бунда ички ишлар органларининг жамоатчилик билан ҳамкорлигининг ҳуқуқий асослари
Қонун чиқарувчи одам савдосига қарши кураш борасидаги ривожланган демократик мамлакатларда татбиқ этилган илғор тажрибалар ва одам савдоси учун жавобгарликни белгиловчи жиноят қонунчилигининг нормаларини чуқур ўрганиш асосида «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 17 апрель қонунини қабул қилди[1]. Ушбу қонун 4 боб, 17 моддадан иборат.
Қонуннинг 1-боби (1–4-моддалари) умумий қоидаларга бағишланган бўлиб, унда ушбу қонуннинг мақсади, одам савдосига қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, қонунда қўлланилган асосий тушунчаларнинг таърифи, одам савдосига қарши курашишнинг асосий принциплари белгиланган.
Унга кўра, ушбу қонуннинг мақсади одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Қонунда қўлланилган қуйидаги асосий тушунчаларга таъриф берилди:
Одам савдосига қарши курашиш – одам савдосининг олдини олиш, уни аниқлаш, унга чек қўйиш, унинг оқибатларини минималлаштириш, одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича фаолият;
Одам савдоси – куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд бошқа мажбурлаш шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун уни тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш орқали одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш. Одамлардан фойдаланиш бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланишни ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг бошқа шаклларини, мажбурий меҳнат ёки хизматларни, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатларни, эрксиз ҳолат ёхуд инсон аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олишни англатади;
Одам савдоси билан шуғулланувчи шахс – мустақил равишда ёки бир гуруҳ шахслар таркибида одам савдоси билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракатни содир этувчи жисмоний ёки юридик шахс, шунингдек ўз ҳаракатлари билан одам савдосига кўмаклашадиган, худди шунингдек гарчи ўз мансаб ваколатларига кўра тўсқинлик қилиши ва қарши курашиши шарт бўлса ҳам одам савдосига тўсқинлик қилмайдиган ёки қарши курашмайдиган мансабдор шахс.
Одам савдосига қарши курашиш қуйидаги асосий принципларга асосланади:
– қонунийлик;
– одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар жавобгарлигининг муқаррарлиги;
– одам савдосидан жабрланганларнинг камситилишига йўл қўймаслик;
– ижтимоий ҳамкорлик.
Қонуннинг 2-боби (5–8-моддалари) одам савдосига қарши курашишни ташкил этишга бағишланган бўлиб, унда одам савдосига қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари ва уларнинг одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги ваколатлари белгиланган.
Нурмуҳаммад НОРАЛИЕВ,
Самарқанд ҳарбий прокурорининг катта ёрдамчиси,
адлия катта лейтенанти.