида меҳнат қилаётганларнинг тумандаги чорва мутахассислари билан бамаслаҳат иш юритиб, белгиланган рацион асосида иш юритишаётлиги, ҳамда ўз вақтида қишловга пухта тайёрларлик кўришаётганликлари, чорва моллари ва паррандалар соғлигини мунтазам ветеринар кўригидан ўтказиб туришганлигидадир.
Туманимиз чорвадорларининг асосий мақсадлари йил бўйи халқимиз дастурхонини сифатли, арзон гўшт ва гўшт маҳсулотлари, сут, парранда ва балиқ гўшти, тухум, асал каби чорвачилик маҳсулотлари билан таъминлашдан иборат.
Абдуманон ПЎЛАТОВ,
туман “Чорванасл” маркази мутахассиси.